Home /   / Бозор директорининг «таклифи»

Бозор директорининг «таклифи»

Порахўрлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жамият учун ижтимоий хавфи юқори ва оғир оқибатларга олиб келувчи жиноятлар тоифасига киради. Ушбу жиноятлар жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизига путур етказибгина қолмай, янги жиноий қилмишлар содир этилишига ҳам йўл очиб беради. Шу боис пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун ҳам жиноий жазолар кучайтирилган.

Яшнобод туманидаги «Авиасозлар деҳқон бозори»да гўшт, тухум, картошка, пиёзнинг арзон сотилиши устидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти томонидан ўрнатилган назорат 2017 йилдан буён АЖ директори лавозимида ишлаб келаётган Эрмон Наимовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) «ризқини қияётган» эди. Шунинг учун ҳам у Вазирлар Маҳкамасининг махсус баённомаси асосида вилоятлардан келтирилиб арзонлаштирилган нархларда сотиладиган айрим маҳсулотларни назорат қилмасликка, кунлик тушумларни текширмасликка эришиш мақсадида Департаментнинг туман бўлими бошлиғига қўнғироқ қилиб, у билан гаплашиб олишни таклиф қилади.

Хуллас, ўтган йилнинг 20 сентябрь куни улар тумандаги «Ченсон» кафесида учрашади. Ўзаро суҳбатда мақсадга кўчган директор бозорга келтирилиб, арзонлаштирилган ҳолда сотилаётган гўшт билан тухумдан бир ойда 4500-5000 АҚШ доллари атрофида фойда кўришини, шундан 1500 АҚШ долларини унга пора тариқасида бериб туришини айтади.

Пул билан давлат хизматчисининг оғзини мойламоқчи бўлган Э.Наимов «Ойнинг биринчи 10 кунлиги ҳисобидан», дея Департаментнинг туман бўлими бошлиғига бўнак сифатида 550 АҚШ долларини солинган «берсетка»сини узатади. Шу пайтда бир неча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари пайдо бўлишди.

Бозор директори жиноят устида ушлангандан сўнг, ҳамма ҳам у каби нафсига қул эмаслигини англаб етган бўлса, ажаб эмас..

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг ҳукми билан Э.Наимовга нисбатан тегишли жазо тайинланди.

Халқимиз: «Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил», деб бежиз айтмаган. Одамларимиз пора бериш ҳам жиноят эканлиги борасида фикр қилсалар, яъни ҳар ишда қонуний йўлни танлашса, ўзларига фойда. Энг муҳими, ҳар ким пора беришдан ўзини тийса, аввало, жиноятчи бўлиб қолмайди, қолаверса, жамиятда порхўрликка чек қўйилган бўларди.

Улуғбек Назаров,

Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: