Home / Жиноят ва жазо / «Қайнар хумча»ни истаб, «ур-тўқмоқ»қа рўпара келишди

«Қайнар хумча»ни истаб, «ур-тўқмоқ»қа рўпара келишди

Бу йигитлар «заправка»га ишга жойлашганларида, афтидан, эртакдаги «қайнар хумча»ни топиб олдик деб ўйлашган чамаси. Улар бу «хумча»дан «қайнаб чиқаётган» дизель ёнилғиси қанчадан-қанча қудратли техникаларни ҳаракатга келтириши, бу орқали ерга уруғ сочилиши, экин парваришланиши, ҳосил саранжомлаб олиниши, эл дастурхонига барака кириши зарурлигини хаёлларига ҳам келтиришмади. Уларнинг хаёлини фақат мўмай даромад орттириш фикри банд қилган эди…

Жиноят ишлари бўйича Косон тумани суди томонидан Йигитали ва Ғулом Аҳмедовлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га оид жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, Йигитали Аҳмедов 1988 йилда туғилган, маълумоти олий. Оилали, тўрт нафар фарзанди бор. «Қарши нефть базаси» МЧЖ Косон филиали «Сурхон» фермерларга ёнилғи тарқатиш шохобчаси бош оператори вазифасида ишлаган. Тумандаги «Сурхон» МФЙда яшайди.

Ғулом Аҳмедов 1978 йилда туғилган, маълумоти ўрта. Оилали, 6 нафар фарзанди бор.  Мазкур шохобчада 2-даражали оператор лавозимида ишлаган. Тумандаги «Чироқчи» МФЙда истиқомат қилади.

Суд мажлисида қайд этилишича, Йигитали Аҳмедов 2016 йил 17 сентябрдан мазкур шохобчада бош оператор вазифасида ишлаб келиб, Президент­нинг 2018 йил 28 февралдаги «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги «Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига зид равишда 2018 йилнинг 1 январидан май ойига қадар ойлик ҳисобот ҳужжатларига 2-даражали оператор Ғ.Аҳмедовнинг ёр­дамида сохта маълумотлар киритиб, 349 миллион 680 минг 606 сўмлик 74 428 литр дизель ёнил­ғисини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилишган.

Туман прокуратурасининг ҳужжатли тафтиш тайёрлаш тўғрисидаги қарори асосида туман давлат солиқ инспекция­си томонидан ўтказилган текширувда Аҳмедовларнинг бу қинғирлиги очилиб қолди.

Камомад-ку судланувчилар томонидан тўлиқ қопланди. Суд ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан Йигитали ва Ғулом Аҳмедовга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 11 ойу 18 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари ва 1 йилу 6 ой муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдор шахс лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

Ҳа, бировнинг «қайнар хумча»си ҳисобига бойлик орттирмоқчи бўлган йигитлар қонуннинг «ур-тўқмоғи»га дуч келдилар…

Ҳасан ҚУРБОНОВ,

Косон туман прокуратураси терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: