Home /   / Барчаси фаровонлик учун

Барчаси фаровонлик учун

Бугунги кунда Андижон вилоятида прокуратура секторидаги ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Вилоятда прокурор секторлари 200 та фуқаролар йиғини ҳудудини қамраб олган бўлиб, улардаги 125 288 та хонадонда яшовчи 723 209 кишининг оилавий шароитини, ижтимоий муҳофазасини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун секторларда 59 та гуруҳ ташкил этилиб, уларга 283 нафар ходим (мутахассис) жалб этилган.

2019 йили ушбу гуруҳлар томонидан уйма-уй юриш давомида аниқланган 24 598 та муаммо бартараф қилинган. Хусусан, Жалақудуқ туманидаги 583 нафар ногирон тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 19 нафари ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Ш.Одилжоновга 0,5 гектар ер берилиб, бино қуриш ва ипакдан шойи тўқиш ускуналарини сотиб олиши учун 210 минг АҚШ доллари ва 600 млн. сўм кредит олишида ёрдам кўрсатилган. Натижада тадбиркор томонидан «РД Силк корпорейшн» МЧЖ ташкил этилди ва 35 та янги иш ўрни яратилди.

Бўз тумани прокурори сектори ҳудудида яшовчи А.Холиқовга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун «Чашма» МФЙнинг Ободлик кўчасида бино ва 950 млн. сўм кредит ажратилишида кўмаклашилди. Натижада туманда янги «Бўз бройлер» МЧЖ ташкил этилиб, 20 киши иш билан таъминланди.

Шу билан бирга ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган 141 та муаммо бартараф этилган. Масалан, «Нурафшон» МФЙда яшовчи А.Умаровга 25 млн. сўм кредит ажратилган ҳолда унинг хонадонида давлат-хусусий шерикчилиги асосида мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилиши натижасида тарбияланувчилар қамрови 66 фоизга кўтарилди.

Булоқбоши тумани «Шохгузар» МФЙда яшовчи Б.Юнусовга ҳам ноль қийматда бино ажратилиб, 708 млн. сўм эвазига давлат-хусусий шерикчилиги асосида «Bright kids» мактабгача таълим муассасаси қурилишида ёрдам кўрсатилди ва 8 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Шу билан бир қаторда республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган  6 та муаммога доир таклифлар Бош прокуратура томонидан кўриб чиқилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилаяпти. Тиббиёт бирлашмаларининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида болалар реанимация ва анестезиология бўлимларини ташкил этиш ва уларни мутахассислар билан таъминлаш, вилоятдаги Қирғизистон ва бошқа давлатлардан кўчиб келган фуқароларга Ўзбекистон фуқаролигини бериш каби масалалар шулар жумласидандир.

Прокурорлар секторларида Президентнинг бешта ташаббусини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Бўз тумани «Гулистон» МФЙнинг Гулзор кўчасида яшовчи Ф.Деҳқоновга 145 млн. сўм кредит ажратилиши ва 4-умумтаълим мактаби ҳудудида шу маблағ ҳисобидан кичик стадион қурилишида ёрдам кўрсатилиб, ёшлар учун футбол тўгараги ташкил этилди. Шунингдек, Булоқбоши тумани «Қумариқ» МФЙ Камалак кўчасида яшовчи М.Сиддиқовага тикув машиналари сотиб олиб тадбиркорлик билан шуғулланиши учун 30 млн. сўм имтиёзли кредит олишига ёрдам берилди. Бунинг натижасида ҳудуддаги 6 нафар аёл иш билан таъминланди.

Қолаверса, ҳар бир ҳудудда аниқланган муаммоларни ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, уларнинг ижроси юзасидан сектор раҳбарларининг халқ депутатлари кенгашлари сессияларида ҳисоботларини эшитиш амалиёти йўлга қўйилган.

Бундай ижобий ишларни вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин.

Одилжон Ишанкулов,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: