Home / Тавсия этимиз / Бугун асрамасак, эртага кеч бўлади

Бугун асрамасак, эртага кеч бўлади

Юртимиз ер майдонининг тўртдан бир қисми ўрмон фонди ҳисобланади. Фонднинг 300 дан ортиқ ўсимлик ва 180 дан ортиқ ҳайвон турлари «Қизил китоб»га киритилган бўлиб, улардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муносабатлар тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, улардан фойдаланиш ва кўпайтириш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, Ўрмон хўжалиги ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари томонидан амалга оширилади.

Бугунги кунда соҳада кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган даврда 47 минг гектар янги ўрмонлар барпо этилди. 263 тонна турли дарахт ва бута уруғлари тайёрланиб, 700 гектардан ортиқ майдондаги кўчатхоналарда 41 миллион дона ниҳол ва кўчатлар етиштирилди.

Ўрганишларда соҳада ижобий ишлар билан бирга айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилгани маълум бўлди. Жумладан, ўзаро ҳисоб-китоб­ларнинг вақтида амалга оширилмагани, товарлар, ишлар ва хизматларнинг ҳақини ундириш чоралари кўрилмагани оқибатида дебитор қарздорлик 14,7 миллиард сўмни ташкил этган. 29,6 минг гектар ер майдони юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Шундан 23,5 минг гектар ер майдони ўрмон фондига қайтариб олинган.

Айрим мансабдор шахслар томонидан ўрмон ер фондлари талон-торож қилинган. Масалан, Самарқанд давлат ўрмон хўжалиги, Самарқанд туман ҳокимлиги ва бошқа мансабдор шахслар мансаб ваколатидан фойдаланиб, ҳужжатларни сохталаштирган ҳолда 57,9 гектар майдонни фуқароларга ноқонуний равишда бериб юбориб, ўрмон хўжалиги манфаатига 1,4 миллиард сўмлик зарар етказишган.

Бундан ташқари, ўтган йилда 566 та ҳолатда ўрмон хўжаликларидаги дарахтлар ноқонуний кесилиб, ўсимлик дунёси 1,1 миллиард сўмлик зиён кўрган.

Қўмита ва унинг тизимидаги ўрмон инспекторлари томонидан 1 490 та ҳолатда (566 та ноқонуний дарахт кесиш, 718 та мол боқиш, 26 та ноқонуний ов қилиш, 180 та бош­қа ҳолатлар) ўрмон фондига 3,6 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланган бўлса-да, мутасадди раҳбарлар зарарни ундириш чораларини кўрмаган.

Шунингдек, хўжаликларнинг мансабдор шахслари томонидан боғдорчилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 183 нафар фуқарога пудрат шартномаси асосида берилган ер майдонларидан 757 миллион сўм даромад олинган бўлса-да, 57 миллион сўм миқдоридаги даромад солиғи тўланмасдан, давлат ва жамият манфаатларига кўп миқдорда моддий зарар етказилган.

Поп ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари хўжаликка қарашли боғ ва экин майдонлари учун тузилган пудрат шартномаларини “Давлат мулкини ижарага бериш марказ”лари орқали рўйхатдан ўтказмаганликлари оқибатида, маҳаллий бюджетга ҳамда хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жам­ғармасига тўланиши лозим бўлган 165 мил­лион сўм миқдордаги маблағни тўлаб бермаган.

Бундан ташқари, тизимда доривор ва озуқабоп ўсимликлар хомашёсини етиштириш, тайёрлаш ҳамда улардан мақсадли фойдаланиш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани сабабли доривор ўсимликларни экспорт қилиш чоралари умуман кўрилмаган. Экспортбоп маҳсулот етиштириш учун моддий-техник база такомиллаштирилмаган, қадоқлаш ва сақлаш учун зарур бино ва иншоотлар ҳамда логистика тизими ташкил қилинмаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан соҳа мутасаддиларига нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

 

Шавкатжон РАҲИМОВ,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: