Home /   / Банкротлик таомиллари: қисқараётган муддат, пасайтирилаётган сумма

Банкротлик таомиллари: қисқараётган муддат, пасайтирилаётган сумма

Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўринларини сезиларли равишда яхшилаш борасида топшириқ ва вазифалар берилган эди. Буни амалга ошириш учун эса, табиийки, аввало, вазиятни ўнглаш, ишни орқага тортаётган муаммоларнинг асл сабабларини аниқлаш лозим.

Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш, суд бошқарувчилари фаолиятини такомиллаштириш, халқаро рейтингларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш, 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талабларини ҳамда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорни имзолади.

Президентимизнинг ушбу қарори соҳадаги ана шу чалкашликларга барҳам бериш, банкротлик ҳолатларини қайд этишнинг соддалаштирилган, шаффоф тизимини амалиётга жорий этишни таъминлайди.

Унга кўра, 2019 йил 1 июлдан эътиборан, агар солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имкони бўлмаса, давлат солиқ хизмати органлари ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлади. Амалдаги қонунчиликда эса бундай муддат умуман белгиланмаган эди.

Иккинчидан, банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг камида уч юз баравари, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, суд томонидан банкротлик тўғрисидаги иш қўзғатилиши мумкин.

Ушбу суммаларнинг сезиларли даражада пасайтирилиши ҳам бежиз эмас. Амалдаги банкротликка оид қонунчиликка кўра, банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш учун қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси энг кам иш ҳақининг камида беш юз баравари, қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки ушбу мақомни йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақининг ўттиз бараварини ташкил этиши лозим эди. Бу ҳолат ўз-ўзидан кредиторлик қарзларининг асоссиз равишда ошиб кетишига олиб келади.

Учинчидан, тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда ушбу муддат банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Ваҳоланки, бунга қадар банкротлик ишлари бир йил ичида кўриб чиқилган бўлса, ушбу муддатни белгиланмаган муддатга узайтириш имконияти мавжуд эди. Бу эса банкротлик ишларининг асоссиз равишда чўзилишига шароит яратаётган эди. Мисол учун, 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, 64 та банкротлик ишини кўриш муддати бир йилдан, 26 тасиники икки йилдан ортиқ муддатга чўзилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, бенефициар ва афилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги тўғ­рисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мазкур шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликда эса жавобгар шахсларнинг доираси келтирилиб ўтилмаган эди.

Бундан ташқари, қарорда банкротлик таомили қўлланилган қарздорлар мулкининг тақдирига ҳам аниқлик киритилган. Бундан буён қарздорларнинг мол-мулки аввалгидек аукцион ва танлов савдоларида эмас, балки суд бошқарувчилари томонидан «Е-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали, ҳамманинг кўз ўнгида, шаффоф тарзда сотилади. Табиийки, бу билан жараёндаги айрим қинғирликларга ҳам бар­ҳам берилади.

Қайд этиш керакки, Ўз­бекис­тон суд бошқарувчилари ассоциациясининг ҳуқуқ ва ваколатлари шу кунга қадар аниқ белгилаб қўйилмаган эди. Айни мазкур қарор билан ушбу тузилмага бир қатор масъулиятли вазифалар юклатилмоқда.

Ўз навбатида, Президент қарорига мувофиқ, соҳага доир бир нечта қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифалари белгиланган. Хусусан, сохта банкротлик, банкротликни яширганлик ва қасддан банкротликка олиб келганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун ва янги таҳрирдаги «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси шулар жумласидандир.

Хулоса қилиб айтганда, қарорнинг қабул қилиниши билан эндиликда солиқ ва мажбурий тўловларни ундириш кўрсаткичини ошириш, тизимдаги мавжуд коррупция ҳолатларини пасайтириш, кредиторларнинг қарздор мол-мулкларига эга бўлиш учун сарфлаётган қимматли вақти ва молиявий сарф-харажатларини қисқартириш имконияти пайдо бўлади. Тизимда ана шундай шаффофлик ва қулайликларнинг таъминланиши эса, юқорида айтиб ўтилган Халқаро бизнес юритиш рейтингида давлатимизнинг ўрни ва мавқеини яхшилаб олишга ҳам хизмат қилади.

Отабек Йўлдошев,

Сирдарё вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: