Home /   / Бозорлар – юрт кўрки

Бозорлар – юрт кўрки

Бугун юртимизда рўй бераётган ўзгаришлардан кўнгил қувнайди. Беихтиёр шаҳар ва туманларимизнинг ўттиз-қирқ йил аввалги қиёфаси кўз ўнгимизда гавдаланади. Эътиборсиз қолдирилган айрим ҳудудларда одамлар ҳаминқадар кун кечирарди.

Тоза сув танқислиги, электр таъминотидаги мунтазам узилишлар, умуман айтганда, яшаш учун шароит йўқлиги туфайли одамлар қийналиб ҳаёт кечиргани ҳам айни ҳақиқат. Бугунги кунда олиб борилаётган халқчил сиёсат нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам ўз ифодасини топиб, янгиланишлар кўлами кенгайиб бормоқда.

Халқимизда бир гап бор: “Агар юрт­нинг маъмурчилигини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорларини кўр”.

Чиндан ҳам бугун юртимиз бозорларидаги шароит тубдан ўзгарган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “2017 – 2019 йиллар даврида деҳ­қон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига биноан кўп ишлар қилинди, бундан халқимиз шод.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Наманган вилояти бош­қармаси ходимлари томонидан ҳудуддаги бозорлар инфратузилмасини ривожлантириш, харидорлар ва сотувчиларга қулайликлар яратиш борасида бир қатор ишларга қўл урилди.

Бошқарма ходимлари айниқса ҳафтада бир марта бўладиган бозорларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Улар атрофлича ўрганилиб, ҳам харидорлар, ҳам сотувчиларга етарли шароит яратиш чоралари кўрилаяпти. Шунингдек, “даладан истеъмолчига” тамойили асосида, халқ тили билан айтганда олибсотарларни эмас, айнан деҳқонларнинг ўзини бозорга кенг жалб этиш, ҳар томонлама қўллаш масаласи устуворлик касб этмоқда.

Поп туманидаги “Ғурумсарой деҳ­қон бозори” МЧЖ туман ҳокимининг 1998 йил 18 ноябрдаги 1462-қарори билан ташкил этилган. Ушбу бозорга 2,99 гектар ер ажратилган.

Ғурумсарой қишлоғида жойлашган мазкур бозор озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга ихтисослашган бўлиб, туманнинг Тош­қўрғон, Ғурумсарой, Боғ, Миришкор ва Янгичек маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 13863 кишига хизмат кўрсатади.

Дастлаб ўрганилганда бозорнинг инфратузилмаси замон талабига жавоб бермаслиги, харидор ва сотувчиларга тўлиқ шароит яратилмагани аниқланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳатто айрим ҳолатларда озиқ-овқатлар ҳам ерга қўйилган ҳолда гигиеник талабларга зид равишда сотилган. Расталардаги ҳолат ҳаминқадар бўлганидан кейин чорасизлик шунга мажбур қилган.

Амалий ишга киришилди, департаментнинг вилоят бошқармаси ташаббуси билан бозорни таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди.

Мазкур лойиҳа асосида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Бозор ҳудуди асфальтланиб, ерларга ишлов берилди. Расталар қайтадан бунёд этилди. Бир сўз билан айтганда, харидор ва сотувчилар учун қулайлик яратилди.

Қурилиш ва ободончилик ишлари якунига етгач, мазкур бозорда Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятида фаолият юритувчи бир кунлик бозорлар раҳбарлари, шунингдек, департамент ходимлари иштирокида семинар ўтказилиб, қилинган ишлар мисолида тажриба алмашилди.

Бу каби эзгу ишлар Чуст туманидаги “Барака Олмос бозори” МЧЖ ҳудудида ҳам амалга оширилди. Бундан нафақат сотувчилар, балки ҳудудда яшовчи фуқаролар ҳам мамнун.

Бугунги кунда бошқарма ходимлари вилоятдаги барча бир кунлик деҳ­қон бозорлари инфратузилмасини ривожлантириш борасида иш олиб бормоқда.

Муродхон АҲМЕДОВ,

Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: