Home /   / Бaлoғaтгa eтaëтгaн бoлa…

Бaлoғaтгa eтaëтгaн бoлa…

Қадимги юнон файласуфи Суқротдан сўрашибди:

– Сиз катталарга эмас, кўпроқ ёшларга эътибор қиласиз, бунинг сабаби нима?

Суқрот шундай жавоб берибди:

– Ёшлар дарахт ниҳолига ўхшайди. Қандай эгсанг, шундай эгилади. Менинг насиҳатларимни ҳам тошга муҳр ўйгандек қалбларига жойлаштириб олади. Бунинг аҳамияти эса ғоят каттадир. Шунинг учун мен кўпроқ ёшларга эътибор қаратаман.

Шу гапларни тез-тез эслайман. Чунки мен ҳам фарзанд тарбиялаяпман, улардан умидларим бисёр… Ҳатто «Оз-оз ўрганиб доно бўлур» деган ҳикматлар китобининг «Бахт-саодатни изласангиз топа олмайсиз, зиммангиздаги инсоний вазифаларни адо этинг, бахтнинг ўзи келади» битиги бор саҳифасига хатчўп солиб қўйганман. Қидирганда топиш осон бўлиши ва ҳар гал шу қайдларни қайта ўқиш, уқиш учун…

Одатда тарбия ҳақида гап кетса, кўпроқ қизларга тўхталишга ўрганиб қолганмиз. Бироқ ўғил болалар-чи? Улар ўз-ўзидан катта бўлиб қоладими? Улар келажакда оила бошлиғи, юрт ҳимоячиси бўлиб етишиши учун кичкиналигидан тайёрлаб бориш керак эмасми? Гоҳо уларнинг эркалик ва шўхликларини ёшликка йўямиз. «Катта бўлса, босилиб қолади» дея ўзимизга таскин берамиз. Ҳатто ўсмирлик даврида камгап, баъзан серзарда, гап кўтармас бўлиб қолганини кўриб ҳам жим кузатамиз: «Бир-икки йилда босилиб қолади…». Наздимизда бу барча ўсмирларда учрайдиган, ўтиб кетадиган давр. Чиндан ҳам шундай. Бироқ бу вазиятдаги фарзандимизни ўз ҳолига ташлаб қўйсак қанчалик адолатдан бўлади?!

Бир ҳолатни таҳлил қилайлик. Балоғат ёшидаги бола отасининг тергашларини кўтаролмай, унга гап қайтара бош­лади. Бир қарашда у чиндан ҳам ноҳақ, катталар, айниқса, отасининг олдида ўзини босиши даркор. Аммо у бунинг уддасидан чиқа олмади. Бундан жаҳли чиққан ота кўпчилик олдида уни қаттиқ уришиб ташлади. Бу ўсмирга оғир ботди. Ўзини «бир нима қилиш»га уринди.

Хайриятки, вақтида билиб қолишди, фалокатнинг олди олинди. Бироқ юракларда алланечук ўчмас жароҳат қолди…

Мазкур воқеа ҳақида гап борганда, «арзимас гап-сўз сабаб…» дея таъриф бергувчилар кўп. Аслида ҳам арзимас гап-сўз… Бироқ уни ўсмир кўтаролмади…

Биз ҳаётнинг паст-баландини кўриб бўлдик, аччиқ-чучукни кўтара оламиз. Аммо у эндигина бу нарсаларга тушуниб бораяпти, ҳаётга қараши ўзгараяпти. Буни тўғри тушунмоғимиз, унга кўмакчи бўлмоғимиз шарт. Масалан, у билан самимий суҳбат қилишимиз унга далда бўлади. Қолаверса, ана шу суҳбатлар орасида бошқа нарсалар билан банд бўлиб, ўқишини ҳам унутиб қўймаслиги кераклигини тушунтирсак, буни тўғри тушунади.

Биз-чи?! Фарзандларимизнинг кўз ўнгида ўзимизни беҳурмат қилиб бир-биримиз билан гап талашамиз, айб­ларимизни юзимизга соламиз, оиланинг икир-чикирларигача улар олдида муҳокама қиламиз. Кейин эса «Боламиз нима учун жиззаки?», «Ўсмирлар орасида нега майда безориликлар кўп?» сингари саволлар гирдобида қоламиз.

Ёшлар масаласи ҳар бир давр, давлат ва оила учун доимо долзарб. Оилада ота-оналарнинг дунёқараши, маънавияти, ҳаётдан олган сабоқлари тарбиянинг негизини ташкил этади. Ўз навбатида, ёшларнинг ҳаётдан ва оиладан олган сабоқлари уларнинг келажагини белгилаб беради.

Улуғ мутафаккир Фитратнинг сўзларига эътибор беринг-а.

«Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ».

Ҳақиқатан ҳам ўз боламизни қандай тарбия қилсак, келажагимиз ҳам шундай бўлишини ҳар бир инсон тушуниб етса кошкийди. Бошига кулфат тушганида ёки фарзандининг ҳаракатидан норози бўлганда айримлар «Мен тарбиянинг қаерида хато қилдим?» дея пушаймон қилса, айримлар ёшларни бебошликда, масъулиятсизликда айблаб, ўзлари бу ёшда жуда одобли, тарбияли бўлганларини рўкач қилади…

Шу ўринда эътиборингизни яна бир жиҳатга қаратмоқчиман.

Бугун интернет, жаҳон оммавий ахборот воситалари хабарларини кузатаётганлар глобал иқтисодий муаммолар асносида бутун дунёда жиноятчилик кўлами ортиб бораётганини яққолроқ сезмоқда. Америка, Европа, Осиё ва Африканинг қатор мамлакатларидаги нохуш манзаралар маънавият мавзуси тобора долзарб аҳамият касб этаётганидан далолатдир. Шунинг учун ҳам Европадаги қатор давлатларнинг парламентлари депутатлари мактабни нафақат таълим, балки асосий тарбия масканига айлантириш учун таълим концепциясини қайта кўриб чиқиш, мактаб ва оилаларда меҳр-муҳаббат ва аҳилликни кучайтиришга, оммавий ахборот воситаларида эса зўравонликни тарғиб этувчи чиқишларни тақиқлашга чақирмоқдалар.

Хориж матбуоти хабарларига кўра АҚШда 7,5 миллион боланинг ота-онаси ҳаддан ташқари кўп шароб истеъмол қилиши аниқланган. Бу шу ёшдаги америкаликларнинг 10,5 фоизи деганидир. Энг ачинарлиси, бу болаларнинг 1,4 миллион нафарини отаси ё онаси ёлғиз тарбиялаяпти. Психологлар ота-оналарнинг бундай хулқи болаларни ҳам пиёнистага айлантиришини айтиб огоҳлантиришмоқда.

Францияда юқори синф ўқувчиларининг 6 фоиздан кўпроғи мунтазам равишда наркотик моддалар, 13 фоизи спиртли ичимликлар истеъмол қилар экан. Бундан-да аянчлиси, шаҳарларда одамлар кўнглига ғулғула солиш билан шуғулланаётган ўсмирлар турли ноқонуний гуруҳларга уюшмоқда. Бунинг оқибатида содир этилаётган жиноятлар ортидан ахлоқ тузатиш колониялари ўсмирлар билан тўлиб-тошаяпти. Хорижлик экспертларнинг фикрича, бу маънавият соҳасида пайдо бўлган бўшлиқ ва тарбиядаги эътиборсизлик натижасидир.

Афсуски, ана шу бўшлиқ ортидан бугун дунёнинг бир қатор мамлакатларида оила ва жамият ҳаёти жиддий хавф остида қолмоқда. Мактаб ва университетларда қуролли ҳужумлар содир этилаётгани, катта шаҳарлар кўчаларида криминал унсурларнинг бемалол фаолият юритаётгани, улар куппа-кундузи хорижликларни ўлдириб кетаётгани, эркак билан аёл ўртасида фарқ қолмаётгани, ёшларнинг фаҳшни тарғиб этадиган журналлардаги чиқишлари жамоатчиликни хавотирга солаяпти.

ОАВ хабарларига кўра балоғатга етмаганлар орасидаги жиноятчилик кўлами бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлардан яна бири Буюк Британиядир. Ҳар йили қиролликдаги ҳар тўрт ўқитувчининг бири ўқувчилар зўравонлиги қурбонига айланмоқда. Натижада Англия ва Уэлсдаги педагоглар орасида ўз жонига қасд қилиш ўртача 40 фоиздан ортган.

Таҳлилчилар жануби-шарқий Осиёнинг йирик мамлакатларидан бири – Ҳиндистонда аҳолининг 40 фоиздан зиёди саводсиз эканига эътибор қаратмоқда. Таъкидлаш жоизки, саводсизларнинг деярли барчаси қашшоқлардир. Шу билан бирга, туғилишнинг кўплиги болаларни таълим тизимига тўлиқ жалб этиш имконини бермаяпти.

Келажак ёшлар қўлида экани ва уни бундай қашшоқ, илмсиз болалар билан қуриб бўлмаслигини Ҳиндистон ҳукумати яхши тушунади, албатта. Шунинг учун кейинги йилларда амалга оширилаётган ижтимоий дастурларда бу масалага алоҳида ўрин берилмоқда. Хусусан, мамлакатда қашшоқликка қарши кураш ва болалар меҳнатини тартибга солишга жиддий эътибор қаратиляпти.

Таҳлилчилар бола тарбияси учун миллиардлаб маблағ сарфлаш шарт эмаслиги, балки уни оиладан бошлаш, мактаб ва оила ўртасида мунтазам алоқа ўрнатиш кутилган натижани беришини таъкидлашмоқда.

Кўраяпсизми, гап айланиб яна оилага келиб тақалаверади. Инсон қай даражада шаклланишини ўз оиласидаги муҳит белгилайди деган хулоса қайта-қайта тасдиғини топаяпти.

Қиз ҳам, ўғил ҳам ўзимизнинг жигарбандимиз. Уларнинг қай бирига тикон кирса, бизнинг юрагимизга санчилиши тайин. Шу боис фарзандларимиз тарбиясига гўдаклик чоғиданоқ эътиборли бўлайлик. Зеро, уларнинг мўминлиги, солиҳлиги нафақат бизнинг, балки жамиятимизнинг ҳам бахтидир.

Нилуфар НИЁЗОВА,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: