Home /   / Бoлaлapгa бepинг дyнëни!

Бoлaлapгa бepинг дyнëни!

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.

Эртанги кундан умидвор инсон борки, фарзандини одобли, баркамол қилиб тарбиялаш орзусида бўлади. Чунки жамият ва миллат олдида бундан-да масъулиятли вазифа бўлиши мумкин эмас.

Болажонлик – азал-азалдан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадрият. «Дунёда болам деб яшайди ўзбек», – деб ёзган эди улуғ шоиримиз Муҳаммад Юсуф. Дарҳақиқат, халқимиз болаларининг соғ-омон бўлиши, илм олиши, ҳунар ўрганиши, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлиб етишиши учун борини аямайди…

Бола ҳуқуқлари бўйича конституция

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) жаҳон мамлакатлари ўртасида бола ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича мустаҳкам алоқа ва ҳамкорлик ўрнатишда муҳим ўрин эгаллайди. Бу борада Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция мавжуд. Мазкур конвенция БМТ Бош ассамблеясининг 44/25-резолюциясига мувофиқ 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган ва 1990 йил 2 сентябрда кучга кирган. Уни жаҳондаги деярли барча мамлакатлар ратификация қилган. Ўзбекис­тон 1992 йил 9 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилди. 15 моддадан иборат ушбу халқаро ҳужжат қай бир давлат томонидан ратификация қилинган бўлса, унинг зиммасига бола ҳуқуқларига риоя этишга доир мажбуриятларни юклайди. БМТнинг Болалар ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ушбу мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиб боради.

Конвенциянинг муқаддимасида «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти уставида эълон қилинган принципларга мувофиқ жамият барча аъзоларининг ўзига хос бўлган қадр-қиммати, тенг ва ажралмас ҳуқуқлари эътироф этилиши эркинлик, адолат ва тинч­ликни таъминлашнинг асосидир…» деб белгиланган. Демак, мазкур конвенцияни дунё халқларининг бола ҳуқуқлари бўйича конституцияси дейиш мумкин.

Ғамхўрликдан баҳраманд бўлишга ҳақли

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 2-моддасида «Иштирокчи давлатлар ўз юрисдикцияси доирасида бўлган ҳар бир бола учун ушбу конвенцияда назарда тутилган барча ҳуқуқларни ҳеч қандай камситишларсиз, ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодлари, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, боланинг соғлиғи ва туғилиши, унинг ота-онаси ёки қонуний васийлари ёки бошқа ҳолатлардан қатъи назар, ҳурмат қиладилар ҳамда таъминлайдилар» деб кўрсатилган. Албатта, бу норма бутун жаҳонда болаларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, бу халқаро ҳужжат ҳар бир бола яшаш учун қонуний ҳуқуққа эгалигини эътироф этади. Боланинг соғлом ўсиши учун мумкин қадар юқори даражада имконият яратиб берилиши, бола туғилган заҳоти рўйхатга олиниши ва туғилган дақиқасидан бошлаб исм билан аталиш ҳамда фуқароликка эга бўлиш, иложи борича ўз ота-онасини билиш ва уларнинг ғамхўрликларидан баҳраманд бўлишга ҳақли эканлигини назарда тутади.

Урушлар жабрини энг аввал норасидалар тортади

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг талаблари барча давлатларда ҳам бирдай бажарилмаяпти. Кўплаб мамлакатларда содир бўлаётган урушлар, вайронгарчиликлар, хунрезликлар, одам савдоси, гиёҳвандлик, қашшоқлик, очарчилик, хасталик сингари балолар жабрини энг аввало норасидалар тортаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бундай жойларда болаларнинг оддий ҳуқуқлари ҳам тинимсиз топталмоқда. Улар таълим олиш, даволаниш у ёқда турсин, ҳатто тўйиб овқатланиш, тинчгина ухлашдан ҳам мосуво бўлишаяпти. Наркотик моддалар олди-сотдисида чопарликка мажбурланаяпти, одамфурушлар томонидан қул сифатида сотилаяпти, энг даҳшатлиси, инсон аъзолари савдосининг қурбонига ҳам айланишмоқда.

Башарият бу даҳшатли воқеалардан сабоқ чиқариши, ўз келажагига ўзи болта урмаслиги керак…

Беғубор олам ҳимояси учун

Мамлакатимизда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда боланинг ҳуқуқига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги белгиланиб, боланинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, ҳимояга бўлган ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланган.

Боланинг ҳуқуқлари ҳимояси ҳақида гапирарканмиз, қонуннинг 14-моддасида қайд этилган ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқи ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Мамлакатимизда болаларнинг чет элга ўқишга бориши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш зарурияти пайдо бўлгани шуни тақозо этади.

Қонун талабига кўра бола фақат ота-­онанинг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс­нинг розилиги билан чет элга бориши мумкин.

Мамлакатимиздаги барча болалар, айниқса, шароит тақозосига кўра ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг тўлақонли ва бахтли яшашини таъминлаш борасида давлатимиз ҳамиша ғамхўрлик қилиб келмоқда.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги 138-конвенция ва Болалар меҳнатининг ёмон шакллари тўғрисидаги 182-конвенцияга қўшилган. Бу ҳужжатлардаги асосий ғоялар қонунларимизга ҳам киритилган бўлиб, уларда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишига оид қонун ҳужжатларининг халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келиши таъминланган.

Улуғвор ислоҳотлар ҳамиша таълимдан бошланган

Ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаё­тини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар аввало таълим тизимидан, боғча ва мактабдан бошланганини кўрамиз. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ юртимизда биринчи марта Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди ва қисқа муддатда минглаб мактабгача таълим муассасалари қурилди. Уларда таълим-тарбия ишлари энг илғор усул ва воситаларни қўллаган ҳолда олиб борилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари яқинда янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонунни маъқуллаб, Сенатга тақдим этишди.

Мактабни ўзгартирмасдан туриб одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси – мактаб. Президентимизнинг фармони билан улуғ алломаларимиз – Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммад Юсуф, Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаблари, Темурбеклар мактаби, Президент мактабларининг ташкил этилгани фарзандларимиз учун янги имкониятдир.

Яна бир жиҳат алоҳида эътиборга молик. Карантин кунларида мамлакатимизда мактаб ўқувчилари учун телевидение орқали ташкил этилаётган онлайн дарслар халқаро миқёсда эътирофларга сазовор бўлди, давлатимизнинг болалар камолоти йўлида кўрсатаётган беқиёс ғамхўрлиги сифатида баҳоланди.

*  *  *

Болалик – тасаввуримиздаги энг бахтли ва қувончли дамлар. Бу капалак умридек қисқа фурсат инсон хотирасида такрорланмас лаҳзалар бўлиб муҳрланиб қолади. Ана шу бахтиёрлик дунё болаларини ҳеч қачон тарк этмасин!

Шерали АШИРОВ,

Қашқадарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: