Home /   / Аввалгиларга ўхшамас

Аввалгиларга ўхшамас

Айни дамда мамлакатимиз эртасига бевосита алоқадор бўлган сиёсий жараён арафасида турибмиз. Яъни 2019 йилнинг 22 декабрь куни мамлакатимиз парламентининг Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов бўлиб ўтади.

Бу йилги сайловолди жараёни аввалгиларидан тубдан фарқ қилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали ташкиллаштирилаётган дебатлар ҳам партиялар жиддий курашга киришганини кўрсатмоқда.

Бу йилги сайлов биринчи марта Ўзбекистон Сайлов кодекси асосида ўтказилади.

Ягона қонун – ягона тартиб

Савол туғилиши мумкин: бунгача сайлов жараёнини тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжат йўқмиди? Бор эди, албатта. Фақат бу жараён яхлит ҳужжат асосида эмас, балки бешта қонун, яъни Олий Мажлисга сайлов, Президент сайлови, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси, Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонун билан тартибга солинар эди. Энди улар тизимлаштирилиб, 103 та моддадан иборат Сайлов кодекси қабул қилинди.

Кодекснинг оддий қонундан афзаллиги нимада?

Энг асосийси, кўплаб ҳуқуқий нормаларни ягона принциплар асосида тўлиқ тизимлаштириб, ихчамлаштиришга имкон беради. Шунингдек, ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларнинг уйғунлигини таъминлашга, эскирган, номутаносиб қоидаларни чиқариб ташлашга, турлича тартибга солинган нормаларни унификациялашга шароит яратади.

Яна шуни қайд этиш жоизки, сайловга оид барча ижтимоий муносабатлар ягона кодекс билан тартибга солинишининг ўзи ўта муҳим сиёсий-ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш тартибини қонунлар орқали белгилаш сайловга оид халқаро стандартларнинг муҳим талабидир.

Янги кодексдаги энг катта янгилик сифатида сиёсий майдоннинг тўлиқ сиёсий партияларга берилишини келтиришимиз мумкин. Энди сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 та эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.

Бир сайловчи – бир овоз

Бугун ахборот-коммуникация технологиялари кириб бормаган бирор соҳа йўқ. АКТнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш Сайлов кодексида назарда тутилди. Бу йилги сайловга тайёргарлик жараёнида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тузилди. Бундан мақсад «бир сайловчи – бир овоз» принципини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат. Масалан, бирор сайловчи яшаш жойини ўзгартирса, доимий рўйхатдан вақтинчалик рўйхатга ўтса, бу сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида ўз аксини топади. Бу сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришини таъминлайди.

Энди сайловга тонгда борилмайди

Илгари сайловлар соат 6:00 дан 20:00 гача ўтказилган. Эндиликда овоз бериш соат 8:00 да бошланади ва 20:00 да ниҳоясига етади. Сайловлар асосан йил охирида, қишда бўлиб ўтиши эътиборга олинса, бу оқилона ечим бўлганини таъкидлаш мумкин.

Кодексда сайловчи турган жойида овоз бериш вақтида ҳам кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Бу ҳам жамоатчилик назорати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.

Прокуратура ва сайлов

Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан сайловга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, шаҳар прокурори сектори ҳудудида жойлашган 17 та сайлов участкасининг жиҳозланиши таъминланди.

Умуман, янги Сайлов кодекси жамият ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараён ҳисобланган сайловнинг адолатли ўтказилишига, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатланишига замин яратади.

Жахангиржон ФАЗИЛОВ,

Қўқон шаҳар прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: