Home /   / Астойдил ишлаган кам бўлмайди

Астойдил ишлаган кам бўлмайди

Вилоят прокуратураси органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ишчи гуруҳлар ғалла майдонларида мониторинг тадбирларини ўтказишмоқда, қарор мазмун-моҳиятини унинг ижроси учун масъул бўлган тегишли идоралар, корхона ва ташкилотлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларига тўлиқ етказишмоқда.

Бошоқли дон экинларига талаб этилган сувни ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бериш ҳамда сувдан хўжасизларча фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида фермер хўжаликлари кесимида ғалла майдонларини суғориш бўйича графиклар ишлаб чиқилган. 23 550 та хандақлар қазилиб, шарбат усулида суғориш йўлга қўйилган. Бошоқли дон экилган ер майдонларига мавсум давомида 82 минг 390 тонна маҳаллий ўғит чиқарилган.

2019 йил ҳосили учун дон етиштиришга 369 миллиард 420 миллион сўм миқдорида моддий ресурслар ажратилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 153 миллиард 550 миллион сўм пул маблағлари ўзлаштирилган. Минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, уруғлик дон хариди, иш ҳақи, лизинг ва бошқа тўловлар учун имтиёзли кредит маблағлари берилган. Шунингдек, 4371 та фермер хўжаликларига бошоқли дон экинларини иккинчи марта озиқлантириш учун кўзда тутилган 10 минг 770 тонна минерал ўғитларнинг тўлиқ етказиб берилиши таъминланган.

Мониторингларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш хусусида туман-шаҳар ҳокимлари ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари номига   14 та тақдимнома киритилди. Бунга йўл қўйган мансабдор шахсларнинг 3 нафари интизомий, 2 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди. 4 нафари огоҳлантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январь кунги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида вилоятда пахта-ғаллачилик йўналишида жами 246 минг 58 гектар майдонда фаолият юритган 4017 та фермер хўжаликлари негизида 2081 та фермер хўжаликлари қайта ташкил этилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш манбалари — чорвачилик, паррандачилик, балиқчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг, ҳукуматимизнинг ушбу соҳаларни ривожлантиришга оид қарорлари мазмун-моҳияти, яратилаётган қулай имконият ва шарт-шароитлар, ҳавола этилаётган имтиёзлар батафсил тушунтирилмоқда.

Вилоятда 86 та паррандачилик корхоналари фаолият юритяпти. Улардаги 2 миллион 831 мингта паррандани озуқа рационидан келиб чиқиб парвариш қилиш учун бир йилда 133 минг 41 тонна озуқа, шу жумладан, 53 минг 726 тонна буғдой талаб этилади. Вазирлар Маҳкамасининг “Паррандаса­ноат” уюшмаси таркибидаги паррандачилик корхоналари эҳтиёжи учун давлат ресурслари ҳисобидан ажратиладиган буғдой донининг биржа савдолари орқали сотилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёнига асосан, корхоналар учун ойма-ой ажратиладиган буғдой уюшма томонидан тақдим этилган рўйхат асосида ва паррандачилик хўжаликларига белгилаб берилган ҳажмлари доирасида биржа савдолари орқали сотилиши таъминланади.

Вилоятда жорий йилда парранда бош сонини 6 миллион 550 мингтага етказиш, 409 миллион дона тухум етиштириш, 22 минг 300 тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш, 2 миллион 758 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилишнинг прогноз кўрсаткичлари белгиланган. Ана шу мақсадда “Ўзсаноат­қурилишбанк” Фарғона минтақавий филиали кредитлари ҳамда ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан    45 миллиард 980 миллион сўмлик 25 та лойиҳа шакллантирилмоқда.

Мамлакатимизда интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ва рағбатлантириш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага инновацион ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини кенг кўламда жорий қилиш, ушбу тармоқни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Соҳада тўлиқ тизимли ( инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ еми, қайта ишлаш ва сақлаш) ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерлари ташкил этила бошланди. Кластерларнинг йиллик балиқ етиштириш қуввати камида 50 тонна бўлганида жорий йилнинг 1 январидан эътиборан дастлабки уч йил давомида барча солиқлар ва давлат мақсадли жам­ғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилиши белгиланган. 2021 йил 1 ноябрга қадар насл­ли она балиқ, балиқ увилдириғи, интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ овлаш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш, музлатиш ва сақлаш учун зарур бўлган, республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган, четдан келтириладиган асбоб-ускуна, махсус техникалар, транспорт воситалари, омухта ем ва минерал ўғит ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан озод этилмоқда.

Вилоятимизда 382 та балиқчилик хўжаликлари 4439 гектар сунъий кўллар, ярим интенсив кўллар, чавоқ етиштирувчи ҳавзалар, табиий сув ҳавзалари (сув омборлари), кичик сув ҳавзаларида фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили режага нисбатан 2 минг 600 тонна кам, жами 12 минг 400 тонна балиқ овланган. Жорий йилда 20 минг тонна балиқ етиштириш режалаштирилган. Озуқа рационидан келиб чиқиб, балиқчилик хўжаликларига 10 минг 200 тонна буғдой ва 3551 тонна минерал ўғит (аммофос) талаб этилади.

Вилоятда балиқчилик соҳасини ривожлантириш учун “Ипотекабанк” Фар­ғона ва Қўқон филиаллари кредитлари ҳисобидан умумий қиймати 22 мил­лиард 690 миллион сўмлик, ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 2 миллиард 730 миллион сўмлик 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

 

Уюшмага  аъзолик  афзалликлари

Парранда озуқаси ва буғдой хом­ашёси биржада эркин савдоларда сотиб олиниши тухум ва парранда гўшти етиштиришнинг камайишига ва нархлар ошиб кетишига, парранда бош сонларининг камайишга сабаб бўлмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, паррандачилик хўжаликлари 1 килограмм буғдойни (биржа савдолари орқали) эркин нархларда 2 100 сўмдан сотиб олишса, 112 миллиард 824 миллион сўм сарфланади. Аксинча, 1 килограмм буғдой хўжаликларга “Паррандасаноат” уюшмаси томонидан тақдим этилган рўйхат асосида (соҳага доир корхоналар ўртасида) биржа савдолари орқали 1 250 сўмдан сотилса, жами 67 миллиард 157 мил­лион сўм маблағ талаб этилиб, 45 миллиард 667 миллион сўм хўжаликлар ихтиёрида қолади. Вилоятдаги 86 та паррандачилик хўжаликлари Республика “Паррандасаноат” уюшмасига аъзоликка киритилиши таъминланганида, бир йиллик аъзолик бадали 576 миллион сўм, жами бадал 1 миллиард 57 миллион сўмни ташкил этади. Хўжаликлар тежаб қолинган маблағлар ҳисобига ўз фаолиятини кенгайтириши, янги замонавий тежамкор технологияларни қўллаш ҳисобига тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми оширилишига эришнади. Бу эса ўз навбатида, маҳсулот етиштириш таннархининг пасайиши, хўжаликларнинг молиявий барқарорлиги таъминланишига замин яратади.

 

Уюшмага  аъзолик  афзалликлари

Балиқчилик хўжаликлари 1 килограмм аммофосни очиқ биржа савдолари орқали эркин нархларда 4500 сўмдан сотиб олишади. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо бўлишса, тақдим этилган рўйхат асосида ёпиқ биржа савдолари ор­қали мазкур ўғитни 3320 сўмдан харид қилишлари мумкин. Бу билан 4 миллиард 190 миллион сўм маблағ тежалади. Уюшма аъзоси сифатида балиқчилик хўжаликлари минерал ўғит ва омухта емни ёпиқ биржа савдосида харид қилганларида очиқ биржа савдосида сотиб олинганига нисбатан 13 миллиард 370 миллион сўм маблағ тежалади, даромад кўпаяди. Хуллас, уюшмага аъзо бўлиб, астойдил ишлаган кам бўлмайди.

 

Фарҳоджон Исмоилов,

Фарғона вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: