Home /   / Болаларга беринг дунёни!

Болаларга беринг дунёни!

1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.

Болалик — тасаввуримиздаги энг бахтли ва қувончли дамлар. Гўё дунёда ҳеч қандай ташвиш йўқдек. Болалик ҳақиқатдан ҳам инсон ҳаётининг шошқалоқ, лекин энг тоза, беғубор, олтинга тенг давридир. Шу боисдан ҳам дунёда бола кулгуси, қувончи ва шодлигидан завққа тўлмаган инсон бўлмаса керак.

Бироқ дунёдаги барча мамлакатлар болаларининг болалигини шундай деб бўлмайди. Бугунги кунда 75 миллионга яқин бола қуролли тўқнашув ҳамда табиий офатлар туфайли азият чекмоқда. Бу ҳолат уларни илм олиш имкониятидан маҳрум қилган. Жанубий Суданда 72 фоиз мактаб ёшидаги бола мактабга бормайди. Чадда бу кўрсаткич 50, Афғонистонда 46 фоиз­ни ташкил этади. 168 миллионга яқин бола мажбурий меҳнатга жалб этилган. Шундан 5 миллион нафари қуллик шароитида ишлайди.

Хусусан, Осиё — Тинч океани минтақасидаги мамлакатларда 78 миллион, Африкада 59 миллион, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида 13 миллион, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада 9 миллиондан ортиқ бола мажбурий меҳнатга маҳкум этилган. Дунё бўйича 20 миллионга яқин бола вакцинациядан четда қолмоқда. Жанубий Суданда 270 минг вояга етмаган тўйиб овқатланмайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) 2021 йилгача 3,85 миллиард доллар тўплаб, 13,6 миллион болани таълимга жалб қилишни режалаштирган. Шунингдек, жам­ғарма 2030 йилга бориб 75 миллион боланинг таълим олишига ёрдам кўрсатишни мақсад қилган.

Халқимизга хос маънавий қадриятлардан бири болажонликдир. Зеро, фарзандини кўз қорачиғидек авайлаб-асрайдиган, ҳамиша ва ҳар қачон болам деб яшайдиганлар ҳам бизнинг халқимиздир. Аҳолисининг 40 фоизини болалар ташкил этадиган мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши — болаларнинг жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожланиши учун қулай ва энг яхши шароит яратиш, шунингдек, кўп болали оилаларни, етим болаларни ва оила муҳитидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлашдан иборат.

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат ва Жиноят кодекси ҳамда бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормалар ўз ифодасини топган.

Маълумот учун айтиш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда  бола ҳуқуқ­ларига доир юздан ортиқ қо­нун ҳужжатлари қабул қилинди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга оид қирққа яқин халқаро ҳужжатнинг иштирокчисидир.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин ратификация қилган энг биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси бўлди. Оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, Конвенция талабларига риоя этилишини таъминлаш соҳасида ҳам мамлакатимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Юртимизда амалга оширилаётган «Соғлом она — соғлом бола» Миллий дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказлари, перинатал ва скрининг марказлари, туғруқхона мажмуалари, кўп тармоқли ҳудудий болалар тиббиёт марказлари ташкил этилди.

Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқу­қий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурати тобора ортиб бормоқда. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш  мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 11 февралда «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 22 апрелда «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорларга имзо чекди.

Мазкур ҳужжатлар юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг қалбида меҳр-оқибат ва инсонийлик туйғусини янада кучайтиради. Уларда болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши, уларнинг давлат органларига бевосита мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод этилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари-Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилади ва Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи икки нафар бошқарув ходими бўлган сектор тузилади.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратиш тартиби жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни ёлланма сифатида жалб этиш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди шунингдек, ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш жинояти учун жавобгарликни оғирлаштирувчи нормалар билан тўлдиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади ва ҳоказо.

Ўзбекистон Республикаси бола ҳуқуқларини таъминлашда БМТнинг Фуқаролик ва сиё­сий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакти, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ­лар тўғрисидаги халқаро пакт, Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига ва ирқий камситишларга барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция ва бошқа асосий халқаро шарт­номаларга ҳам таянади.

Ёзги соғломлаштириш мавсуми 1 июнь — «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни»дан бошланади. Оромгоҳларда касаба уюшмалари федерациялари томонидан кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлар орқали бепул ва имтиёзли, шунингдек, Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари ва жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланмалар билан таъминланади.

Ёзги таътил пайти оромгоҳларда ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, дунёқарашини кенгайтириш, миллий истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидоийлик руҳида тарбиялаш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказилади.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: