Home /   / Бугунги тўқчилик замонида оилалар нега мўртлашиб кетаяпти?

Бугунги тўқчилик замонида оилалар нега мўртлашиб кетаяпти?

Юксак савияли жамиятни мустаҳкам оилаларсиз қуриб бўлмайди. Шу маънода, Ислом дини кишилик жамиятининг бошқа барча жабҳалари қаторида оила масаласига алоҳида аҳамият қаратган. Шунинг учун ҳам динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида эътибор беради, уни муқаддас даргоҳ, деб тавсия қилади.

Оилани муқаддас даргоҳ, дея бежиз атамадик. Айнан оиласида бахт топган одам ҳақиқий бахтиёр одамдир. Кўчада сўзи, ҳурмати баланд одамнинг оиласида, рўзғорида ўрни йўқ бўлса, уни бахтиёр деёлмаймиз. Кимлигимиз даражамиз, мансабимиз ёки пул, молу дунё билан эмас, оиладаги мақомимиз билан белгиланади.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга етишади. Иймон, эътиқод ва миллий қадриятлардан йироқ оилалар эса бахтсизликка учрамоқда. Айниқса, бугунги кунда кўр-кўрона ғарбга тақлид ва «оммавий маданият» каби маданиятсизлик ботқоғига шўнғиган кишилар ҳаётида бу нарсалар яққол намоён бўлмоқда.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бор. Мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлмоғи лозим. Аёл эрига итоатли бўлиши лозимлиги оила мустаҳкамлигининг муҳим омилларидан бўлиб, динимиз талабидир. Бу талаб ҳадиси шарифда қаттиқ таъкидланиб, шундай баён қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор кишини бошқа бир кишига сажда қилишга буюрганимда, албатта аёлни эрига сажда қилишга буюрар эдим», дедилар (Имом  Термизий ривоят қилган).

Итоат, мажбурликдан қўрқиб ёки бошқа бирор босимдан эмас, балки тушуниб, ҳаётдаги ўрни, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоати бўлиши лозим.

Шундай бўлгани ҳолда, афсуски, бугун бизни хавотирга солаётган бир иллат оилавий ажримлар ва унинг салбий оқибатларидир.

Шукр, бугун тўқчилик, шоду хуррамлик. Бундан 30-40 йиллар аввалги оилалар билан бугун қурилаётган оилалар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Илгари оналаримиз 4 та кўрпача, 1 та сандиқ билан келин бўлишган. Лой сувоқ уйларда, бўйра устида кун кечиришган. Лекин “фалончининг келини кетиб қолибди”, деган гап деярли бўлмаган. Аммо бугунги тўқчилик замонида оилалар мўртлашиб кетяпти.

Ким айбдор бўлишидан қатъи назар, ажрашаётган эр-хотин бу билан ҳеч бўлмаганда ўзларининг обрўлари тўкилишини ўйлаб кўришмайдими? Хотин қўйган йигитнинг обрўси ошадими?  Ёки, эрдан қайтган хотиннинг даражаси кўтариладими? Иккаласининг ҳам даражаси пасайиб кетади. Шу билан бирга, ажрашган эр-хотиннинг ота-онасига бўлган илиқлик ҳам пасаяди.

Оила ажрашганда ким фойда қилади? Ҳеч ким. Ҳар икки томон — ғалаба қозонган ҳам, мағлубиятга учраган ҳам зарар кўради. Ўртада фарзандлар сарсон бўлгани етмаганидек, тирик етим бўлишади.

Яқинда бир оилавий ажримда иштирок этишга тўғри келди. 61 ёшли қайнона уларнинг бирга яшашига қарши. “Болаларни бўлиб оламиз. Биттасини катта бўлганича боқиб бераман. Иккинчисини ана, онаси боқиб олсин. Яшаттирмайман!”, дейди. Икки болани ота-онасидан айро ҳолда яшаттираман, дейдиган онани ким деб аташ мумкин? Орияти, имони бор, Худодан қўрқадиган одам шу гапни гапирадими? Бола бирор маҳсулот эмаски, бўлишиб оладиган!

Ажралишга фақат иккита сабаб бўлиши мумкин. Биринчиси, агар оилада фарзанд бўл­маса. Иккинчиси эса аёлнинг хиёнати. Бошқаси сабаб бўл­майди. Масалан, Нуҳ алайҳиссалом кофир аёл билан, Осиё онамиз эса Фиръавн билан яшаган. Улар ажрашиб кетишмаган-ку!

Азизлар, 10 яшар қизимизни бугундан келинликка тайёрлашимиз керак. Бирор нарса олиб беришни сўраса, “Пулим йўқ эди, бир ҳафтадан кейин олиб бераман” дейилса, хато бўлмайди. Қизча бир ҳафта сабр қилади. 20 ёшга етиб, келин бўлганида ҳам эрига бирор нарса олиб беришни сўраса-ю, эри бир ҳафта кутишни айтса, сабр қилади.

Агар ота-онаси айтган нарсасини муҳайё қилиб берган бўлса-чи, эридан озроқ кутгин, деган жавобни эшитиб, сабр қилармикан? Жанжал бошланади.

50 йил тинч-тотув, бахтли ҳаёт кечирган бир онахондан бунинг сирини сўраганимизда, у қуйидагича изоҳлаган эди:

— Оиланинг саодати, бахти аввало, аёлнинг ақлу-заковатига боғлиқ. Бу бахт пазандачилик, кўп фарзандли бўлиш ёки бой-бадавлат бўлиш орқали топилмайди. Масалан, хожамнинг жаҳли чиқса, чуқур ҳурмат билан сукут қилдим. Ҳокисорлик билан гапларини тасдиқлаб турдим. У кишига ҳеч қачон масхаромуз ёки ғазаб билан қарамаганман.

— Агар эрингиз ноҳақ бўлса, шундаям сабр қилармидингиз. Ёки ундан аразлармидингиз, — деб яна сўрадик.

— Агар аёл эридан бир ҳафта аразлаб юрса-ю, эри унинг кўмагидан бебаҳра бўлиб, эҳтиёжларини ўзи бажарса, шунга ўрганиб қолади. Сизга эҳтиёжи қолмайди. Хожамнинг жаҳли чиқса, индамай юрардим. Бир-икки соатдан кейин чой дамлаб кирардим. “Мендан хафамисан”, деб сўрардилар. “Йўқ”, дер эдим. У киши ўзимни тутишим, одобимдан уялардилар ва мендан узр сўрардилар.

— Шунча уришсалар-да, индамай кетсангиз, сизнинг ғурурингиз қайда қолди? — деб яна сўрадик.

— Менинг ғурурим эримнинг ризолигида, ўзаро муносабатда хотижамликка эришишда. Эр ва хотин ўртасида ғурур бўлмайди. Аёл киши болалигида отасига жаннат эшигини очади. Келин бўлгач, эрининг имонини тўлдиради. Фарзандли бўлганида эса жаннат унинг пойида бўлади. Мен бир умр шу тамойил билан бахт топдим.

Бизнинг оналаримиз мана шундай яшашган. Оталаримиз эса оила саодатини энг катта саодат деб билишган.

Ота-она фарзандининг тўйини дабдаба билан ўтказиши, уйларини чиройли безатиб бериши мумкин. Аммо ҳаётини бекаму кўст қилиб беролмайди. Бу ота-онанинг қўлидан келмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, бугунги кунда оилавий можаролар гирдобига тобора ботиб бораётган Ғарб­дан фарқли ўлароқ, минг йиллар олдин иймон-эътиқодли аждодларимиз томонидан тамал тоши қўйилган, ишонч ва поклик устига барпо қилинган «Оила» деган муқаддас даргоҳда, ким бўлишимиздан қатъи назар, ҳар бир оила аъзоси, зиммамиздаги белгилаб берилган вазифаларга масъу-лият билан ёндашсак, келгуси авлодларга ҳам бахтли оила қуришларига замин тайёрлаган бўлардик.

Раҳимберди домла РАҲМОНОВ,

Тошкент шаҳар бош имом хатиби

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: