Home /   / Бош прокурор тадбиркорлар билан учрашди

Бош прокурор тадбиркорлар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев тадбиркорликни жадал ривожлантириш, бўш бино ва ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш ва бошқа долзарб вазифалар ижроси, шунингдек, прокуратура органларининг фаолияти билан танишиш мақсадида 16-17 август кунлари Андижон ва Фарғона вилоятларида бўлди.

Ташриф давомида тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай муҳит ва шарт-шароитлар яратиш, мавжуд тўсиқ ва муаммоларни бартараф этиш борасида 214 та тадбиркорлик субъекти билан иккала ҳудудда алоҳида учрашувлар ташкил этилиб, соҳага масъул идоралар, ижро ва назорат органлари, тижорат банклари раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.

Учрашувларда асосий эътибор республика даражасидаги муаммоларга қаратилди.

Жумладан, мулоқотлар давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилган кредит ажратиш, газ ва электр таъминоти, бино олиш, ер ажратиш, лицензия ва рухсатнома олиш билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўрилди.

Бўш бино ва ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш борасида ҳудудлардаги идоралараро комиссиялар ҳисоботи эшитилиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Шу билан бирга, ташриф давомида Андижон ва Фарғона вилоятлари прокуратуралари фаолияти ҳам ўрганилди.

Ўрганиш натижалари, фаолиятни ташкил этиш, ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлаш борасида йўл қўйилган камчиликлар прокуратураларнинг кенгайтирилган ҳайъат мажлисида барча туман-шаҳар прокуратуралари ходимлари иштирокида танқидий муҳокама қилинди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, аёллар ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида қонунийликни таъминлаш, Ўзбекистон Президенти илгари сурган бешта ташаббусни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, “Обод қиш­лоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз” ва “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижроси устидан қатъий назорат олиб бориш, аҳоли уйлари ва тадбиркорларга тегишли биноларни асоссиз бузишга йўл қўймаслик, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида прокуратура органлари олдида турган долзарб вазифалар ижроси юзасидан кўрсатмалар берилди.

Прокуратура органларига юклатилган вазифаларни сид­қидилдан, садоқат ва масъулият билан бажариш, коррупция иллатларининг олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: