Home / Тавсия этимиз / Бир чимдим меҳр

Бир чимдим меҳр

Насиба уйғонганида тонг эндигина ёришиб келаётганди. У ухлаб ётган эрига қараб, оғир энтикиб қўйди. Руҳиятига ўрнашиб қолган қандайдир ноаниқ туйғуларга эътибор қилмасликка уриниб, ҳовли этагидан ўтин олиб келди-да, тандирга ўт қалашга тушди. Ахир ҳадемай икки ўғли уйғонади. Эри ҳам. Нонуштага иссиққина нон ёпаман деб тунда хамир қорган.

Эртага унинг туғилган куни. Насиба ҳарчанд ўзини иш билан чалғитишга уринмасин, хаёлида бир манзара бот-бот айланиб, юрагининг аллақаерини ачиштираверди…

… Сув олиб келиш учун маҳалла бошидаги катта ариққа борганди. Қўшниси Самад ака машинасида хотинини олиб қаергадир кетаётгани устидан чиқиб қолди. Насиба билан саломлашаётган Лобар опа хурсандчилигини яширолмай кулди:

— Акангизни кўрмайсизми?! Қўярда-қўймай “Туғилган кунингга совғани ўзинг танла” деб мажбурлаб шаҳарга олиб кетаяпти… Ҳар йилгидек “сюрприз” қила қолса нима эди-я… Иложим қанча… Гапини қайтаролмай кетаяпман-да, ўргилай…

— Вой, эрингиз совға олиб бераман деса бормасмидингиз?! Боринг, опа, боринг!

Насиба уларни ҳавас билан кузатиб қолди-ю, вужудини аллақандай ўкинч, армон аралаш туйғу қамраб олди. Йўқ, у бировларнинг қувончига куядиганлардан эмас. Шунчаки, қирққа яқинлашган аёл беш йилдан буён ҳали яқинларидан туғилган кунига совға олмагани ёдига тушиб қолди… “Қандай бахтли аёллар бор-а?!” деб қўйди ич-ичидан хўрсиниб.

Кўзига ўз ҳаёти жуда файзсиздек кўрина бошлади. Негадир ҳамма нарсадан камчилик ахтарар, юмушларини зарда аралаш қилаётгани ўзига сезилмас, автоҳалокат туфайли беш йилдан буён аравачага михланиб қолган эри ҳам кўзига алланечук кўриниб бораётганди.

Азамат хотинининг бирдан ўзгариб қолганини дарров сезди. Нега сезмасин, Насиба беш йилдан буён бутун оила юкини зиммасига олган эса-да, бирор марта малол олмаган, писанда қилмаган, қаттиқ гапирмаган. Аммо бугун… қаттиқ-қуруқ гапирмаган бўлса-да, гап оҳангларида зарда аралаш нимадир бор…

Насиба мактабдан келган ўғлини ҳам яхшигина койиб берди:

— Кийим-бошингга қара, бир кунда ифлос қилиб ташлабсан! Кап-катта боласан, эҳтиётингни қилсанг бўлмайдими лаллаймай?!

Музаффар онасидан бунақа гап эшитмагани учун кўзларини катта-катта очганча ҳайрат билан бир зум қараб турди-ю, кейин мунғайибгина уйга кириб кетди.

Насиба кечгача шу кайфиятда юрди. Ҳамма юмушларини тугатиб, ўрнига кирганида ҳам юрагини нимадир кемираверди…

…Мана, тонг отди ҳамки, шу аҳвол. Юрагини ғижимлаётган оғриқни нари қувишга ҳарчанд уринмасин, хаёлида турфа ўйлар айланаверар, Лобар опанинг “Туғилган кунимга совға олиб бермоқчи…” дея кулиб турган қиёфаси кўз олдидан кетмасди.

Нонушта пайти эри унга эътибор ҳам қилмади. Икки ўғли билан кулишиб нималар ҳақидадир гаплашиб ўтираверди. Бир оғизгина… бир оғиз “Туғилган кунинг билан, хотин!” деса нима қиларди-я?!

У тез-тез чойини ичди-ю, дастурхонни ҳам йиғиштирмай туриб кетди. Ҳовлига чиқиб бироз туриб қолди. Ўзини нима билан чалғитса экан?! Кеча эрталаб боғ этагидаги дарахтларнинг шохларини тартиблаганди. Шуларни боғлай қолгани маъқул. Эрининг ёнида ўтираверса, яна нимадир деб дилини оғритиб қўяди шу кайфиятида.

У совутиш учун ёйиб қўйган нонларини дастурхонга ўради-ю, боғ томон ўтиб кетди. Ҳаракатларида шаҳд йўқ, шундай эса-да, эринчоқлик билан катта-катта шохларни майдалаб, сомон пресснинг ипи билан боғлашга тутинди. Бу орада кўчадан кимдир чақириб келди. Эри унга паст овозда нимадир деб жавоб қайтарди, Насиба қарамади. Зарда билан ўтинларни чопаверди, майдалайверди.

Ярим соатлар чамаси вақт ўтди. Шу пайт ўғилларининг «Ойижон!» деган овозини эшитиб, ўгирилиб қаради.

— Туғилган кунингиз билан табриклаймиз! — улар югуриб келиб онасининг қаршисида тўхташди. Катта ўғли қўлида уч дона гул ушлаб олган, биринчи синфда ўқийдиган кичиги эса кўзи тўла шодлик билан қоғозга чизилган расмни силтаб унга илинар, сал нарида эса эри шоҳи рўмол ушлаганча аравачада жилмайиб ўтирарди.

— А-а?! Булар менгами?! — Насиба энтикканча гапиролмай қолди. Унинг юзларини қувонч ёшлари ювар, нуқул “Раҳмат, раҳмат!!!” деб шивирларди…

Нилуфар НИЁЗОВА,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: