Home /   / Боғ ерларини пуллаганлар

Боғ ерларини пуллаганлар

Асл боғбон тиним билмай ишлайди. Икки-уч йилда мева бера бошлайдиган кўчатларни, мевага кирган дарахтларни асраб-авайлаб, парвариш қилади. Ўз вақтида шакл беради, ўғит билан озиқлантиради, суғоради. Чирмовуқлардан, ҳашаротлардан асрайди. Меҳнатининг ҳосилидан баҳраманд бўлади. Аммо боққа ўз-ўзидан оқиб келадиган даромад манбаи сифатида қараб, «олма пиш — оғзимга туш» қабилида парваришини ўз ҳолига ташлаб қўйган «боғбон»нинг бири икки бўлмайди.

Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судида «Т.Бобоев Ёдгорали» ММТП ҳудудидаги «Шокир Иззат Хуршид» фермер хўжалигининг раҳбари  Зоҳиджон Шокиров, туман архитектура бўлимида ишлаган Нодир Қорабоев, «Ўқчи» МФЙ раиси Азамжон Сидиқовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Фермер хўжалиги ерларининг асосий қисми боғлардан иборат эди. Астойдил тер тўкишга «бели оғриган», олаёт­ган фойдасига қаноат қилмаган З.Шокиров бирваракайига мўмай пул ишлаб олиш ҳақида бош қотиради. Томорқа ер олиб, уй қуриш истагида юрганлар ҳаминқадар. Уларга боғ ерларини пуллаш фикри-зикрини эгаллайди. «Қонуний тус бериш» йўлларини ахтариб, туман архитектура бўлимида ишловчи таниши Нодиржон Қорабоев ҳамда «Ўқчи» МФЙ раиси Азамжон Сиддиқов билан «маслаҳатлашади». Учовлон гўё собиқ ширкат хўжалиги томонидан фуқароларга уй қургани томорқалар ажратиб берилгани ҳақида қалбаки қарор ва лойиҳаларни тайёрлаб, боғ ерларини пуллаш ҳақида ўзаро тил бириктиришади.

Боғ ҳудудидаги гўё муқаддам ширкат хўжалиги қарорлари билан фуқароларга тақсимлаб берилиши керак бўлган ер участ­каларини бўлиб, рақамлаб, тайёрлаб қўйишади. Уй қуришга ер берилаётганидан хабар топган, МФЙ йиғинига келган фуқароларга гўё ширкат хўжалиги қарорининг рўйхати бўйича жойига олиб бориб, 4-5 сотихдан ер участкаларини «эҳсон» қила бошлашади. Қалбаки қарору лойиҳа ҳужжатларига МФЙнинг муҳрини босиб беришади. МФЙ раиси А.Сидиқов фуқароларга ер участкаларини расмийлаштириб бериш ваколатига эга эмаслигини яхши билгани ҳолда, ғайриқонуний «тақсимот»га бош қўшади.

Ер участкалари бирданига тарқатилгани йўқ. 2015 йил ёз кунларидан бошлаб, бир неча йил мобайнида гўё собиқ ширкат хўжалигининг қарорларига биноан тақсимланаверади. Жумладан, фуқаро И.Қобулов ва Р.Ярбоевларга уй-жой қуриш учун 5 сотих ер майдони ажратилгани ҳақидаги 2002 йил 15 январь кунги  қарор ва лойиҳа ҳужжатлари топширилади. Тағин ўн нафар фуқарога 5-10 сотихдан иборат ер участкаларининг сохта ҳужжатлари тақдим этилади. Сохта ҳужжатлар билан уй қуриш учун фермер хўжалиги раҳбари З.Шокировдан ер участкасини сотиб олиб, архитектура ходими Н.Қорабоевнинг «ёрдам»ида лойиҳа ҳужжатларини тайёрлатган фуқаролар озмунча «харажат» қилишмайди. Айримлари эса ноқонуний сотиб олган ер майдонларини ке­йин­роқ бошқа шахс­ларга пуллаб ҳам юборишади.

Шу тариқа боғдорчилик  йўналишидаги фермер хўжалигига узоқ муддатга ижарага берилган жами 3,4 гектар ер майдони  ноқонуний эгалланиб, қурилиш ишлари олиб борилади. З.Шокиров жиноий шериклари билан тил бириктириб, фермер хўжалигидан ташқари мактабга тегишли ёрдамчи хўжалик ерларининг бир қисмини ҳам фуқароларга ер участкаси тарзида пуллаб юборади. «Т.Бобоев Ёдгорали» ММТП ҳудудидаги 27-сонли умумтаълим мактабига қарашли жами 3, 4 гектар кўп йиллик дарахтлар ва 0,6 гектар бошқа ер майдонларидан иборат ёрдамчи хўжаликнинг 500 квадрат метр қисмида фуқаролар томонидан  уй пойдевори қўйилган, 800 квадрат метр қисмидан эса йўл сифатида фойдаланилган.

Фирибгарликдан иборат айби гувоҳларнинг кўрсатмалари ва далиллар билан тасдиқланган, амалдаги қонун-қоидаларга, мақсадли фойдаланишдан иборат мажбуриятига хилоф равишда боғ майдонларини  фуқароларни алдаб, сохта ҳужжатлар билан уй қуриш учун сотиб юборган фермер хўжалигининг собиқ раҳбари З.Шокиров, унинг жиноий қилмишига бош қўшган архитектура бўлими ходими Н.Қорабоев ва МФЙ раиси А.Сидиқовларга қилмишларига яраша жазо тайинланди.

 

Садирали Мирзокаримов,

Қўштепа туман прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: