Home /   / Бoлaлap ҳaқигa xиëнaт

Бoлaлap ҳaқигa xиëнaт

Кўча-кўйдаги гап-сўзларни эшитиб, ижтимоий тармоқлардаги фикрларни ўқиб, бошқалар сингари ташкилотларнинг раҳбарларини қоралашга одатланган бир вақтимда кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеага гувоҳ бўлиб қолдим.

Аниқроғи, ўзим тайёрлаган сценарий бўйича мурожаат қилиб, айрим ходимларнинг асл юзини кўриб, оддий ходимлар кўп ишларни раҳбарсиз ҳам бажариб юбораверишига амин бўлдим. Раҳбарларда ҳам инсоф борлигига, ҳамма нарсага фақатгина улар айбдор эмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Ушбу ёзганларимни ўқиб балки сиз ҳам шу фикрга келарсиз?

Атрофи унчалик ободонлаштирилмаган, аммо деворлари янгитдан қурилган маскан. Қаторасига экилган арчалар мажмуага кўрк бағишлаб турибди. Ҳовлида эса имконияти чекланган болалар ўйнаяпти. Улар кўринишидан соғлом тенгдошларидан бироз фарқ қилади. Яқиндагина экилгани кўриниб турган арча ёнида турган қизнинг хониши кишини эътиборсиз қолдирмайди. У «Сизни соғиндим, она» қўшиғини ўхшатиб куйлаётганди. Ўнг тарафдан югуриб келаётган йигит иккита аёлга урилиб кетиб, дарҳол «Ассалому алайкум» деди. Унинг саломига алик олишга ҳам эринган опаларнинг «Э, кўр. Югурмай секинроқ юрсанг нима қилади?» деганини эшитиб, этим жунжикиб кетди. Тўғрисини айтсам, бу болаларга ёрдам беролмайман, аксинча, уларни кўрсам юрак-бағрим эзилади. Шунинг учун ҳам бу ерга жуда кам келаман. Келганда ҳам уларнинг ёнида йиғлаб юбормаслик учун ўзимни тайёрлаб келаман. Опалар менга яқин келгач, уларни суҳбатга тортдим.

– Ассалому алайкум. Ишларингиз яхшими? Чарчамаяпсизларми? Яқинда кўчиб келгандик шу ерга…

– Тезроқ гапиринг, шошиб тургандик, – деди қорачадан келган калта бўйли аёл. – Сиз билан гаплашишга вақтимиз йўқ.

– Шу ерга ишга кирсаммикан дегандим. Шунга гаплашиш учун бирор бир раҳбар бормикан деб келгандим…

– Эҳ, синглим, раҳбарни нима қиласиз? Бу ерга ишга кириш пулли. Мен билан яхшилаб «гаплашсангиз» ўзим ишга киришингизга ёрдам бераман. Қирқ икки йилдан буён тарбиячи бўлиб ишлайман. Пенсияга чиққанимга бир ярим йил бўлди. Раҳбар билан гапимиз бир жойдан чиқани учун ҳам мени ишдан бўшатолмайди. Болаларга қараш ҳам унчалик қийин эмас. Телефонингиздан яхши бир қўшиқ қўйиб берсангиз кўр болалар кун бўйи эшитиб ўтираверади. Улар маза қилиб қўшиқ эшитади. Сиз эса бу пайтда бошқа ишларингизни қилиб оласиз.

– Тушунмадим, болаларга қарашдан бошқа қандай иш? Асосий вазифа болаларга қараш, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш эмасми? – сўрадим ажабланиб.

– Э, қанақа савол-жавоб? Кўрларга бирор нарса ўргатганингиз билан улар билимдон бўлиб қолармиди? Қорни тўйиб, ўзларини эплаб юрса шунинг ўзи катта гап. Бирор ишингиз чиқиб қолганда, ҳеч кимга айтмасдан, бир кун-ярим кун ўрнингизга бирорта танишингизни ишга юборсангиз ҳам бўлади. Раҳбарлар билмай ҳам қолади. Ўзи маълумотингиз борми? Аслида бирорта коллежни тамомлаган бўлсангиз ҳам бўлади. Ишга кирадиганларнинг беш-олти нафари мен орқали жойлашади. Чамамда икки-уч ойлар бурун ўрта мактабни тамомлаган иккита аёлнинг ишга киришига ёрдам берганман. Айтганимни қилиб, мен билан яхшилаб «салом-алик» қилишган. Мана ҳозиргача ошиғи олчи. Туппа-тузук ишлаяпти. Бири ошхонада ошпаз ёрдамчиси, яна бир олий маълумотли имконияти чекланган ўқитувчига котибалик қилаяпти. Ўқитувчининг кўзи кўрмайди, шунинг учун ўқувчиларга оғзаки дарс ўтади, унинг журнал ва дарсга оид ишларини эса котиба ёзиб беради. Ўзи-чи, бу ерга ишга кирсангиз умуман қийналмайсиз. Кун бўйи ишласангиз ҳам оч қолмайсиз. Болаларга бериладиган овқатдан ейсиз. Мен орқали ишга кирганингизни билса, ҳеч ким, ҳатто раҳбарлар ҳам сизни бекордан-бекорга безовта қилмайди. Келадиган текширувчига келадиган бўлсак, уларни менга қўйиб беринг. Нима деб жавоб беришни жуда яхши биламан. Қирқ икки йил давомида жуда кўп текширишлардан ўтганмиз. Хуллас, гапнинг индаллоси, мен билан қуюқроқ «салом-алик» қилсангиз бўлди. Ишга жойлашасиз. Керак бўлса, раҳбар ҳам сиз билан хўжакўрсинга суҳбат ўтказади.

– Яхши тушунмадим, опа. Қанақа салом-аликни айтаяпсиз? Мен ҳеч қаерда ишламайдиган оддий аёл бўлсам, бундоқ тушунтириброқ гапиринг, – дедим гарчи ёлғонни унчалик эплолмасам-да. Ёлғоним ишонарли чиқди шекилли, опа яна астойдил тушунтира бошлади.

– Нега тушунмайсиз, синглим? Мушук текинга офтобга чиқмаганидек, ҳозирги замонда ҳеч бир ишингиз таниш-билишсиз, олди-бердисиз битмайди. «Сендан угина, мендан бугина» деганларидек, энди бу ёғини тушунгандирсиз. Арзимаган харажат билан ишга кирсангиз бўлди. Бу ёғига ишингиз «беш» бўлади. Ногирон болаларга хайр-эҳсон қилувчилар жуда кўп. Бу ёғига давлат ҳам қараб турмайди. Муассасамизга келувчи маҳсулотлар болалардан ортиб қолади. Ҳар ой, керак бўлса, ҳар уч кунда маҳсулотлар янгиланади. Ортиқчасини сумка-сумка қилиб бўлиб оламиз. Буни раҳбарлар кўрмай ҳам қолади. Нега десангиз, уларни чалғитиб туриш унчалик ақл талаб қиладиган иш эмас. Бола кўп, айрим кунлари улар ошхонага киришга улгурмайди ҳам. Билсангиз, оддий тарбиячи бўлсам-да, кўп нарсаларни мен ҳал қиламан. Мана, масалан, тунов куни хайр-саховат қилиш мақсадида олиб келинган турли хил маҳсулотларнинг тенг ярмини болаларга қолдириб, қолганини ўзимиз бўлиб олдик. Ҳамма ишларга ўзим бошман. Ўқитувчилар дарс ўтиш билан банд, раҳбаримиз йиғилишма-йиғилиш юргандан кейин кимдир қолганларга бош бўлиши керак-ку, шундай эмасми? Ҳеч ким бўлмаса, бу ходимлар нималарни хоҳламайди дейсиз. Индамасангиз, ўзлари ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган болаларнинг ҳақини еб, мажмуадаги нарсаларни талон-торож қилиб кетади. Ҳалиям менинг борлигим учун бироз қўрқиб туришади. Акс ҳолда…

Вақти йўқлигини пеш қилган опалар кам эмас-кўп эмас – роппа-роса бир ярим соат гаплашишди. Берилган маълумотларнинг айримларини ёзишни ўзимга эп кўрмадим. Фақат…

…Ҳурматли тарбиячилар ва тенгдошларидан бироз фарқ қиладиган болалар орқали қозони қайнаб, рўзғори бут бўлаётган ходимлар. Ногирон болаларга меҳр беринг, уларни ҳеч қачон силтаманг, ўзлари хоҳламаган бўлса-да, айбсиз айбдор бўлиб қолганини ҳеч қачон юзига солманг, ҳақига хиёнат қилманг. «Олди-берди», «салом-алик»ни қуюқроқ қилиб ишга жойлашишни ор билинг. Ахир улар ҳам худонинг бандаси. Кўнгли кемтиклиги етар, сиз силташни, устидан кулишни бас қилинг. Имконингиз бўлса, истеъдодини қўллаб-қувватланг. Кўнглига таскин беролмайсизми, озор ҳам берманг.

Нигина ШОЕВА,

журналист

Таҳририятдан: Мақолада имконияти чекланган болалар тақдири ҳақида сўз юритилгани сабабли муассаса рақами ва манзили ошкор қилинмади. Таҳририят мазкур ҳолат юзасидан тегишли идораларга хат юборади.

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: