Home /   / Бандлик марказидаги кўзбўямачилик

Бандлик марказидаги кўзбўямачилик

Суд ҳукмларининг аксариятида судланувчининг вақтинча ишсизлиги қайд этилган. Ҳуқуқбузарликларнинг билвосита сабаби — бандлик муаммоси бўлиб, уни ҳал этиш устида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвесторлар, айниқса, хорижий инвестицияларни жалб этиш, кичик бизнес йўлидаги ҳар қандай тўсиқларни олиб ташлаш, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, ҳунар­манд­чилик билан шуғулланиш учун қулай шарт-шароит ва имкониятларни ҳавола этишга оид қонун ҳужжатлари ижросининг таъминланиши баробарида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш корхоналарида қўшимча ва янги иш ўринлари яратилмоқда. Вақтинча ишсизлар жамоат ишларига жалб этилмоқда.

Аҳолиси зич бўлган Фарғона вилоятида ишсизлик муаммосини ҳал этиш долзарб масалалардан бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича Давлат буюртмаси тўғрисида”ги Қарорига асосан вилоятимизда 42 217 та янги иш ўрни яратишнинг манзилли дастури ишлаб чиқилган. Жорий  йилнинг беш ойи мобайнида дастур бўйича 10 611 та, кўзда тутилганига нисбатан 640 та кўпроқ иш ўрни яратилди.

Шаҳар ва туман бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан рўйхатга олинган иш изловчи фуқаролар, хотин-қизлар, ёшлар, меҳнат мигрантларининг 15 104 нафари ишга жойлаштирилди. 3009 нафарига (шундан 2524 нафари аёллар) ишсизлик мақоми берилиб, 1639 нафари турли касбларга қайта ўқишга юборилди. 1370 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди. Бундан ташқари, 25 554 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилди.  Бевосита вилоят прокуратурасининг амалий ёрдами билан  3466 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Прокуратура ташаббуси билан бандликка кўмаклашиш марказлари ва ҳамкор ташкилотлар томонидан биргаликда 100 маротаба ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаларида ишсизларнинг 3193 нафари ишга жойлашиш имкониятидан фойдаланди.

Иш ахтараётган фуқароларнинг 218 нафарига ишсизлик мақоми тайинланиб, касбга ўқишга юборилди. 1235 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахслар, шу жумладан, ногиронлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган фуқаролар учун корхона ва ташкилотларда   24 мингдан зиёд иш ўрни банд қилинган. Жорий йилнинг беш ойи мобайнида ушбу захира иш ўринларига 9693 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан ҳудудларда фуқароларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Бувайда туманида прокурор секторида ўтказилган тадбир давомида 96 нафар фуқаро (52 нафари кам таъминланган оилалардан) ишга жойлаштирилди. Вилоят прокурори томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда амалий ёрдам сўраб келган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан сайёр қабулларда мурожаат этган 171 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Хусусан, Қўштепа туманида бўлиб ўтган қабулда “Шодлик” МФЙда яшовчи А.Толиповнинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, туман ободонлаштириш бош­қармасига жамоат ишчиси вазифасига ишга қабул қилинган.

Айни чоғда аҳоли бандлигига  оид қонунчилик ижроси мунтазам таҳлил қилинмоқда. Ўрганишларда айрим бандликка кўмаклашиш марказлари мансабдор шахслари томонидан қўпол қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйиб келинаётгани аниқланмоқда. Хусусан, Қўқон шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари “Ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ташкил қилиш тўғрисида”ги Низом талабларини қўпол равишда бузишган. Буюртмачи иш берувчи “Kokand future shoes” МЧЖдан ишсиз шахс сифатида тақдим қилинган рўйхатдаги 35 нафар “ишсизлар” аслида жамиятда узоқ йиллардан буён ишлаб келишган. Уларни ишсиз сифатида жамоат ишларига жалб қилиш ҳақида тақдим этилган буюртманомалар асосида жам­ғарма маблағлари асоссиз тўлаб юборилган.

Йил бошидан олиб борилган таҳлиллар натижасига кўра қонун ҳужжатларига зид бўлган 72 та ҳуқуқий ҳужжатга протест келтирилиб, бекор қилинди ёки қонун талабларига мувофиқлаштирилди. Қонун бузилиши сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича жойларга 13 та тақдимнома киритилди. 47 нафар шахс маъмурий, 13 нафари эса интизомий жавобгарликка тортилди. Судларга 291 та даъво аризаси киритилиб, 2242 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланди. 51 миллион сўмлик зарар ихтиёрий ундирилди.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи давомида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида берган топшириқлари бўйича шаҳар ва туманларнинг тўртала секторида ҳар ойда бир мартадан меҳнат ярмаркалари ўтказиш режаси ишлаб чиқилди. 532 маротаба ўтказиладиган бўш иш ўринлари ярмаркаларида банд бўлмаган фуқаролар, ёшлар ишга жойлашиш имкониятидан фойдаланишади.  28 та “Ёшлар меҳнат гузарлари” ва Қўштепа туманида “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ташкил этилиб, минг нафарга яқин ёшлар иш билан таъминланади.

Анваржон Назаров,

Фарғона вилоят прокуратураси

бўлим катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: