Home /   / Бирга уч — уч бўладими?

Бирга уч — уч бўладими?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ғовларни, хусусан, ҳали ҳам эски одат ва қарашлардан қутула олмаётган айрим товламачи ҳамда тамагир мансабдор шахс­ларнинг қинғир ишларини фош этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилаётган тезкор тадбирларда ҳудудларда ер майдони ва биноларга оид ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларга чек қўйилмоқда.

Урганчлик фуқаро Отажон Собировга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) уй-жойга муҳтож оилалар қаторидан 1 хонали квартира ажратилади. Отажон Собиров унга ажратилган 1 хонали уйни 3 хоналига алмаштириш учун кўп қаватли уйлардаги квартираларни бириктириш бўйича Урганч шаҳар ҳудудий комиссия аъзоси  Ботир Жуманазаровга мурожаат қилади.

Ботир Жуманазаров комиссия аъзолари — шаҳар ҳокимлиги Умумий бўлим мудири Ўлмас Очилов ҳамда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси шаҳар филиали мутахассиси Озод Валиевлар билан тил бириктириб, Отажон Собировга 3 миллион сўм эвазига иш битишини билдиради.

Мазкур масала юзасидан Отажон Собиров ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилади. Унга асосан ҳудудий комиссия аъзолари Ўлмас Очилов, Озод Валиевлар фирибгарлик йўли билан фуқаро Отажон Собировдан         3 миллион сўм пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Одамзот баъзан ўйламай қўйган бир қадами туфайли йиллар давомида орттирган обрўсидан айрилиши ҳеч гап эмас. Юқорида номлари тилга олинган фуқаролар ҳам йиллар давомида нуфузли ташкилотларда ишлаб келишган. Улар таниш-билишлари, жамоаси орасида ўз ўрнига, ҳурматига эга мутахассислар бўлишган. Бироқ, уларнинг охирини ўйламай қилган хатолари жиноятга етаклади.

Уларга нисбатан суд ҳукми ўқилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.

 

Дилрабо КУРЯЗОВА, 

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: