Home /   / БОННИ ва КЛАЙД жинoят йўлидa биpлaшгaн oшиқлap

БОННИ ва КЛАЙД жинoят йўлидa биpлaшгaн oшиқлap

Жиноят оламида ўз қилмишлари билан донг таратган жуфтликлар ҳақида эшитганмиз, жаҳон кино усталари яратган фильмларни томоша қилганмиз. Албатта, улар кўз ўнгимизда қаҳрамон сифатида эмас, адашган кимсалар сифатида гавдаланади.

Бонни Паркер ва Клайд Берров буюк депрессия даврида икки йиллик жиноятчилик сафарини бошлаган жуфтлик. Бу даврда Америка аҳолиси ҳукуматга душманларча қараётган эди, Бонни ва Клайд эса бундан ўз манфаати йўлида фойдаланган. Робин Гудга тақлид қилган ёшлар халқнинг назарида йўлдаги ёш севишганлар эди.

 

Қандай танишишган?

1930 йилнинг январь ойи. Бонни ва Клайд умумий дўстларининг уйида учрашиб қолишади. У пайтда Бонни 19 яшар бўлиб, турмуш ўртоғи қотиллик жиноятини содир этгани учун панжара ортида эди. Клайд эса 20 ёш бўлиб, ҳали уйланмаган йигит эди. Улар тезда тил топишади. Лекин муносабатлар энди куртак ёзаётганида, бир неча ҳафтадан сўнг Клайд аввалги жиноятлари учун ҳибсга олинади.

Бонни бу ҳолатга жим қараб турмайди. Уни қутқариб олиш режасини туза бошлайди. Ўша йилнинг 11 март куни Клайд қиз ўртоғининг яширинча олиб кирган қуроли ёрдамида қамоқдан қочишга эришади. Аммо озодликда кўп юрмайди. Бир ҳафтадан кейин яна қўлга тушиб, 14 йилга «кесилади». Клайдни шафқатсизлиги учун машҳур Истҳем қамоқхонасига юборишади. У ерда ҳаёт чидаб бўлмас даражада бўлгани учун Клайд қочиб кетиш ҳаракатида юради. У камерадошидан оёғидаги иккита бармоғини болта билан чопиб ташлашни сўрайди. Аммо барчаси у ўйлагандек бўлиб чиқмайди. Чунки ўша йилнинг февраль ойида Клайд муддатидан олдин озод қилинади. Бекорга бармоқларидан айрилгани қолади.

У озодликка чиқиб, Бонни билан яна топишади ва жиноий ҳаётини давом эттиради.

 

Полициянинг «қизиқиши»

Федерал разведка бюроси (у пайтда тергов бюроси деб номланган) якка далил туфайли Бонни ва Клайдга қизиқиш билдиради. Бу далил Оклахомадаги ўғирланган «Форд» автомобили бўлиб, у Мичиган штатида топилган. Тинтув жараёнида машинадан дори шишаси олинган эди. Бу шиша махсус агентларни Техас штати Накодочес шаҳридаги дорихонага олиб боради ва у ерда олинган маълумотларга кўра шиша Клайд Берровнинг холасига тегишлилиги маълум бўлади. Текширув шуни кўрсатадики, шишанинг эгаси бўлган аёлникига яқинда Клайд Берров, Бонни Паркер ва Клайднинг акаси Л.Берров келган бўлиб, улар ўғирланган «Форд»га ўхшаш автомобилда юришган. Шу тариқа 1933 йил 20 май куни ФРБ уларнинг изига тушади.

Икки ошиқ Техас, Оклахома, Миссури, Луизиана ва Янги Мексика бўйлаб банк, савдо дўконлари, ёнилғи қуйиш шохобчаларини тунаб юришарди. Улар штатлар чегарасида талончилик қилишарди. Сабаби оддий, ўғирлик қилиб, қўшни штат ҳудудига ўтиб олинса бўлгани, уларни таъқиб қилаётган полициячиларнинг ваколати бошқа штатга ўтганда тугарди. Клайд автомобиль ва уларнинг рақамларини худди пайпоқ алмаштиргандай тез-тез ўзгартирарди. Бу ҳам кўзга ташланмасликнинг бир усули эди.

Албатта, полиция соядек эргашиб юрадиган кимсалар учун ўз яқинлари билан учрашиш осон эмас. Бонни ва Клайд билан ҳам шундай бўларди. Улар ўз оилаларини кўриш учун Далласга тез-тез келиб туришарди. Бонни онаси билан, Клайд эса онаси ва синглиси билан кўришишга ҳаракат қилар эди. Лекин бу учрашувларда улар бир неча марта пистирмага дуч келиб, аранг қочиб қутулишган.

 

Жиноий тўданинг кенгайиши

Улар аста-секин гуруҳга янги аъзоларни қабул қилишади. 1932 йили Бонни ва Клайд ёш қуролчи Раймонд Ҳамилтон билан саёҳат қилишни бошлашади. Ҳамилтон бир неча ойдан кейин келишмовчилик туфайли гуруҳни тарк етади ва шу йилнинг ноябрь ойида унинг ўрнини Виллиам Дениэл Жонс эгаллайди.

Клайднинг акаси Иван Бак Берров 1933 йил 23 мартда губернатор томонидан авф этилиб, Техас штати қамоқхонасидан озод қилинади. У тезда Клайднинг гуруҳига қўшилади ва рафиқаси Бланшни ўзи билан олиб келади, шу тариқа гуруҳда беш одам йиғилади.

Полиция уларни қотиллик, машина ўғирлаш, банкларни, ўнлаб дўкон ва ёнилғи қуйиш станцияларини талашда айблаб таъқиб этса-да, улар Бак ва унинг рафиқаси билан топишганини нишонлаш учун Жуплин шаҳридаги хонадонни ижарага олишади. Икки ҳафталик ўйин­кулгидан сўнг 13 апрель куни Клайд иккита полиция автомобили улар турган жой яқинида тўхтаганини пайқайди. Отишма бошланади. Натижада битта полициячи ўлдирилади, биттаси жароҳатланади, Бонни, Клайд, Бак, Жонс ва Бланш эса қочиб қутулади.

Полиция улар турган хонадондан анча нарса топади, улар орасида Бонни ва Клайднинг қурол ушлаб турган машҳур расмлари ҳам бор эди.

1933 йилнинг июнь ойида Веллингтон яқинида юз берган бахтсиз ҳодиса сабаб Боннининг оёғи аккумулятор кислотаси оқиши оқибатида ёмон куйиб, шундан сўнг у ҳеч қачон тўғри қадам ташлай олмай қолади.

 

Майхонадаги тўқнашув

Мазкур воқеадан бир ой ўтгач, Бонни, Клайд, Бак, Бланш ва Жонс Плате шаҳридаги «Ред Кравн» майхонасида иккита хонани ижарага олишади. 1933 йил 19 июль куни полиция бундан хабар топиб, уларни қуршаб олади. Кечаси 23:00 лар атрофида ўртада отишма бошланади. Бу тўқнашувда Бак ва Клайднинг акаси оғир жароҳатланади. Гуруҳнинг қолган аъзолари эса жуфтакни ростлаб қолишади.

 

Катта жанг

Клайд ўша кечаси ва эртасига кун бўйи машинани тўхтамасдан ҳайдаб боради. Фақат шиналарни алмаштириш ва кўпроқ бинт олиш учунгина бир-икки дақиқа автомобилга тин берарди. Охири йўл юриб тинкаси қуриган гуруҳ Декстр шаҳридаги Дексфилд паркида дам олиш учун тўхтайди. Бу орада қонли бинтларни топиб олган маҳаллий фермер полицияни огоҳлантиради. Тез орада 100 дан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва маҳаллий фермерлар йиғилиб, уларни қуршаб олади. Навбатдаги тўқнашув ҳам талофатсиз бўлмайди. Бак жароҳати туфайли ҳаракатлана олмайди ва отишмада ҳалок бўлади. Бланш эса қўлга олинади. Ўтда ёнмас, сувда чўкмас Клайд ва Бонни ажал оғзидан ҳам қочиб қутулишади. Улар билан бирга Жонсга ҳам омад кулиб боқади. Аммо у мазкур ҳодисадан сўнг гуруҳни бутунлай тарк этади.

 

Саргузаштларнинг аянчли якуни

Жиноий тўдани тарк этган Жонс 1933 йилнинг ноябрь ойида ҳибсга олинади ҳамда Бонни ва Клайд ҳақида билган ҳамма маълумотларини айтиб беришга мажбур бўлади. Сўроқ давомида Клайд ва унинг оиласи ўртасида яқин алоқа борлиги маълум бўлиб қолади. Бу маълумот асосида полиция уларнинг оилаларини кузатиб бориш, Клайд ва Бонни улар билан боғланишга уринганда уларга пис­тирма қўйиш режасини ишлаб чиқади. Аммо Клайд ва Бонни бундай пистирмалардан бир неча марта омон қолишади.

Ва ниҳоят Бонни ва Клайдни тутиш учун қулай имконият юзага келади. Сабаби гуруҳга янги қўшилган Ҳенри билан унинг отасини кўриш учун йўлга чиққан учовлоннинг йўналишини ҳисобга олган ҳолда полиция йўлга пис­тирма қўяди. Бу орада Ҳенри гуруҳдан ажралиб, аввалроқ пистирма ҳудудидан ўтиб кетган эди.

1934 йилнинг 23 май куни эрталаб соат 9:15 ларда Клайд йўлда Ҳенрининг отасига тегишли юк машинасини пайқаши билан секинлаша бошлайди. Лекин шу заҳоти полиция ходимлари яширинган жойларидан чиқиб, уларни ўққа тутишга тушади. Полиция уларнинг автомобилига 130 мартадан кўпроқ ўқ узади. Натижада Бонни ва Клайд ҳалок бўлади. Уларнинг жасади Даллаcга олиб келинади ва оммага намойиш этилади. Машҳур жуфтликни кўриш учун оломон тўпланади. Бонни Клайд билан бирга дафн этилишини илтимос қилган бўлса ҳам, улар оилаларининг хоҳишига кўра алоҳида қабристонларга кўмилган.

Бу икки жуфтлик автомобиль ўғирлаш билан бирга бошқа жиноятларни ҳам содир этганликда гумон қилинган. Улар 13 та қотиллик ва жуда кўп талончилик ва ўғирликларни содир этишган.

 

 

Жавоҳир Ҳайитбоев таржимаси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: