Home /   / Бола ҳуқуқлари — давлат ҳимоясида

Бола ҳуқуқлари — давлат ҳимоясида

Бола вояга етгунча ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан ожиз бўлганлиги сабабли тарбияга, ғамхўрликка ва албатта ҳимояга муҳтож. Шунинг учун бола ва унинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ҳар бир давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Бизнинг мамлакатимизда ҳам бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг миллий қадриятлар ва демократик принципларга асосланган ҳуқуқий механизми яратилган.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 22 апрелда имзоланган «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарор эса, айтиш мумкинки, бу соҳадаги вазифаларнинг янги босқичини бошлаб берди. Қарорда жаҳон цивилизациясининг бугунги кундаги талабларидан келиб чиққан ҳолда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг, келажагимиз учун муносиб авлодни тарбиялашнинг муҳим вазифалари назарда тутилган. Миллатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил — Омбудс­ман лавозими жорий этилди.

Эндиликда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқларига оид қонунларнинг ижросини назорат қилиш, вояга етмаганларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш, болалар ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари билан шуғулланади. Глобал тараққиёт инсоният олдига қўяётган долзарб вазифалар доирасида фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг муҳим вазифаларини белгилайди ва шу асосда фаолият юритади.

Қарордаги яна бир муҳим жиҳат, болаларнинг давлат органларига бевосита мурожаатлари тўлиқ кўриб чиқилишининг кафолатланишидир. Маълумотларга қараганда, бутун дунёда болалар омбудсманлари кичик ёшдаги болалардан ҳар соатда иккита мурожаат қабул қилар экан. Эндиликда мамлакатимизда ҳам  болаларнинг ҳар қандай мурожаатлари унинг тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан кўрмасдан қолдирилишига йўл қўйилмайди.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган бола ота-онасиз яшаётган ҳолатда, ҳар иккала томондан ҳам ўзининг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун қонун билан белгиланган миқдорда алимент ундиришга доир даъво аризасини бериши мумкин. Агар ота-оналар ўртасида нафақа тўлаш бўйича келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда, ота-оналар томонидан судга алимент ундириш тўғрисида мурожаат қилинмаган ҳолларда ҳам боланинг бу ҳуқуқлари сақланиб қолади. Болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинмоқда.

Қарор билан 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб мамлакатимизда эркаклар ва қизлар учун никоҳ ёши бирдай — ўн саккиз ёш этиб белгиланди. Гарчи рақамлардаги фарқ унчалик катта бўлмаса-да, бу соғлом авлодни дунёга келтириш, оналар саломатлигини ҳимоя қилиш, комил инсонни тарбиялаш соҳасида ғоят муҳим ахамият касб этади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, Қарор билан Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик янада кучайтирилди, уларнинг комил инсон сифатида шаклланишлари, зарур касб эгалари бўлишлари учун кенг имконият ҳамда имтиёз яратилди. Жумладан, 2019-2020 ўқув йилларидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилди. Айни пайтда ёрдамга муҳтож болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиш мажбурийлиги назарда тутилди.

Шунингдек, ушбу Қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, янги қонунлар ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг 1 сентябрига қадар етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг  ижтимоий-ҳуқуқий мақоми ҳамда бундай болаларни тарбиялаш, фарзандликка олувчи оилаларни тайёрлаш ва уларга кўмаклашиш тартибини, уларнинг мулкий ва номулкий ҳуқуқларини кафолатлайдиган «Етим болалар ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиладиган бўлди.

Бундан ташқари, уч ой муддатда «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга болага нисбатан ишлатиладиган тазйиқ ва зўравонликлар турлари ҳамда унинг олдини олишга оид чораларни, судгача ва суд жараёнида жиноят процесси иштирокчиси бўлган болаларни ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча кафолатларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш белгиланди. «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунга ҳам ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларни ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобга олиш ўрнига, уларнинг жамиятга мослашувини таъминловчи механизмларни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиладиган, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси вояга етмаган шахсни ёлланма сифатида жалб этиш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш жинояти учун жавобгарликни оғирлаштирувчи нормалар билан тўлдириладиган бўлди.

Бектош Сайипов,

Жиззах вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: