Тезкор хабарлар
Home /   / Беш ташаббус самаралари

Беш ташаббус самаралари

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган эди. Белгиланган вазифаларни республика бўйлаб сифатли амалга оширишда Тошкент вилоятининг Бўка туманида дастлабки тажриба амалиётлари бошланган эди.

Мазкур ташаббусни амалга оширишдан мақсад ёшлар бекорчилигининг олдини олиш, улар учун маданий тадбирлар, компьютер саводхонлиги ва интернет марказлари, спорт тўгаракларини ташкил этиш, шунингдек, китобхонликни оммалаштириш, китоб дўконлари, «book cafe»лар фаолиятини йўлга қўйиш, маънавий тадбирларни кўпайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашдан иборатдир.

Таъкидланишича, ушбу тажриба якунлангач, Бўка туманида ёшларнинг сифатли таълим олиши учун шарт-шароитлар бутунлай ўзгаради. Сабаби, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасидаги ташаббус билан аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш доирасида қатор ишлар амалга оширилади. Жумладан, вазирлик томонидан Бўка тумани марказида жойлашган «Ўзбекистон почтаси» АЖ биносида рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилади. Мазкур ўқув марказида 14 дан 30 ёшгача бўлган ёшларга ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича инновацион кўникмалар берилади, шунингдек, ахборот технологиялари, электрон тижорат, дастурлаш ва киберспорт асослари бепул ўқитилади. Шу билан бирга, тумандаги барча мактабларда ҳамда Баркамол авлод маркази ва Болалар интернатида компьютер технологиялари, компьютер ўйинлари ва киберспорт бўйича тўгараклар ташкил этилади. Айни вақт­да тумандаги 49 та мактаб, 14 та мактабгача таълим ва 10 та соғлиқни сақлаш муассасаларини юқори тезликдаги интернет хизматлари билан таъминлаш мақсадида оптик толали алоқа линияларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, мобиль алоқа қамрови бўлмаган «Катта Равот» МФЙдаги Боғ маҳалласига мобиль алоқа станциясини ўрнатиш ва мобиль алоқа сифатини яхшилаш мақсадида қўшимча 19 та база станцияларини ўрнатиш ишлари бошланган. Хуллас, ижтимоий объектларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш билан биргаликда чекка ҳудудлар аҳолисига ҳам сифатли телекоммуникация ва юқори тезликдаги интернет хизматларини кўрсатиш имконияти яратилмоқда. Қолаверса, туман марказининг Тинчлик кўчасида жойлашган мусиқа мактаби, А.Қодирий кўчасида жойлашган Бўка марказий маданият ва аҳоли дам олиш маскани, Ёшлар ижодиёт маркази, Амфитеатр майдони ва «Бўстон» маданият ва истироҳат боғида Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилади.

Ҳозирги пайтда мазкур ташаббус билан тумандаги «Бўстон» маҳалласидаги маданият маркази биноси тўлиқ таъмирланмоқда. «Ўзпахтасаноат» АЖ томонидан ишга туширилаётган енгил конструкцияли тикув цехи маҳалладаги 200 нафар хотин-қизни иш билан таъминлайди.

Айни вақтда мазкур ташаббуслар бўйича амалга оширилаётган ишларни аҳоли ўз кўзи билан кўрмоқда, иштирок этмоқда ва ишонмоқда. Яъни, ташаббуслар доирасида 4 та маҳалладаги маданият марказлари жадаллик билан таъмирланиб, жиҳозланмоқда. Мавжуд 40 та маҳаллада 2 минг 344 нафар спортсевар ёшлар ўртасида сўровлар ўтказилиб, улар янгидан ташкил этилаётган спорт тўгаракларига жалб этилди.

Тумандаги «Навобод», «Чавлисой», «Янгиқўрғон», «Каттаравот» ҳамда «Ўратепа» маҳаллаларида ҳам бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Қувонарлиси, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар қисқа вақт ичида ўз ечимини топмоқда. Шунингдек, маданият уйларини таъмирлаш, кутубхоналар, кинозал, концерт ва кўчма театр дастурлари, маданий ва мусиқий тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд боғларни ободонлаштириш, кичик аттракционлар, спорт ва болалар майдончалари ташкил этиш, ҳудуддаги барча мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, қишлоқ врачлик пунктларини таъмирлаш, спорт майдонларини хатловдан ўтказиш, ҳудудда яшаётган аҳоли, айниқса, аёллар банд­лигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Ёшлар орасида китобхонлик тар­ғиботини кучайтириш, кутубхоналар фондини бойитишга катта аҳамият қаратилаётгани бўкалик кекса-ю ёшни бирдек севинтиргани бор гап. Ишчи гуруҳ томонидан аввало, тумандаги барча мактаблар ва касб-ҳунар коллежларининг умумий ҳолати, кутубхоналар бўйича фотоальбомлар тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги 300 номдан зиёд, қарийб беш минг нусхадаги ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларини «Китоб карвони» акцияси доирасида етказиб берди. Туман марказий маданият саройида ташкил этилган китоб ярмаркасида 18 минг нусхадаги турли мавзудаги сараланган китоблар арзон нархларда сотилди.

Китоблар карвони билан туманга бамисли нур, барака киргандек бўлди. Бу бараканинг самараси ҳадемай туман ёшлари истиқболида юз очади.

Бешта ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш доирасида Бўка туманида бошланган саъй-ҳаракатлар кенг кўлам касб этиб бормоқда.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: