Home /   / Ҳазил билан бошланган жиноят

Ҳазил билан бошланган жиноят

Суднинг қора курсисида ўтирган 6 нафар йигитнинг энг каттаси 1998, кичиги эса 2001 йилда туғилганини эшитиб, ҳам ҳайрон бўласан, ҳам уларга ачинасан, киши. Улардан уч нафари  коллеж ўқувчиси бўлгани ҳолда, бир нафари ҳатто маҳалла посбони сифатида фаолият юритган.

Ҳаммаси Шоҳруҳ (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг поччаси Қобилга оқибатини ўйламай қилган ҳазилидан бошланди. Қобил гилам ювиш цехида маиший техникани таъмирлаш билан шуғулланар, қайниси унга шогирд эди. Иш пайтида Шоҳруҳ ҳазил аралаш цех бошлиғининг оғайниси анчагина автомагнитолани вақтинча сақлаш учун қолдириб кетганини айтиб, шуларни ўмариб, сотиш ҳақида гап очди. Унинг гапи поччасини қизиқтириб қўйди. Ахир қачонгача арзимаган пулга техникаларни таъмирлаб юради? Агар яхши мол бўлса, харидор ҳам тез топилади. Бир-икки кунда анча-мунча ишлаб олса ҳам бўлади. У ҳазилни чинга айлантиришга қарор қилди ва бу ишни амалга оширишса, яхшигина даромад қилишлигини айтиб, ёрдамга яна бир-иккита шерик топишни тайинлади.

Шоҳруҳ шу заҳоти таниши Мирҳамидга қўнғироқ қилиб, учрашув белгилади. Улар учрашишгач, Шоҳруҳ автомагнитолалар ҳақида гапириб берди ва яна бир киши кераклигини айтди. Мир­ҳамид узоқ ўйлаб ўтирмай, Санжар исм­ли танишини чақирди. У етиб келиб, тузган режалари ҳақида гаплашиб туришган эди, Санжарнинг танишлари Маъруф билан Қаипберган келиб қолишди. «Одам қанча кўп бўлса, иш шунча тез битади»,  дея уларни ҳам «ҳамкорлик»ка таклиф қилишди. Нафс ўз ишини қилди: ҳали коллеж ўқувчилари бўлган Маъруф билан Қаипберган эса уларни жиноятдан қайтариш ўрнига, ваъда қилинган 500 АҚШ долларини олиб, ўғриликка шерик бўлишни афзал кўришди.

Яқин жойдаги дорихонадан ниқоб билан резинали қўлқоп сотиб олишгандан кейин Мирҳамид телефон қилиб, таниш такси ҳайдовчини чақирди.

Улар машиналардан цехга етмай тушиб қолишди. Эшикдаги қулфни темир бўлаги билан бузиб ичкарига киришди. Кўп ўтмай ҳар бири 115 АҚШ долларилик 60 дона автомагнитола машинага ортилди ва Қобилнинг уйига олиб келинди. Йўлда Маъруф билан Қаипберган Шоҳруҳдан ўзларининг улушларини сўрашган эди, мол сотилгандан кейин олишлари ҳақида жавоб эшитишди.

Айтмоқчи, ўғриларда таксига тўлаш учун пул ҳам топилмади, шу сабабли битта автомагнитолани ҳайдовчига бериб юборишди.

Эртаси куни автомагнитолаларнинг эгаси бу хабарни эшитиб, бошини чангаллаб қолди. Тезда ички ишлар идорасига хабар қилишди. Буни қарангки, ўғрибоши билан унинг қайниси биринчи сўроқдаёқ айбларини бўйинларига олишди ва ўғирланган молларни келтириб беришди. Шунингдек, такси ҳайдовчисига берилган автомагнитола  ҳам ўз эгасига қайтарилди.

Ҳазил билан бошланган қилмишнинг таги зил бўлди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди томонидан судланувчиларга қилмишларига яраша жазо тайинланди.

Сардор ҚАЮМОВ,

Сергели туман прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: