Home / Жиноят ва жазо / Берарда олар жонин…

Берарда олар жонин…

У тун ярмидан оққанда уйига қайтди. Ухлай олмай тонг оттирди. Эрталаб хотинига ёрилди. Мавжудахон эс-ҳушини йиққач, қариндошимиз — адвокатга учранг дея йўл кўрсатди. Адвокат Исҳоқжон эса прокуратурага айбига иқрорлик аризасини ёзиб берса, енгиллик бўлишини тушунтирди. У иқрорномани ёзиб берганидан сўнг орадан уч кун ўтиб Ёзёвон туманининг Қоратепа қишлоғи яқинида Катта Фарғона каналидан жасад топилди. Қотилликнинг боиси нимада? Ўттиз саккиз яшар йигит нима учун зоҳиран ўз синглисидай яқин муносабатда бўлган қизнинг жонига қасд қилди?

…Мева тердириб сотишда тажриба орт­тирган Хўжамберди (исм-фамилиялар ўзгартирилган) энди брокердан алоҳида ишлашни ихтиёр этади. Адир этагидаги боғ эгаси билан савдолашади. Нархини келишиб олгач, хамир учидан патир дея юз минг сўм беради. Эртаси куни саҳарда қўшни қишлоқ гузаридан тўрт нафар қиз ва аёлларни машинасига ўтқазиб боққа етиб келади. Бегонаси йўқ, опа-сингил, келин ва овсинлар билан уч йилча аввал мева теримида танишган эди. Кенжаси Ҳамида эпчил, хушчақчақ, меваларни саралаб қадоқлашнинг ҳадисини олганди. Кечки пайт яшикдаги мевани машинага юклаб жўнатганларидан сўнг Хўжамберди уларни енгил машинада қишлоққа элтиб қўяди. Одатдагидай хизмат ҳақини тақсимлаб беради. Ҳамида бу гал пулни олмайди. “Акамдай бўлиб қолдингиз, ўзингизда турсин, иш ҳақимни йиғиб, кўпайтириб берасиз, зориққанимда олиб тураман” дейди.

Шу тариқа Хўжамберди етти-саккиз йил мобайнида ҳар мавсум опа-сингиллар билан бирга ишлаган. Ҳамиданинг ишлаб топган пули Хўжамбердида жамланиб борган. Брокер май ойидан ноябрь ойигача боғлардан, ҳовлилардан харид қилиб, тердириб олган меваларни улгуржи савдогару агрофирмаларга устига нарх қўйиб сотган. Беш-олти йилда мўмай даромад топган. Иккита енгил машина харид қилган. Хўжамберди мавсумдан мавсумгача бўлган пайтда “Дамас” машинасида киракашлик қилган.

Ҳамида онаси билан яшаб турган уйи томорқасида мева кўчати етиштиришни ўрганади. Сўнгги икки йил мобайнида етиштириб сотган кўчат пулини ҳам сақлаб туриш учун Хўжамбердига бериб қўяди. Сиртдан ўқишга киради. Шартнома пулини Хўжамбердидаги пулидан олиб тўлайди. Акбарободлик Муҳиддин қизга ошиқ, уйланиш ниятида эди. Ҳамида смартфонини ишлата олмасдан суйган йигитига бериб қўяди. Ўзи “Самсунг” телефонидан фойдаланади. Смартфонни Муҳиддинга берганини билиб қолган Хўжамбердининг жаҳли чиқади. Ҳамида онасини даволатгани пул сўраб олганида баттар тутоқади. Брокер ҳамёни қаппайгани са­йин бир тийин устида етти думалайдиган очкўзга айланиб бормоқда эди. Оларда кирар, берарда чиқар жони деганларидай Ҳамиданинг пулини қайтариб бермоқчи эмасди. Қиз эса турмушга чиқиш арафасида “Ласетти” машинасини харид қилиш тараддудида эди.

— Синглим Ҳалимахон, марҳум кенжа синглим Ҳамида, акамнинг турмуш ўртоғи Мунисхон билан ҳар мавсум мева теримига чиқардик, — дейди Л.Маҳмудалиева. — Етти-саккиз йилдан буён Хўжамберди билан бирга ишладик. Биз мева терардик, кенжа синг­лим Ҳамида яшикларга жойларди. Хўжамберди теримчиларга 35-40 минг сўмдан, Ҳамидага кўпроқ — 50 минг сўмдан иш ҳақи берарди. Синглим иш ҳақини олмасдан Хўжамбердида сақлаб келганди. Зарурат бўлганда олиб турганини биламан. Ҳамида етиштирган кўчат пулини — ўн икки миллион сўмни ҳам унга бериб қўйганди. Синглим йиғилган пулига машина олмоқчи эди. Хўжамберди синглимни пулини бермаслик учун ўлдирган.

Суд жараёнида аниқланганидек, ёз куни эрталаб марҳум судланувчига қўнғироқ қилиб ишга қачон чиқишларини сўрайди. Хўжамберди ҳозирча иш йўқ дея телефонини ўчириб қўяди. Кечқурун уйи­дан чиқаётганида ташқарида Ҳамида қарши олади. Пулини беришни талаб қилади. Хўжамберди ваъдани қуюқ қилиб тинчлантиради. “Дамас” машинасида уйига элтиб қўяди. Эртаси куни Ҳамида билан кечгача бир неча бор телефонда гаплашади. Тунги соат ўн бирларда уйига боради. Уни “Дамас”га миндириб, Қувасой шаҳри йўлидаги Қалъача қишлоғи яқинида тўхтайди. Ҳамида гўё “Дамас” машинасини беришни талаб қилиб жанжал чиқаради. Хўжамберди унинг бўйнини чангаллаб, беш-ўн дақиқа бўғиб туради… Катта йўлга чиқиб, мурдани Қува туманининг “Оққўр­ғон” МФЙ ҳудудидан ўтган Катта Фар­ғона каналига ташлаб юборади.

— Менга сақлаб тургани пул бермаган, — дейди судланувчи Хўжамберди Ражабов. — Хотининг билан ажрашиб, менга уйланасан, “Дамас” машинасини номимга ўтказиб берасан деб жанжаллашгани туфайли бўғиб қўйдим.

Суд унинг ушбу важини айбини енгиллаштириш учун келтирган дея баҳолади. Суд мажлисида аниқланганидек, Х.Ражабов марҳум билан ака-сингилдай муносабатда бўлган, марҳум мева теримида ишлаб топган ҳамда кўчат сотиб топган пулини сақлаш учун унга бериб қўйган. Х.Ражабов у билан келиша олмасдан, пулини қайтаришдан қутулиш мақсадида унинг жонига қасд қилган. Суд очкўз қотилни ўн саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Кассация инстанцияси ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Ғайратжон Бакиров,

Фарғона вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: