Home / Жиноят ва жазо / «Бесамар» ўтмаган кунлар

«Бесамар» ўтмаган кунлар

Такрор-такрор қилинаётган хато, бора-бора одатга айланади. Тузалиш имкони берилган инсоннинг «даволаниш»ни истамаслиги эса тарбия нуқсонидир.

Самар (исм-фамилия­лар ўзгартирилган) ўғирлик қилиб уч йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ёшлар иттифоқининг туман бўлими уни кафилликка олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо беришни сўради. Суд бир йил синов муддати билан Самарга жазо тайинлади.

Унга мураббий тайинланиб, бир неча марта профилактик ишлар олиб борилди. Маҳалла томонидан назоратга олинди. Аммо Самар бу муддатда қилмишидан пушаймон эканини исботлаб беролмади. ИИБ профилактика инспектори бир неча марта тунги вақтда уни уйидан тополмагач, жазони ижро этиш муассасасига мурожаат қилди. Шундан сўнг синов муддати бекор қилиниб, суд ҳукми билан та­йинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ижроси бошланди.

Кўп ўтмай Самар очиқда юрган кунларини “бесамар” ўтказмагани маълум бўлди.

Бир куни у соат ўнларда маҳалладоши Холбой аканинг уйига борди. Атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўзидаги калит билан дарвозани очди. Уйни обдон кўздан кечириб, иккита дрел, битта перфоратор ва бошқа асбобларни олиб чиқди. Ўғирланган буюмларни танишларига сотиб юборди. Шундан кейин яна Холбой аканинг уйига келиб, “Спарк” автомашинасининг тўртта баллонини олиб, баллон ямоқчиларига 200 минг сўмга сотди.

Кечга яқин келган Холбой ака уйи­га кимдир кирганини сезди. Жияни билан маслаҳатлашиб, уйининг айвонига видеокамера ўрнатишди.

Самар бир неча кундан сўнг яна шу ҳовлига келди. Бу сафар унинг ётоқхонадан 200 АҚШ доллари, “Нокиа” телефони, кийим-кечак, “LG” телевизори, тюнер, омборхонадан тўртта сирли лаган, беш хил хитой чинниси ҳамда битта кастрюлкани олиб чиққани кузатув камерасига тушиб қолди.

Суд мажлисида жабрланувчи унга етказилган зарар тўлиқ қоплаб берилгани, судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини баён қилди.

Суд ҳукми билан Самар Азизов аввалги жазонинг ўталмай қолган қисмини қўшиш йўли билан узил-кесил 3 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Джахонгир МИРСАФАЕВ,

Қўшработ тумани прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: