Home /   / Бола ҳуқуқлари — қонун ҳимоясида

Бола ҳуқуқлари — қонун ҳимоясида

Мустақиллик йиллари мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, бу борада амалдаги қонунчиликка халқаро ҳуқуқнинг илғор нормаларини татбиқ этишга қаратилган кенг кўламли ишлар қилинган. Бугунги кунда ҳам оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шароит яратиш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Болаларни ҳимоя қилишга оид давлат сиёсатининг мақсади ёш авлоднинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат.

Ушбу тамойил Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлис палаталарига қилган мурожаатида ҳам ўз аксини топган бўлиб, унда жумладан қуйидаги фикрлар бор: «Халқимизда «таълим ва тарбия бешикдан бошланади» деган ҳикматли бир сўз бор. Фақат маърифат инсонни камолга, жамиятни тараққиётга етаклайди. Шу сабабли таълим соҳасидаги давлат сиёсати узлуксиз таълим тизими принципига асосланиши, яъни таълим боғчадан бошланиши ва бутун умр давом этиши лозим.

Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган давр­да унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади.

Бинобарин, инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз шарт».

Бу борада айниқса Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Қарорга мувофиқ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш, Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда бола ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш белгиланди. Хусусан, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар «Меҳрибонлик» уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади. Болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади, болаларнинг давлат органларига қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важи билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли эканлиги, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилиниши кўзда тутилмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугунги кунда Ўзбекистонда вояга етмаганларга оид қонунчиликни такомиллаштириш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Фарзандларимиз эртага юрт корига ярайдиган паҳлавон йигитлар, барно қизлар бўлсин десак, уларнинг маънан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

Жўрабек РАҲМОНОВ,

Хоразм вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: