Home / БОШ ПРОКУРАТУРАДА / Бoш пpoкуpaтуpaдa бaйpaм тaдбиpи

Бoш пpoкуpaтуpaдa бaйpaм тaдбиpи

8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органлари ходимлари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ташкил топганининг 28 йиллиги муносабати билан Бош прокуратурада байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда Бош прокуратуранинг раҳбар ва тезкор ходимлари, академия, «Ҳуқуқ» газетаси таҳририяти, вилоят, туман-шаҳар прокуратуралари ва уларга тенглаштирилган прокуратуралар жамоалари, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ва бюро марказий маҳкамаси ҳамда ҳудудий бош­қарма ва бўлимлари раҳбарлари, тизимда узоқ йиллар ва самарали меҳнат қилган фахрийлар, амалдаги кадрлар захирасидаги ходимлар иштирок этди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларини байрам билан табриклаб, маъруза қилди.

Бош прокурор ўз маърузасида мус­тақиллигимизнинг дастлабки йилларида давлат тузилмаларини ташкил этиш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга киришилгани, бу саъй-ҳаракатлар натижасида 1992 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, собиқ Иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси Ўзбекистон прокуратурасига айлантирилганини таъкидлади.

Тадбирда мустақилликнинг дастлабки йилларида юзага келган қалтис иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ва криминоген вазиятда прокуратура органлари оғир синовларга дуч келгани кўрсатиб ўтилди.

Фарғона вилояти, Тошкент вилоятининг Бўка, Пискент ва Паркент туманларида содир этилган этник можаролар таъсири йўқолмаган, ғалла, нон ва бошқа зарур озиқ-овқатлар тақчиллиги вужудга келган, нарх-наво ошган вазиятда турли сиёсий кучлар, диний-радикал оқимлар ҳокимиятни қонунга зид равишда эгаллаш ҳаракатини бошлаган.

Айнан шундай мураккаб вазиятда прокуратурага қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилишини назорат қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича масъулиятли вазифа топширилган.

Бу мақом Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил декабрда қабул қилинган Конституцияси ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги қонунида мустаҳкамланиб, прокуратура органларининг ишлаш тартиби белгилаб берилган.

Ўтиш даврининг дастлабки йилларида турли жиноий гуруҳлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар ваколатига кирадиган масалаларни ҳал эта бошлаган, фуқароларга «солиқ солиш», зўрлик билан уларнинг мол-мулкини тортиб олиш, яқинларини қўрқитиш, гаровга олиш, қийнаш ва ўлдиришгача бориб етган.

Жиноят олами вакиллари уларга қарши курашаётган давлат ва ҳокимият органлари ходимларининг ҳаётига реал хавф туғдирган бир вазиятда прокуратура ходимлари қотиллик, товламачилик, босқинчилик каби ўта оғир жиноятларни содир этган гуруҳ ва уюшмаларнинг барча аъзоларига қарши самарали ва мардонавор курашган.

1999 йил 16 февралда Тошкент шаҳрида содир этилган террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари, 1999-2000 йилларда Питнак, Ангрен, Бўс­тонлиқ, Сариосиё, Узун, Избоскан туманларида, 2004 йил март ойида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Бухоро вилоятларида, 2005 йил май ойида Андижон вилоятида содир этилган террорчилик актларида айбдорларни фош этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлашда прокуратура ходимлари жонбозлик кўрсатган.

Ўша тарихий йилларда прокуратура органларининг фаолияти ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб борилган.

1991-2000 йилларда прокуратура фаолиятида жазолаш функцияси устувор аҳамият касб этган бўлса, кейинчалик асосий эътибор инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига қаратилган.

Жумладан, 2001 йил 29 августда «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши билан фуқаролар прокурор назорати объектидан чиқарилган ҳамда прокуратура органлари жазоловчи органдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга айлантирилишига замин яратилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев асос солган тараққиётимизнинг янги босқичида жамиятда адолатни қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Прокуратура халққа янада яқинлаштирилиб, фаолияти такомиллаштириб борилаётгани таъкидланди. Хусусан, давлат раҳбарининг ташаббуси билан сўнгги уч йилда прокуратура фаолияти билан боғлиқ 20 га яқин қонун, фармон, қарор ва фармойиш қабул қилинган.

2016 йил 19 декабрда 8 январни Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни деб белгилаш ҳақидаги қонун имзолангани барча ходимлар, жумладан фахрийлар қалбидаги орзу-умидлар рўёбга чиққан қутлуғ сана эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда прокуратура органлари томонидан жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида муайян натижаларга эришилгани қайд этилди.

2019 йилда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида 77 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб, 134 минг кишининг ҳуқуқи тикланган.

Прокурор текширишлари ва жиноят ишлари тергови давомида жами       2 трлн. 300 млрд. сўмдан ортиқ зарарнинг қопланиши таъминланган.

Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиётимиз ривожидаги долзарб йўналишларда назорат тадбирлари ўтказилиб, 2753 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 13940 нафарига муаммоларини ҳал этишда кўмаклашилган.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурлари доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, уйлар қуриш, ижтимоий объектларни барпо этиш каби муҳим тадбирларда прокуратура ходимлари фаол иштирок этган.

Бош прокуратурага бириктирилган Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри, Оҳангарон ва Бекобод туманларидаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича тизимли ишлар қилинган.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббус, жумладан аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, таълим, соғлиқни сақлаш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш прокурорларнинг диққат марказида бўлган.

Прокуратура ходимлари бевосита хизмат вазифаларини бажариш билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, секторлар ишини ташкил этиш, муаммоларни ҳал қилиш каби муҳим вазифалар ижросини таъминлаш чораларини кўриб борган.

Биргина прокуратура ташаббуси билан Мўйноқ туманида 40 ўринли боғча реконструкция қилинган, 11 нафар ёлғиз фуқарога уй қуриб берилган, 11 та сув тозалаш ускунаси ўрнатилган. Шунингдек, туманда иккитадан кутубхона ва ветеринария пункти, Бўзатов маҳалласида қишлоқ врачлик пункти ишга туширилган.

Мамлакатимизни хавфсиз ҳудудга айлантириш, юртдошларимизнинг осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида мутасадди идоралар билан биргаликда тизимли ишлар амалга оширилган.

Бошқа идоралар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида жиноятлар 5,9  фоиз камайган, 1344 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш бўйича ҳам салмоқли ишлар қилинган. Хусусан, 4349 та ёки суд қарорларининг ҳар учинчиси айнан прокурор протести билан қонунга мувофиқлаштирилган, прокурорларнинг ташаббуси билан 95 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган.

Халқ билан мулоқот, фуқароларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш, уларга кўмаклашиш прокурорларнинг кундалик ишига айланган. Жойларда, айниқса, чекка ва олис қишлоқларда сайёр қабуллар ташкил қилиниб, уларда қарийб 90 минг кишининг дарду ташвишлари эшитилган ва муаммоларини ҳал этишга ёрдам берилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимларининг яширин иқтисодиёт механизмларини аниқлаш, валютанинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш, бюджет маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш борасидаги фаолияти самара берган. 2019 йилда бюджетга 1,4 трлн. сўмга яқин қўшимча маблағ ҳисобланиб, шундан 514 млрд. сўми ундирилган, ноқонуний муомаладаги 3 млн. 175 минг АҚШ доллари ва 6,4 млрд. сўм олиб қўйилган.

Энергия ресурсларидан фойдаланишда қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда қарздорликни камайтиришда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари вазифаларига масъулият билан ёндашган. Ўтган йили биргина энергия ресурсларидан 37 трлн. сўмдан ортиқ қарзлар ундирилиб, ундирув қарийб 9 трлн. сўмга ёки 32 фоизга ортган. Табиий газдан фойдаланишда 41,4 млрд. сўмлик талон-торожликлар аниқланиб, шундан 32,8 млрд. сўми ундирилган.

Ҳарбий прокуратура Қуролли кучларда қонун устуворлигини таъминлаш, Транспорт прокуратураси темирйўл ва ҳаво транспорти тизимларида қонунийликни мустаҳкамлаш чораларини кўриб борган.

Бош прокуратура академияси кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга алоҳида масъулият билан ёндашган.

Ходимларнинг хизмат ўташи учун қулай шароит яратиш, ижтимоий ҳимо­я­­сини кучайтириш, уларни рағбатлантириш тизими такомиллаштирилган.

Ҳужжат айланмасини тезлаштириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида электрон иш юритиш тизими ишга туширилиб, ортиқча қоғозбозликка барҳам берилган.

Тадбир давомида прокуратура органларининг босиб ўтган оғир ва машаққатли, шу билан бирга ғоят шарафли йўлида эришилган ютуқларда муҳтарам фахрийларнинг беқиёс ҳиссаси борлиги алоҳида эътироф этилди.

Бундан ташқари, прокуратура органлари жамоаси фахрийлар хизматини юксак қадрлаб, уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар бундан кейин ҳам давом эттирилиши таъкидланди.

Тадбирда прокуратура фахрийлари ходимларга, жумладан, ёш мутахассисларга фаолиятни ташкил этиш бў­йича ўз тавсияларини бердилар.

Шу билан бирга, тадбирда мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган прокуратура органларининг бир гуруҳ ходимлари, шунингдек фахрийлар ҳамда амалдаги кадрлар захирасига киритилган ходимлар тақдирланди.

Тадбир якунида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органларини халқ прокуратурасига айлантириш, муҳитни соғломлаштириш, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича келгусидаги вазифаларга тўхталиб, Президентимиз ва халқимиз билдирган ишончга муносиб бўлиш, қонунбузилишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашишга бор куч ва салоҳиятимизни ишга солиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳалим Болтаев,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: