Home /   / Барча ҳаракатларимиз халқ фаровонлиги учун

Барча ҳаракатларимиз халқ фаровонлиги учун

 

Гайратжон ФОЗИЛОВ, Андижон вилояти прокурори

Вилоятда 2019 йилда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 6 мингдан зиёд прокурор назорати ҳужжати қўлланиб, 3540 кишининг бузилган ҳуқуқи тикланди.

Жумладан, прокурор протестлари асосида қонунга зид 708 та ҳуқуқий ҳужжат бекор қилинди, 639 таси қонунларга мувофиқлаштирилди, қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 1743 та тақдимнома киритилди.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 1448 нафар шахс расман огоҳлантирилди, қонун бузилишига йўл қўйган 3790 киши интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Жиддий қонунбузилишлар бўйича 62 та жиноят иши қўзғатилди ва судларга 2,1 млрд. сўмлик зарарни ундириш ҳақида 341 та ариза киритилди. Бундан ташқари, текшириш ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан 25 млрд. сўмлик зарар ундирилиши таъминланди.

Ўтган йили прокуратура органлари томонидан тадбиркорларнинг муаммосини қонун доирасида ҳал этиш мақсадида тадбиркорлар иштирокида 677 марта учрашув ўтказилди. 1302 та тадбиркорлик субъектининг муаммоси ҳал этилиши таъминланди. Жумладан, 670 та тадбиркорга 19,5 млрд. сўм кредит, 41 тасига ер, 20 тасига бино, 35 тасига рухсатнома олиб берилди, 118 таси коммуникация тармоқларига уланиши таъминланди, 418 нафарига бош­қа масалада ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Бу даврда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ жами 383 та мурожаатнинг 97 таси қаноатлантирилган, 286 тасига тушунтириш берилган.

Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва банд­лигини таъминлаш, пенсия, нафақа ва иш ҳақи ўз вақтида тўланиши устидан доимий назорат ўрнатилган. Тадбирлар натижасида пенсия, нафақа ва иш ҳақи учун талаб этилган биринчи даражали тўловлар тўлиқ тўланишига эришилган.

Аҳолига малакали, сифатли, замон талаблари ва стандартларига мос тиббий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилиши натижасида болалар ўлими, шунингдек, аҳоли орасида юқумли касалликларга чалинганлар сонининг камайишига эришилди.

Келгусида ҳам бу борадаги назорат тадбирлари кучайтирилади ва албатта айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланади.

Аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида қилинган ишларга тўхталсак, бўш иш ўринларидан фойдаланиш, ходимларни талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича қайта тайёрлаш ҳисобига ишга жойлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар дастури бажарилди.

Мамлакатимизда фуқароларнинг таълим олишини таъминлаш борасида қатор ишлар қилинмоқда. Вилоят прокуратура органлари ўтказган тадбирларда асосий эътибор вояга етмаганларнинг таълим-тарбияси, ижтимоий ҳимояси, соғлиғи ва бандлигини таъминлашга қаратилди. Натижада вояга етмаганлар содир этган жиноятларнинг камайишига эришилган.

Шу билан бирга, профилактик ишларда кўзланган натижага эришилмагани сабабли ўғирлик жинояти Жалақудуқ туманида, Хонобод шаҳрида, Андижон, Булоқбоши ва Улуғнор туманларида, талончилик Избоскан туманида, номусга тегиш Андижон туманида ортган.

Айни пайтда мансабдор шахслар томонидан фуқароларнинг мурожаатига беписанд муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу халқ орасида нафақат шу амалдорнинг, балки у раҳбарлик қилаётган идоранинг ҳам обрўсига путур етказади. Улар халққа муносабатини тубдан ўзгартириши, қонун талабларига қатъий риоя қилиб ишлаши лозим.

Прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва қонунларни тарғиб қилишдан иборат. Ана шу мақсадда ўтган йили прокуратура органлари томонидан қонунларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш мақсадида 7 минга яқин тарғибот тадбири ўтказилди. Оммавий ахборот воситаларида 1000 дан ортиқ чиқиш қилинди.

Ўтган йили ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг раҳбарлари иштирокида жойларда мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 37 та йиғилиши ўтказилиб, биргаликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланган. Мазкур тадбирларда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтиришга, бу борада давлат бошқарув органлари, нодав­лат ташкилотлар ва жамоатчилик билан ҳамкорлик самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Булардан ташқари, вилоят прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Сектор раҳбарлари ва ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 204 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 129 мингдан зиёд хонадоннинг барчаси ўрганилиб, аниқланган 19827 та муаммонинг 97 фоизи бартараф этилган бўлса, 551 тасини ҳал этиш бўйича тегишли идораларга топшириқлар берилган.

Вилоят прокурори секторидаги 9105 нафар ногироннинг 6775 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 1219 нафарига даволаш ва профилактика масканларига бепул йўлланмалар берилди, 80 нафари қўлтиқтаёқ, 92 нафари эшитиш мосламаси ва 224 нафари ногиронлик аравачаси билан таъминланди.

Аҳолига электр энергиясини узлуксиз ва сифатли етказиб бериш вилоятнинг энг оғриқли масалаларидан бири бўлгани сабабли ушбу муаммога ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган давр мобайнида 2670 та яроқсиз электр симёғочлар алмаштирилди, 89119 метр электр сими янгиланди, эскирган трансформаторларнинг 669 таси таъмирланди, 53 та янги трансформатор ўрнатилди.

Ошкоралик прокуратура органлари фаолиятининг асосий принципларидан бири ҳисобланиб, вилоят, туман, шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ҳар йили халқ депутатлари кенгашларига қонунийлик ҳамда жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида ҳисобот беради.

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг 2020 йил 4 февраль куни ўтказилган 2-сессиясида вилоят прокурорининг ҳисоботи тингланди.

Депутатлар вилоят прокурорининг қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қилинган ишлар, шунингдек, бириктирилган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, эришилган натижалар ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқладилар.

 

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: