Home /   / Беш ташаббус — ёшларга қанот

Беш ташаббус — ёшларга қанот

Бугунги глобаллашув жараёнлари ёшларимизнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳар қачонгидан ҳам долзарброқ эканини кўрсатиб турибди.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш бўйича бирламчи вазифалар белгилаб берилди ҳамда уларга асосан ҳар бир йўналиш бўйича дастур лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Дастур ижроси доирасида шаҳар-туман прокурорлари секторларида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, биринчи ташаббус доирасида ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида прокурорлар секторларидаги 163 та умумтаълим мактабларининг 4 217 нафар ўқувчилари турли тўгаракларга жалб этилди. Биргина, Учқўрғон туман прокурори секторидаги  12 та умумтаълим мактабида ашула, эстрада хонандалиги, тасвирий ва театр санъати,   3 та умумтаълим мактабида эса миллий чолғу тўгараклари ташкил этилиб, уларга 760 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.

Ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, унинг маданий савиясини ривожлантириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бугуннинг устувор вазифаларидан саналади. Шу маънода Норин туман прокурори секторида жойлашган «Тўда» маданият марказида «Бойчечак» болалар, «Парвоз» ўсмирлар ҳамда «Иф­тихор» ёшлар ижодий жамоалари ташкил этилиб, уларга 45 нафар ёшлар қамраб олинди. Марказда ёшлар театр студияси ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

Косонсой туман прокуратураси ҳам ажойиб ташаббусга қўл урди. Жорий йилнинг 2 май куни ногиронлиги бор якка тартибда таълим олувчи 11 нафар ўқувчи, 9 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда 11 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг набиралари учун Наманган ви­лоя­ти тарихи ва маданияти давлат музейига экскурсия ташкил этилди. Шунингдек, прокурорлар секторларидаги 16 та маданият марказидан 4 тасида 1,9 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ таъмирлаш ишлари бажарилди. Қолганларида эса таъмирлаш жараёнлари давом этмоқда. Жумладан, Тўрақўр­ғон туман прокурори секторида жойлашган, 51 357 нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи «Янгиобод» МФЙ­даги Маданият марказида «Обод Марказ» дастури доирасида 11,6 миллиард сўмлик қайта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Спорт инсонни чиниқтириб, соғломлаштириши билан бирга, халқни, миллатни дунёга танитади. Иккинчи ташаббуснинг айнан шу жиҳатлар билан ҳамоҳанглигида ҳам бир ҳикмат бор. Мазкур йўналиш бўйича прокурор секторларида ёшларни жисмонан чиниқтириш ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда жами 827 та спорт объектида фаолият юритаётган 28 та спорт тури бўйича мингдан ортиқ спорт тўгаракларига 22 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар жалб этилди.

Эътиборли жиҳати, янги спорт иншоотларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш, реконструкция қилиш ва спорт анжомлари билан жиҳозлашга ташаббускор тадбиркорлар жалб этилмоқда. Жумладан, Учқўрғон туман прокурори секторидаги «Элатан» маҳалла фуқаролар йиғинида «Мавлуда-Матлуба» МЧЖ томонидан имтиёзли банк кредити ҳисобидан мини футбол майдончаси қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Поп туман прокурори секторида 5 нафар ташаббускор тадбиркор томонидан имтиёзли банк кредити асосида сунъий қопламали футбол майдончаси, аёллар фитнесс клуби, тренажёр зал ҳамда сузиш ҳавзаси қурилмоқда. Бундан ташқари, Поп туман прокуратураси ташаббуси билан «Ғурумсарой» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган футбол ўйингоҳида банд бўлмаган ёшлардан 2-лига футбол жамоаси шакллантирилиб, 200 нафарга яқин ёшлар спортнинг футбол тури билан шуғулланишларига шароит яратилди.

Техника асрида яшаяпмиз. Бу жараёнда компьютер технологиялари саводхонлиги жуда муҳим эканини изоҳлашга ҳожат йўқ. Шу боис, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида прокурор секторларида жойлашган умумтаълим мактабларининг 33 таси, мактабгача таълим муассасаларининг 9 таси ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг 9 таси оптик толали кабелларга уланди. Шунингдек, ташаббус доирасида Тўрақўрғон туман прокурори секторида жойлашган «Исҳоқхон Тўра Ибрат» хиёбонида, «Тонг» супермаркети ва Маданият саройларида «Wi-Fi» тармоғи орқали бепул хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Маълумки, ёшлар маънавия­тини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар дас­тури лойиҳаси тўртинчи ташаббус мақсадларида тўлиқ акс этган. Унга кўра, ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналари очиш ҳам белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи давомида вилоятимиз ёшларига 1 миллион дона китоб совға қилингани барчани қувонтирди. Айни пайтда мазкур китоб­лар вилоятнинг барча туманларига, чекка-чекка қишлоқларига етказиб берилмоқда. Мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят прокуратураси органлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, вилоят прокуратурасининг 190 нафарга яқин ходими томонидан ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини янада кучайтириш мақсадида ўзлари таълим олган умумий ўрта таълим муассасаларига 4000 донадан ортиқ турли хил мазмундаги адабиётлар топширилди. Шунингдек, вилоят марказидан  73 км. узоқликдаги Поп тумани 2-секторида жойлашган «Қандиғон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги туман маданият бўлимига қарашли маданият ва аҳоли дам олиш масканида вилоят прокуратураси ташаббуси билан зиё маскани ташкил этишга киришилди. Таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ниҳоясига етказилиб, мазкур кутубхона жорий йилнинг 25 май куни тантанали равишда очилди ва фойдаланишга топширилди. Шуниси аҳамиятлики, мазкур кутубхона барча зарур моддий-техник база билан таъминланган.

Бу масканда электрон кутубхона хизмати йўлга қўйилди, янги чоп этилган 4 500 дан ортиқ китоб фонди шакллантирилди.

Вилоятда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастурини ўз ичига олган 5-ташаббус бўйича прокурорлар секторларида 5 та тикувчилик цехи ташкил қилинди. Натижада, 410 та янги иш ўрни яратилгани эса хотин-қизлар бандлиги билан боғлиқ муаммолар ечимида ўзининг ижобий натижасини бериши кутилаяпти. Жумладан, Дастур ижроси доирасида Наманган шаҳридаги 2-секторда жойлашган собиқ «Са­мар­қанд» ширкат хўжалиги маъмурий биноси «Ўзпахтасаноат» АЖ маблағлари ҳисобидан тўлиқ таъмирланди. Ҳозирда бу масканда «Наманган барака чеварлари» МЧЖ фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур тикувчилик цехига Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 103 та замонавий тикувчилик дастгоҳлари ўрнатилган бўлиб, 250 та янги иш ўрни яратилди. Айни кунларда бу мўъжаз цехда 50 нафар ишсиз хотин-қизнинг банд­лиги таъминланган бўлса, яна 70 нафари «Устоз-шогирд» мактабида тикувчиликдан сабоқ олмоқда.

Бир сўз билан айтганда, беш ташаббус ёшларга қанот бўлмоқда.

Аҳмаджон ТЎХТАСИНОВ,

Наманган вилоят прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: