Home /   / Бош прокуратура назоратни кучайтиради

Бош прокуратура назоратни кучайтиради

Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган “Бизнес юритиш – 2020” ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди. Мана шу маълумотнинг ўзи мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонликка берилаётган эътиборнинг маҳсулидир.

Тўғри, ҳали бу соҳада ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Ер ажратиш, қурилиш учун рухсат бериш, хусусий мулк дахлсизлиги ва энергия ресурсларига уланишдаги муаммоларга босқичма-босқич ечим топилмоқда. Жумладан, давлат раҳбарининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Қарорга кўра давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулк­нинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ҳамда бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Эътиборга молик жиҳати шуки, Бош прокуратурага хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириб, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш ташаббуси билан чиққанлик учун ваколатли давлат органлари мансабдорларининг муқаррар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортишга қадар оширишни таъминлашдек ўта долзарб вазифа юклатилди.

Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг ҳар бирида соҳадаги ислоҳотлар моҳиятини ижрочиларга етказиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиладиган бўлди. Мазкур гуруҳлар зиммасига ислоҳотларнинг мазмунини ижрочиларга тушунтириш, қонун ҳужжатларини нотўғри қўллаш амалиётини бартараф этиш, тадбиркорларнинг фикрини мунтазам ўрганиб бориш, тегишли орган қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ва уларга соҳадаги ислоҳотлардан келиб чиқиб ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифалари юкланди.

Гуруҳлар амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар ой Ўзбекистон Президенти администрациясига маълумот беради.

Муҳим янгилик: 2020 йил 1 октябрдан бошлаб қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини электр тармоқларига улаш жараёнида сарфланадиган харажатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра давлат хизматлари марказига техник шартларни олиш учун мурожаат қилиш билан бир вақтда берилган сўровига асосан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур маблағ тадбиркорлик субъекти фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан 1 йил давомида ундириб олинади.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 февралдан бошлаб:

– экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва сертификатлар “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштирилади;

– фитосанитария, санитария-эпидемиология, ветеринария ва экологик назорат ўтказиш учун ундириладиган тўловлар миқдори Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;

– юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади.

Ўз навбатида тадбиркорларнинг иш унумига салбий таъсир кўрсатувчи айрим талаблар бекор қилинмоқда. Жумладан, 2020 йил 1 январдан:

– тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулкка оид олди-сотди шартномалари тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланганда коммунал хизматлар бўйича қарздорликни текшириб олиш;

– давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчилар томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг аризани ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мулк, унинг мулкдорлари тўғрисидаги маълумотни бевосита қоғоз кўринишида тақдим этиш;

– мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари ва буюмларини экспорт қилиш (пахтадан ташқари) учун зарур рухсатнома ва сертификатларни расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектларидан тўлов ундириш каби талаблар бекор қилинади.

Булардан ташқари, қарорда “давлат хизматларининг сирли мижози” институти қўлланишини таъминлаш ҳам белгилаб берилди.

Қисқаси, мазкур ҳужжат билан мулк ҳуқуқи ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида янги имкониятлар яратилмоқда. Бу эса мамлакат тараққиёти ва барқарор ривожланишига хизмат қилади.

Ғолибжон Мирзаев,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

 

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: