Тезкор хабарлар
Home / Жиноят ва жазо / Қассобга мол қайғуси

Қассобга мол қайғуси

Кекса ёшдаги отахону онахонлар дуога қўл очаркан, «касб-корингга барака берсин» дейишади. Дарҳақиқат, инсон касби ортидан эл ичида ҳурмат топади. Кимдир ота касбига меҳр қўйса, яна биров бошқа касбни танлайди.

Санжар тоғни талқон қиладиган ёшда. Айни ўқиб-ўрганадиган пайти. Аммо у ўқишни давом эттирмади, қассобчилик билан шуғулланадиган бўлди. Бир-икки йил ўтиб, маҳаллада «қассоб» деган ном орттирган Санжар қассобларга қорамол ҳам топиб берарди.

Бир куни О.Ражабов қорамолини сотишини эшитди-ю, фурсатни бой бермай, у билан кўришди.

— Сўйиб сотиб, пулини кейин бераман, — деди молни кўргач.

— Қанчада берасиз?

— Узоғи билан бир ҳафталарда.

Орадан бир ҳафта ўтди, лекин қассобдан дарак бўлмади. 15 кундан сўнг О.Ражабов сотган молининг пулини олди.

— Ака, танишларингиз мол сотадиган бўлса, менга айтинг, — деди Санжар илтимос оҳангида.

О.Ражабов бу гапни қўшниси Ж.Примовга етказди. Унинг чақириғи билан Санжар келиб, молларни кўрди. 10 миллион 700 минг сўмга келишишди. Санжар унга ҳам молни сўйиб, сотганидан кейин пулини беришини айтди.

— Пул ўн кун ичида қўлингизда бўлади, — ваъда қилди Санжар.

Пулга муҳтож бўлиб турган Ж.Примов бу шартга рози бўлди.

Санжар бу молларни таниш қассобга сотди, лекин Ж.Примовнинг пулини бермади. Орадан ўн куннинг бир нечтаси ўтиб кетди. Йигит мол эгасини турли баҳоналар билан алдаб юраверди.

Ш.Рўзиев ҳам Санжарга йўлиқиб, овораю сарсон бўлганлардан. Унинг қариндошидан қарзи бор бўлиб, бир бош қорамолини сотса, ўзидаги 700 АҚШ доллари қўшиб, қутуларди. Соддалигига бориб, бу гапларни Санжарга айтиб қўйди. Шундан сўнг Санжар ҳам ялтоқланишни бошлади. Ш.Рўзиевнинг у ёғидан ўтди, бу ёғидан ўтди, ахийри унинг 5 миллион 500 минг сўмга келишилган бир бош моли билан 700 АҚШ долларини олиб кетди.

Келишилган 15 кун ҳам ўтиб кетди. Бироқ, Санжар пулни берай демасди. Ш.Рўзиевнинг онаси бир неча бор Санжарникига бориб, сарсон бўлди. Бир гал Санжар 100 доллар бериб, қолганини кейин беришни ваъда қилди-ю, яна “думи”ни тутқазмай қўйди.

Бу пайтда у бўйнигача қарз­га ботган бўлиб, шунда ҳам ёлғонни бас қилмади. Ҳали уни, ҳали буни алдайверди.

Кўп ўтмай, фуқаро Ш.Саримсоқованинг 7 миллион 250 минг сўмлик қорамоли, фуқаро Х.Адинаевнинг 18 миллион 900 минг сўмлик молларини «…сўйиб сотиб, пулларини бераман», дея алдаб олиб кетди.

Санжарга мол сотганлар унинг уйига қатнаб чарчашди, тоқатлари тоқ бўлди. Охири тегишли жойга арз қилишди.

Йигитнинг қинғирликлари фош бўлди. Яқин қариндошлари бирлашиб, унинг барча қарз­ларини тўлашди.

Суд мажлисида кўргазма берган жабрланувчилар зарарлар тўлиқ қопланганини, судланувчига нисбатан  даъво лари йўқлигини айтишди.

Суд ҳукми билан Санжарга иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Муслиддин РАДЖАБОВ,

Иштихон туман прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: