Home /   / Aзaл кўклaм чoғи яpaлгaн oлaм…

Aзaл кўклaм чoғи яpaлгaн oлaм…

Наврўз! Бу сўзни эшитганда вужудингизга кўклам қуёши тафтига хос илиқлик, ёшликка хос куч-қувват югуради, дилингизда янги-янги орзулар жўш уради. Ана шундай умидбахш, сурурли айём бу.

Баҳор уни соғинган қалблардан бошланади. Бутун борлиқда ажиб бир уйғониш, ўзгариш, янгиланиш ҳукм суради бу фаслда. Осмон гоҳ сурмаранг, қорамтир булутлар билан қопланади, гоҳ парча-парча оқ булутлар билан безанади, гоҳида кўм-кўк шоҳига ўралади. Офтоб тафтига муҳтож мавжудот борки, унинг ҳаётбахш нурларига интилади, қуёш эса ҳеч бир жонзотдан меҳрини дариғ тутмайди. Кўкламнинг илиқ эпкинлари дов-дарахтларни уйғотиб юборади, новдаларда куртаклар қиқирлаб кулади. Қушларнинг тилида кўклам қўшиғи. Атрофга боқиб кўзингиз қувнайди, дилингиз яйрайди. Баҳор ана шундай фасл! Наврўз эса бу мафтункор фаслнинг энг гўзал айёмидир.

Наврўз! Нақадар жозибали сўз бу. Кўкламнинг турфа рангдаги гулларида, юксак тоғларимиздан тушиб келаётган ирмоқларда Наврўз қўшиғи, баҳор ифори. Наврўз фақат бизнинг байрамимизгина эмас, у фахримиз, ғуруримиз ҳамдир. Ҳар баҳорда ўзлигимизни қайта англагандай бўламиз. Уни неча бўронлардан, талатўплардан худди халқимизнинг шаъни, қадр-қиммати сингари олиб чиқолганимиздан кўнглимиз тоғдай кўтарилади.

Наврўз мазмунан энг қадимий ва умрбоқий байрамлардан биридир. Унинг пайдо бўлиши ҳақида турли тарихий манба ва ривоятлар бор. Баъзи манбаларда Наврўз тўрт ярим минг йиллик тарихга эга дейилса, айримларида уч минг йиллик тарихий жараёнлардаги воқеа-ҳодиса, қадрият ва анъаналарни ўзида мужассам этгани қайд этилади. Археологик тадқиқотларда эса Наврўзга оид маросимларнинг шаклланиши етти-саккиз минг йиллик тарихга эгалиги айтилган.

Наврўз ҳақидаги ривоятлар ҳам унинг қадимийлигига ишора қилади. Чунончи, Наврўз Одам Ато ва Момо Ҳаво топишган, Нуҳ алайҳиссалом тўфондан омон қолиб, қирғоққа қадам қўйган, афсонавий подшо Жамшид тахтга чиққан кун, Берунийнинг таъкидлашича эса фаришталар яралган кундир. Бу ривоятлар замирида халқнинг Наврўзга бўлган беқиёс эътибори ва ҳурмати ўз аксини топган. Шунинг учун бу кунда халқимизнинг гўзалликка, яратувчиликка интилиши янада кучаяди.

Нима бўлганда ҳам Наврўз инсоният тарихидаги энг қадимий, оммавий ва умумбашарий қадриятларга эга байрамлардан бири, инсон ва табиат уйғунлигини кўрсатувчи айёмдир. Шу боис Абу Райҳон Беруний «Наврўз оламнинг бошланишидир» деса, юнон файласуфи Эпикур «Олам қачон пайдо бўлганидан қатъи назар, баҳор кезларида яралганига шубҳа йўқ. Айни баҳорда ҳамма нарса куртак очиб, гуллайди ва мева тугади» дейди. Ҳақиқатан ҳам бу фаслда табиатда, инсон руҳиятида янгиланиш рўй беради.

Наврўзнинг муҳим жиҳатларидан бири байрам арафасида ҳамма жойда орасталик, ободончиликка алоҳида эътибор қаратилганидир. Бу байрам олдидан ҳашар уюштирилиб, ариқлар тозаланган, дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилган, қаб­ристонлар ободонлаштирилган, ерлар экин экишга тайёрланган, етим-есир ва бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олинган. Наврўз шарафига катта сайил ўтказилиб, муҳтожларга хайру эҳсонлар қилинган.

Наврўз асрлар давомида бир неча марта қатағонга учради. Айрим ҳукмдорлар Наврўзни йўқ қилишга, уни халқ хотирасидан ўчиришга уриндилар. Бироқ халқимиз ўзининг кўҳна байрамини унутмади. Ўзбекистон Президентининг 1990 йил 3 майдаги фармонига кўра 21 март юртимизда Наврўз – умумхалқ байрами ва дам олиш куни деб эълон қилиниши халқимизнинг зулматда қолган қадриятлари қайта тикланишига замин бўлиб, кўнгилларга баҳорий илиқлик олиб келди.

Наврўз миллий анъаналаримизни намойиш этувчи кўзгудир. Бунинг исботи тариқасида Наврўз удумлари – арқон тортиш, чиллак, полвонлар беллашуви сингари азалий ўйинларни кўрсатиш мумкин.

Бугунги ислоҳотлар, маънавий қадриятларимизга эътибор, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшлар учун яратилаётган шароит, аҳоли саломатлигини асраш борасида қилинаётган ишлар – буларнинг барчаси мустақиллик шарофатидан. Наврўз байрамининг бугунги жозибаси ва шукуҳи ҳам, шубҳасиз, истиқлол туфайлидир.

Наврўз таровати бутун юрт узра, қалблардан-қалбларга кўчиб юраверади.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: