Home /   / Baтaн ҳимoяcи мyқaддacдиp

Baтaн ҳимoяcи мyқaддacдиp

1993 йил 29 декабрда қабул қилинган «Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга биноан мамлакатимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни сифатида катта тантана билан нишонланади. Бу бежиз эмас, албатта. Сизу бизнинг тинчлигимизга, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ватан ҳимоячиларини ҳар қанча эъзозласак арзийди.

Ватанни севиш, ардоқлаш, ҳимоя қилиш – ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

Бугун кенг жамоатчилик Қуролли кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт посбонларига кўрсатилаётган эътибордан яхши хабардор. Президентимиз, Қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев белгилаб берган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди. Қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди.

Бугун армия ва халқ якдиллигини таъминлаш борасида қилинаётган ишларда давлат ҳокимияти органларининг роли беқиёс бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Энг катта янгилик ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ишининг йўлга қўйилгани бўлди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз бўйлаб сафари давомида вилоятлардаги ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти билан ҳам яқиндан танишаяпти. Ҳарбий хизматчиларнинг машғулотларини кузатиб, аскар ва офицерлар билан мулоқот қилаяпти. Қуролли кучларимиз сафида шундай содиқ ўғлонларнинг борлиги тинч ва осуда ҳаётга бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 28 ноябрда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида Шавкат Мирзиёев томонидан Қуролли кучларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни давр талаби даражасида ташкил этиш вазифалари белгилаб берилган эди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекис­тон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди.

Қонунга биноан олий маълумотли оддий аскарлар ва офицерлар учун муддатли ҳарбий хизмат вақти 12 ой қилиб белгиланди. Бу билан олий маълумотга эга бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш натижасида лавозимларнинг 3 ой давомида бўш қолишига барҳам берилди. Чақирилувчилар эндиликда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг ўқув муассасаларида эмас, балки мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказларда ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрланади. Чақирув март-апрель ойларида ўтказилиши белгиланди. Чақирув даврининг қишдан баҳорга ўтказилиши натижасида чақирув ва йиғин пунктлари хоналарини иситишга сарфланадиган харажатлар тежалиб, қўшинларга юборилаётган фуқаролар учун қулай шароит ҳамда узоқ (тоғли) ҳудудларда яшовчиларнинг чақирув ва йиғин пунктларига ўз вақтида етиб келишига имконият яратилди. Халқ ва армия бирлигини ифодалаган, халқимизни улуғ бир ғоя атрофида жипс­лаштирадиган Ватанга қасамёд матни ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Қасамёд матни миллий руҳ ва шонли тарихимизни, мардликни, садоқатни, улуғ аждодларимизга муносиб бўлиш туйғуларини ўзида мужассам этди.

Шунингдек, 2019 йил 12 сентя­брда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Янги таҳрирдаги низом аввалгисидан 80 фоиз фарқ қилади.

Йил давомида қўшинларнинг ўқув-моддий базасини, ҳарбий шаҳарча ва полигонларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш, бўлинмаларни янги қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва бошқа зарур анжомлар билан таъминлаш ишлари давом эттирилди.

Қўшин турларининг ҳамкорлигини ташкил этиш, қўлланиш тактикаси ва стратегиясининг замонавий тажрибаси чуқур ўрганилди. Бу жараён жанговар шароитга максимал даражада яқинлаштирилган ҳолда ташкил этилаётган гуруҳ, взвод ва батальон тактик ўқувларида қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг энг янги намуналарини қўллаш, жангчиларнинг яшовчанлигини ошириш, мураккаб ҳудудларда топшириқларни минимал йўқотишлар билан бажариш каби машқларда ўз аксини топди.

Хорижий давлатларнинг мудофаа идоралари билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида нуфузли ҳарбий академиялар ва марказлар вакиллари билан тажриба алмашилди, семинар-тренинглар ўтказилди. Туркия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Буюк Британия каби мамлакатларнинг мудофаа академиялари, стратегик тадқиқотлар марказлари вакиллари қатнашган тадбирлар долзарб масалалар бўйича хорижий экспертларнинг илмий қарашлари ва хулосаларини ўрганиш, соҳадаги энг сўнгги маълумотлардан хабардор бўлиш ва уларни таҳлил қилиш, Қуролли кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб бориш тажрибасини пухта эгаллаш имконини берди.

Ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш ва ахлоқий-руҳий тайёргарлигини юксалтириш йўналишида барча ҳаракатлар «Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» деган концептуал ғоя асосида амалга оширилмоқда. 2019 йилда етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда 10 мингдан зиёд маънавий-маърифий тадбир, буюк саркарда ва алломаларимизнинг илмий меросини ўрганишга бағишланган давра суҳбатлари ва семинарлар, китобхонлик кечалари ва танловлар ўтказилди.

Қуролли кучлар тизимида ахлоқий-руҳий таъминот концепцияси ишлаб чиқилди. Ҳарбий хизматчиларнинг миллий ва жанговар руҳини юксалтиришга қаратилган бир қатор махсус тактик машқлар ўтказилди. Маънавий ва маърифий ишларнинг юқори савияда ташкил қилиниши натижасида ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳияти ошиб, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, фидойи ҳарбий хизматчилар сафи кенгаймоқда.

Оиласидан кўнгли тўқ, рўзғори обод бўлган инсоннинг ишида унум бўлади. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган эътибор замирида мана шу тамойил бор. Бу йўналишда босқичма-босқич бажарилган ишлар самараси ўлароқ ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий-маиший, яшаш ва хизматни ўташ шароитлари яхшиланди. Уй таъминоти мукаммал равишда йўлга қўйилгани айниқса қувонарлидир. Бу борада бир қатор дас­турлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар амалиётга татбиқ қилинди. 2019 йилда ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган кўп қаватли уйлардаги 1974 та хонадон фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда ҳам ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Барча ватан ҳимоячиларини ушбу байрам билан табриклаймиз ҳамда уларга оилавий тинчлик, хотиржамлик, саломатлик тилаб қоламиз. Ҳаётингиз доимо шараф ва зафарларга тўлиқ бўлсин. Ватанимиз осмони доимо мусаффо бўлиши учун ҳар доимгидек куч-ғайратингизни аяманг!

Исмоилжон Абдухакимов,

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: