Тезкор хабарлар
Home /   / Болам, бўлма менингдек!

Болам, бўлма менингдек!

Инсоннинг дунёга келиши, комил инсон сифатида тарбия топиб, вояга етишида ҳеч ким ота-онанинг ўрнини боса олмайди. шу боис, халқимизда қадим-қадимдан ота-онани ҳурматлаш азалий қадриятларимиз қаторидан ўрин олиб келган. «ота рози — худо рози», «жаннат оналар пойида» сингари нақллар ҳам бежиз айтилмаган. дарҳақиқат, ҳар бир инсон фарзандининг зиммасидаги энг асосий бурчларидан бири, шубҳасиз, ота-онага нисбатан ҳурмат-эҳтиром саналади. муқаддас оят ва ҳадисларда бу масалага такрор ва такрор мурожаат қилинган. бу борада буюк аждодларимизнинг ҳам жуда кўп ўгит ва насиҳатлари бизгача етиб келган.

Шу ўринда келтириб ўтиш лозимки, ота-она розилигини олишга ҳаракат қилиб, уларнинг хизматида юрган ўғил ва қизларга атрофдагиларнинг ҳаваси келади. Бу каби фарзандлар беминнат, чиройли хизмати туфайли нафақат ота-онасининг, балки бошқаларнинг ҳам «Отасига раҳмат», «Онасига раҳмат» деган дуоларини олишга муяссар бўладилар. Бундайлар нафақат оиласи, балки жамият учун ҳам энг кўп нафи тегадиган инсонлардир.

Шу билан бирга, ота-онасининг қадрига етмайдиганлар ҳам ҳар замонда бўлса-да, учраб туради. Афсуски, бундайларнинг сони ҳозирги замонга келиб бирмунча ошди, дейишимизга асосларимиз бор. Ота-онаси кексайганда уларнинг инжиқликларини кўтара олмай, юзсизлик қилаётган, уларни хўрлаб, қаровсиз қолдираётган ҳолатларга тез-тез гувоҳ бўлаётганимиз, миллий қадриятларимиздан узоқлашаётганимизнинг бир кўриниши эмасми?

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотларини келтирадиган бўлсак, айни вақт­да фарзандларидан «алимент» яъни, таъминот ундириш борасида чиқарилган суд қарорлари ижросига қаратилган ишлар 291 тани ташкил этмоқда. Булар асосан меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-оналар фойдасига ундирув билан боғлиқ ҳолатлардир. Мазкур ижро ҳужжатлари билан танишар эканмиз, улар орасида бир уйда яшаб, қозонини алоҳида қилиб қўйиб, ота-онасидан бир коса овқатини қизғанаётган ўзбек фарзандлари борлиги, дилингизни ғашлайди.

Хусусан, 2015 йилнинг май ойида фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди томонидан фуқаро Салима Қораеванинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўғли Алижон Қораевдан таъминот талаб қилиб ёзган аризаси кўриб чиқилиб, онанинг фойдасига ҳар ойда фарзандидан 100 минг сўм ундириш ҳақида қарор чиқарилган. Наҳотки, 9 ой юрагининг тагида сақлаб, дунёга келтирган, кечаю кундуз тепасида парвона бўлган, баданига тикан кирса, гўёки киприклари билан олган, гўдаклигидаги инжиқликларига чидаган она, кучдан қолганда фарзандидан таъминот сўраб, судга мурожаат қилса… Вазият шунчаликка бориб етишига нима сабаб бўлган?

 — Ёшим 67 да. Бир ўғил, бир қизни вояга етказиб, оилали, уйли-жойли қилдим, — дейди Салима Қораева. — Қарилик бўлса керак, айни вақтда юрагим хаста, қон босимим тез-тез кўтарилиб туради. Шифокор ёзиб берган дориларни мунтазам ичиб турмасам, аҳволим ёмонлашади. Фарзандларим тарбияси билан бўлиб, кўп ишлай олмадим. Иш стажим кам бўлгани учун пенсиям ҳам кам. Айни вақтда пенсиям дориларни тўлиқ сотиб олишимга етмайди. Шунинг учун ҳам ўғлимга шифокор ёзиб берган дориларни олиб келишини ёки пул бериб турса, уларни ўзим олишимни айт­ганимда, ёрдам беришни истамади. Сабаби фақат ўзига аён.

Бир неча йил аввал турмуш ўртоғим билан келишиб, уйимизни ўғлимнинг номига ўтказиб бердик. У эса уйни сотиб юборди-да, бошқа жойдан уй қуриб, оиласи билан кўчиб кетди. Янги уйига бизни олиб кетишни хоҳламади. Шундай қилса, оиласи билан тинч яшармиш…

Тўғри, келиним билан турли масалаларда тортишиб, тез-тез жанжаллашиб қолардик. Яхшиям, кўп қаватли уйларда оиламизга тегишли хонадон бор эди. Ўғлим уйига киритмаганидан кейин чол-кампир шу уйда яшай бошладик. 2009 йилда қизимнинг фарзанди оғир дард (қон саратони)га чалинди. Неварамни даволатиш кўп маблағ талаб қилгани учун қизим қийналиб қолди. Ўз уйини сотиб ҳам даволаш харажатларига етказа олмади. Ўғлимга бир неча марта синглисига ёрдам беришини айтсам-да, ўзининг муаммолари кўплигини рўкач қилиб, кўмак беришни истамади. Шундан кейин чол-кампир маслаҳатлашиб, квартирамизни сотиб, неварам даволаниши учун пул бердик. Ўзимиз ўғлимнинг уйига келишга мажбур бўлдик. Маҳалла ва бошқа идоралар ўртага тушгандан кейин ўғлим бизни уйга киритди. Лекин шундан буён уйидан чиқиб кетишимизни айтиб, бизни ҳайдайди. Ёрдам бергиси келмайди. Шу сабабли суд орқали таъминот ундиришга мажбур бўлгандим.

Алижон Қораевдан Салима хола ўз онасими ёки ўгайми, деб сўраганимизда, «Ўз онам», деб жавоб бериб, гапини давом эттирди:

 — Онам мени судга беришларининг биринчи сабаби, уларнинг турмуш ўртоғим билан 20 йилдан буён чиқиша олмай, жанжаллашиб келаётганлари бўлса, иккинчиси ўша вақтда муаммоларим кўплиги боис, синглимга ёрдам бера олмаганим. Шунинг учун ҳозиргача мендан қандай бўлмасин пул ундиришга ҳаракат қилаверадилар. Яна бир салбий томонлари одамларнинг устидан турли жойларга ёзиш одатлари бор. Бизнинг уйга кўчиб келганларидан буён онамнинг «ёз-ёзди»ларидан қўшниларимиз ҳам безиб қолишди. Аёлим билан ҳар куни жанжаллашишади. Сабаби, онам ҳар жойдан муаммо топиб, вазиятни жанжалга олиб келаверадилар. Хуллас, онамнинг инжиқликлари боис, оиламнинг тинчи йўқолган. Уларнинг таъминотига келсам, эътиборимдан четда қолмайди. Айни вақтда қозонлари бўлак, лекин рўз­ғорларидан хабар олишни канда қилмайман. Шу билан бирга, ҳар олти ойда ота-онамга сиҳатгоҳга йўлланма олиб бераман, отам ётиб даволанадилар, онам эса ўртамиздаги адоват боис, ётишни истамайди.

Дарвоқе, ўғил суҳбатимиз сўнггида онасининг таъминоти учун суд томонидан белгиланган суммани ўз вақтида тўлаб келаётганини ҳам айтди. Бу жумлани келтиришимиз қанчалик оғир эканини, ота ва онасининг дуосини олиб, уларни еру кўкка ишонмай парвариш қилаётган фарзандлар яхши тушунишади.

 — А.Қораев 10-12 йил аввал маҳалламизга кўчиб келган, — дейди мазкур МФЙ раиси Акром Мажидов. — Алижон аввал отасини, кейинроқ онасини уйига олиб келди. Бу оила ўзига тўқ, четдан қараган киши ҳавас қилади. Аммо қайнона билан келин тез-тез жанжаллашиб туришади. Бундай пайтда ўғил ҳам хотинининг ёнини олиб, онаси билан «сан-ман»га борган ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз. Ҳатто шу йил февраль ойида келин қайнонаси устидан ички ишлар идорасига шикоят қилиб, унга нисбатан чора кўришни сўрабди. Келинни чақириб, тушунтирдик, икки томонни муросага келтирдик. Шундан сўнг келин аризасини қайтариб олди. Тўғри, С.Қораеванинг феъли чатоқроқ. Лекин бу билан онани айбламоқчи эмасман. Онаси қандай бўлганда ҳам фарзанди волидаси билан келишиб яшаши, ҳурматини жойига қўйиши керак. Келин ҳам бундан истисно эмас. Аслида миллатимиз учун иснод бўлган бу каби ҳолатларга йўл қўй­маслик учун фарзанд масъул бўлиши шарт.

Гувоҳи бўлганингиздек, икки томоннинг ҳам қайсидир маънода айби бор. Бироқ, нима бўлганда ҳам, бундай ҳолатда ўғил онасига эътиборли бўлиб, унинг инжиқликларини кўтариши ҳам  қарз, ҳам фарз. Қолаверса, бу дунё чиндан ҳам қайтар дунёдир. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бир кун албатта, қайтади.

Маълумот ўрнида, айни вақтда республикамизда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли 7 та Саховат уйлари фаолият олиб бормоқда. Уларда 751 нафар боқувчиси йўқ ёки боқувчисини йўқотган фуқаролар васийликка олиниб, мурувват кўрсатилмоқда. Ҳу­куматимиз қарияларга фарзанд ўрнида фарзанд бўлиб, парваришламоқда, кексалик гаштини суришлари учун етарли шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Аммо орамизда шундай кимсалар ҳам учрайдики, улар фарзандини катта қилиш учун тунларини бедор ўтказган, хасталанса, қўлида кўтариб, тонг орттирган, жамиятга керакли одам қилиш учун тинмай меҳнат қилган, ўзи емай едирган, катта бўлганда ҳам йўлларига интизор бўлган ота-оналарининг ҳолидан хабар олишни ўзига эп кўрмайди. Ҳатто кунда бир марта бўлса-да, улар билан телефон орқали гаплашишга «вақт тополмайди».

Аслида фарзанд учун ота-она дуосидан ортиқ мукофот йўқ. Энг тез қабул қилинадиган дуо, бу ота-онанинг фарзандлари учун қилган дуосидир. Шундай экан, уларнинг дуосини олишга ошиқайлик. Зеро, ота-онанинг қалбидан чиққан эзгу ниятларнинг рўёби шуб­ҳасиз.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: