Home /   / Бола ота қарамоғига олиб берилди

Бола ота қарамоғига олиб берилди

Ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган фуқаро Маҳмуд Маткаримовнинг турмуш ўртоғи 3 йил АҚШда бўлиб қайтганидан сўнг, фарзандини қайтариб олгани, суд қарори ижросини таъминлаш жараёни акс этган видеолавҳа кўпгина муҳокамаларга сабаб бўл­моқда.

Шундан сўнг она томонидан фарзанди у билан бахтиёр эканлигини ифодаловчи фото ва видеолавҳа ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди. 

Шунингдек, ота «Тошкент» телеканалига мурожаат қилган бўлиб, мазкур ҳолат «Очиқ мулоқот» дастурида ҳам муҳокама қилинди.

Қуйидаги мақолада фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судида шу ҳолатга ўхшаш вазият тафсилотлари билан танишишингиз мумкин.

Муқаддас китобларда оила қуриш ва уни асраш масалаларига катта эътибор қаратилган. Ота-боболаримиз оила шаъни, ор-номуси учун курашишни, шунингдек, унинг обрў-эътиборини кўтаришни ўзи учун шараф деб билишган.

Оила билан боғлиқ шундай муқаддас туйғулар борки, улар ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Шу туйғулар сабаб келажакка умид билан боқамиз, шу туйғулар сабаб орзуларимиз рўёбини фарзандларимиз тимсолида кўришни истаймиз. Аммо ҳаёт ҳар доим ҳам бир текис кечмайди. Унинг зарбаларига дош беролмай, ажрашишни «дард»нинг ариши, деб биладиганлар, афсуски, орамизда йўқ эмас.

Сардор Қурбонов ва Соҳиба Қар­шие­ва (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2008 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, бир ёстиққа бош  қўйишди. 2009 йилда ўғил, 2013 йилда эса қиз фарзандли бўлишди. Рўзғордаги арзимас икир-чикирлар, эр-хотин ўртасида тортишувларни, келишмовчиликларни келтириб чиқара бошлади. Оиладаги катталар эса бунга бепарво қараб, томошабин бўлиб туришди. Хуллас, уларнинг оила риштаси ҳаёт синовларига дош беролмади ва улар 2016 йилнинг май ойида қонуний ажрашишди.

Табиийки, суднинг қарори билан икки вояга етмаган фарзанд ҳам онаси қарамоғида қолдирилиб, С.Қурбонов болаларининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бири миқдорида алимент тўлайдиган бўлди.

Болаларини ўзи билан олиб қолган она эса уларни бобоси ва момосининг қарамоғида қолдириб, ўзи ишлаш учун Россия Федерациясига кетди. Бундан хабар топган С.Қурбонов вояга етмаган фарзандлари қаровсиз қолгани, ота сифатида ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга эканини баён қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига ариза билан мурожаат қилди. Қарши туманидаги «Наврўз» МФЙ томонидан берилган маълумотномадан кўринишича, жавобгар С.Қаршиева ишлаш учун Россия Федерациясига кетган.

Қарши тумани халқ таълими бўлими ҳузуридаги «Васийлик ва ҳомийлик» кенгаши вакили С.Исматов суд мажлисида суд сўровига асосан тарафларнинг оилавий шароитини ўрганганини, С.Қурбоновнинг икки нафар фарзанди бобо-момолари (онасининг ота-онаси) қарамоғида яшаётганини, даъвогарнинг уйида болаларни тарбиялашга салбий таъсир кўрсатадиган ҳолат аниқланмаганини баён қилди.

Суд даъвогарнинг болаларини ўз қарамоғига олиш ҳақидаги аризасини муҳокама қилиб, уни қаноатлантиришни лозим топди.

Аслида болалар ўз ота-онаси бағрида ўсиб, уларнинг меҳрини ҳис этса, тинч-тотув ҳаёт оғушида яшаса, шундагина бахтли бўлади. Кўп ҳолларда оиланинг дарз кетишига эркак сабабчидек кўринади. Аммо рўзғорнинг бутлиги ва тотув ҳаёт кафолати қайсидир маънода кўпроқ аёлларга боғлиқ. Нега С.Қаршиева болаларининг тақдирини, улар тирик етим бўлиб қолаётганини ўйламади? Зеро, фарзанд туғилиши оддий воқеа эмас.

Ҳамза УМАРОВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси

бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: