Home / Жиноят ва жазо / Бeш жoннинг тўpт қoтили умрбод озодликдан маҳрум этилди

Бeш жoннинг тўpт қoтили умрбод озодликдан маҳрум этилди

2019 йилнинг 14 майидан 15 майига ўтар кечаси Самарқанд вилояти Иштихон тумани Чимқўрғон қишлоғида бир оиланинг беш аъзоси ўлдириб кетилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар жамоатчиликни ларзага солган эди.

Кўп ўтмай қотилликда гумон қилинаётган шахслар қўлга олингани маълум қилинди. Ўша пайтда мазкур қотиллик бўйича калаванинг учи эндигина топилиб, тергов жадал олиб борилаётгани сабабли тафсилотлар тўлиқ баён қилинмаган эди. Чунки «тергов сири» деган ҳуқуқий меъёр бор. Шунингдек, терговга тўсиқ бўлиши эҳтимолидан келиб чиқиб, ишга доир маълумотлар доим ҳам ошкор қилинавермайди. Мана, жиноят буткул фош этилди. Суд айбдорларга нисбатан ўз ҳукмини эълон қилди. Хуллас, барчасига ойдинлик киритилди. Мазкур аянчли воқеа аслида қандай бўлганди?..

Фуқаро Абдурашид Холбоев оиласи, яъни ўғиллари – 1998 йилда туғилган Жавоҳир Исломов, 2002 йилда туғилган Аббосбек Исломов ҳамда 2004 йилда туғилган Озодбек Исломовлар билан ер олиб, узумбоғ қилади. Боғда пишган узумларни майиз қилиб сотишарди. Уларнинг асосий даромади шундан эди. Бежиз халқимиз «Қимирлаган қир ошар» демайди. Бу ишнинг ҳадисини олган оиланинг топганига йил сайин барака киради. Дастлаб «Дамас» автомашинаси сотиб олишади, кейинчалик уйларини икки қаватли қилиб қайта қуришади. Аммо бир гуруҳ нокаслар туфайли бу уй қурилишини битириб, у ерда яйраб яшаш оилага насиб этмади.

Айрим кимсалар борки, ўзи бўлолмайди, бўлганни кўролмайди. Шундайлардан бири Ғолиб Ташанов экан. У қўшнисининг ҳалол меҳнати ортидан бойиб кетаётганини кўра олмайди. Уларни ўлдириб, бойлигига эга чиқиш учун бир неча марта жиноий режа тузади, аммо буни бир ўзи амалга оширишига кўзи етмайди. Шунинг учун 2018 йилнинг декабрь ойида Ғ.Ташанов режасини амалга ошириш мақсадида ўзи каби ҳеч қаерда ишламасдан бойлик орттиришни ният қилиб юрган танишлари Шамсиддин Эсонбоев ва Жаҳонгир Усмоновни жиноят қилишга кўндиради. Аммо уч киши ҳам бу ишни уддалай олмаслигини тахмин қилиб, ишни ортга суришади. Орадан бир неча ой ўтгач, яъни 2019 йилнинг май ойи бошларида Ш.Эсонбоев ва Ж.Усмонов таниши Ҳабибулло Нурмоновни Ғ.Ташановга учраштиришади. Ғ.Ташанов жиноий режасини айтганида у ҳеч иккиланмай рози бўлади. Шу тариқа тўртовлон яна тўрт-беш кун маслаҳатлашиб, ким нима иш қилишини келишиб олишади. Улар қабиҳ режани амалга ошириш учун 35-85 сантиметр узунликдаги темир бўлаклари билан қуролланишади. Устларига махсус кийимлар ва бармоқ излари қолмаслиги учун қўлқоп харид қилишади.

Режадаги кун келганида тўртови Ғолибнинг уйига йиғилишади. Қўшнилар ухлагандан кейин Ғ.Ташанов йигитларни уйғотишга келишиб олади. Аммо ярим кечаси уйғонган Ғолибнинг нимагадир бу ишга юраги дов бермайди ва ўзи ҳам ётиб ухлайди. Шу тариқа ўша куни жиноий гуруҳнинг мақсади амалга ошмай қолади.

Орадан бир неча кун ўтиб, 2019 йилнинг 14 май куни тўртовлон яна Ғ.Ташановнинг уйига йиғилади. Бу сафар тўртовлон ярим тунгача ухламайди. Бахтга қарши А.Холбоевнинг оиласи боғ ишларидан чарчаб барвақт уйқуга кетади. Кечаси соат 00:30 да Ғ.Ташанов А.Холбоевнинг ҳовлисидаги итини чалғитиб, шериклари Ш.Эсонбоев, Ж.Усмонов ва Х.Нурмоновнинг қурилаётган икки қаватли уйнинг биринчи қаватидаги дераза орқали ҳовлига сездирмасдан кириб олишини таъминлайди. Шундан сўнг Ғ.Ташанов ҳам уларнинг изидан кириб, ҳовлида бир кишилик кароватда ухлаб ётган А.Исломовнинг ёнига Ж.Усмонов ва Х.Нурмоновни жўнатади. Нақшинкор сўрида ухлаб ётган уй эгасининг турмуш ўртоғи Зуҳра Холбоеванинг ёнига Ғолибнинг ўзи келади. Ш.Эсонбоевни эса оиланинг кенжаси, вояга етмаган ўғли О.Исломовнинг ёнига боришга имлайди. Одамийлик қиёфасини йўқотган бу кимсалар хонадон эгаларининг ухлаб ётганидан  фойдаланиб, келишувга асосан бир вақтда қўлларидаги темир бўлак­лари билан уларнинг юз ва бошларига бир неча марта уриб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир жароҳат етказишади. Ҳовлининг бошқа томонида ухлаб ётган оила бошлиғи А.Холбоевни жиноий гуруҳ аъзолари ҳовлига киришганда пайқамаган эди. Шовқин-сурондан уйғониб кетган А.Холбоев ўрнидан туриб, югуриб келиб Ҳ.Нурмоновга қаршилик кўрсата бошлайди. Буни кўрган Ғ.Ташанов ва Ж.Усмонов зудлик билан етиб келиб, қўлларидаги темир бўлаклари билан А.Холбоевнинг юз ва бошига бир неча марта урганларида у ўзидан кетиб, ерга йиқилади. Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра А.Холбоев, З.Холбоева, А.Исломов ва О.Исломовлар олган жароҳатлари натижасида воқеа жойи­да вафот этишган.

Уюшган гуруҳ аъзолари уй эгаларининг ўлганлигига амин бўлганидан сўнг пул ва бошқа қимматбаҳо буюмларни қўлга киритиш учун хоналарни тинтиб, ётоқхонадаги қулфланган сандиққа дуч келишади. Унинг қулфини бузиб очиб, ичидаги 22 млн. сўм ва 100 АҚШ долларини қўлга киритишади. Жиноий гуруҳ аъзолари уйнинг бошқа хоналарига кириб, тинтишни давом эттираётган пайтда оиланинг тўнғич фарзанди Ж.Исломов ухлаб ётганини пайқаб қолишади. Эндигина йигирма бирга кирган бу ўктам йигит ҳам йиртқич қиёфасидаги босқинчилар томонидан ўта шафқатсизларча уриб ўлдирилади. Бу хонадан фақатгина марҳумга тегишли бўлган 600 минг сўмлик «Samsung» телефонини қўлга киритишади.

Уюшган гуруҳ содир этилган босқинчилик ва қотиллик жиноятларини яшириш мақсадида мурдаларни кўрпачаларга ўраб, ҳовлида турган «Дамас» автомашинасига жойлашади ва уни ҳайдаб чиқиб кетиб, воқеа жойидан яширинишади.

Ҳ.Нурмонов марҳумларга тегишли автомашинани мурдалар, жиноят қуроллари ва излари бўлган кийимларни яшириш ва йўқ қилиш учун олдиндан мўлжаллаб қўйилган жой, яъни Қўшработ туманидаги «Олтин майдон» фермер хўжалиги ҳудудидаги адир томонга ҳайдайди. Босқинчилар автомашинани ичидаги мурдалари билан шу ерга ташлаб кетишади. Сўнг сал наридаги булоққача яёв бориб, қон изларини ювиб, қўлларидаги темир бўлакларини булоққа ташлаб юборишади. Қўлга киритилган 22 млн. сўм ва 100 АҚШ долларини тенг тақсимлаб олишади.

Тонгда мудҳиш қотиллик ҳақидаги хабар бир зумда бутун мамлакатга тарқалди. Воқеа жойига етиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мазкур ҳолат бўйича жиноят иши очиб, суриштирувни бошлаб юборишди. Тезда жасадларнинг шахси аниқланди. Кўп ўтмай қотилларнинг бири топилди, кейин қолганлари бирма-бир ушлаб келинди. Жиноий гуруҳ аъзолари қилмишларига иқрор бўлишди.

Мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунлангандан сўнг иш жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судида кўриб чиқилди. Ишни атрофлича ўрганиб чиққан суд жиноий гуруҳ аъзолари бўлган Ғолиб Ташанов, Жаҳонгир Усмонов, Шамсиддин Эсонбоев  ҳамда Ҳабибулло Нурмоновга умрбод қамоқ жазоси тайинлаб ҳукм чиқарди. Жиноий гуруҳ раҳбари бўлган Ғ.Ташанов 38 ёшда бўлса, қолган қотиллар ҳали 25 ёшга ҳам кирмаган эди. Энди улар умрларининг қолган йилларини қамоқда ўтказадиган бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бирор фожиа содир бўлгач, уни турлича талқин этиш, унинг сабабларини санашдан осони йўқ. Лекин биз яна шундай ҳол такрорланмаслиги учун интилишимиз керак. Жамиятдаги муаммоларга кўз юммаслик, атрофимизда яшаётган таниш-нотанишлар тақдирига бефарқ бўлмаслик оилаларимизни турли бало-қазолардан асрайди.

Алишер ИМОМНАЗАРОВ,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: