Home / Тавсия этимиз / Аскар ҳушёр — то абад миллат озод, юрт обод!

Аскар ҳушёр — то абад миллат озод, юрт обод!

Ватан остонадан бошланади. Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаънини, орини, иймонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, ватанга муҳаббат, садоқатнинг моҳияти асло ўзгармайди. Юрт мустақиллиги ва халқ озодлиги йўлида азиз жонини фидо қилган Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур сингари довюрак боболаримизнинг жасоратини ҳеч қачон унутмаймиз.

Ватан меҳри, соғинчи жуда юксак туйғу. Бир умр ўз қишлоғи, маҳалласидан узоққа бормаганларга бу тушунча балки бегонадир. Лекин ўзга юртларда одам кўп ўтмай оиласини, юртини соғинади. Демак, биз шу тупроққа кўринмас ришталар билан боғланганмиз. Шундай экан, ватанимизни, киндик қонимиз томган жойни мўътабар деб билишимиз, ёмон кўзлардан асрамоғимиз лозим.

Ўзбекистон истиқлолга эришганидан сўнг жаҳон талабларига жавоб берадиган, замонавий қурол-яроғ, техника ва ҳарбий мутахассислар билан таъминланган профессионал армиямиз шаклланди. Ҳарбий тузилмаларда миллий қадриятларимизга мос маънавий муҳит яратилиб, ҳарбий хизматга ёндашув тубдан ўзгарди. Қўшин сафларини тўлдириш тартиби такомиллаштирилди.

Бу жараёнда юксак салоҳиятли, бақувват ва билимли кадрлар тайёрлаш масаласи устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Шу мақсадда юртимиздаги олий ҳарбий билим юртлари, ҳарбий йўналишдаги лицейлар фаолияти такомиллаштирилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди.

Айниқса, сержантлар мактаб­ларида соҳанинг барча бўғинлари учун ҳар томонлама етук кичик командирлар тайёрланаётгани нур устига нур бўлмоқда. Бугунги сержант армиямизнинг қудрати ва маҳоратини ҳар томонлама оширишга хизмат қиладиган, аскарларнинг устози ва маслаҳатчиси, офицерларнинг яқин кўмакчиси, ҳам мураббий, ҳам кичик командирдир.

Ҳозирги кунда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик ўқув муассасаларида, Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида замонавий билим ва мутахассисликларга эга етук ҳарбий кадрлар тайёрланмоқда.

1994 йилда асос солинган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти 2019 йилда Қарши шаҳрида қайта ташкил этилди.

– Муассаса ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари учун еттита йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлайди, – дейди Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондони, генерал-майор Аҳмад Бурҳонов. – Олий ҳарбий авиация билим юртининг айнан Қарши шаҳрида ташкил этилиши, аввало курсантларга мамлакатимиздаги энг йирик ҳарбий аэродромлардан бири – Хонобод аэродромида ҳарбий ҳаво кемаларини бош­қариш, уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича машғулотлар олиб бориш имконини беради. Бу эса ҳарбий учувчиларнинг профессионал даражасини ошириш, авиация ҳамкорлигидаги дала-ўқув машғулотларини реал вазиятларга яқинлаштирган ҳолда олиб боришда муҳим ўрин тутади. Билим юртида юксак маҳоратли мутахассислар етишиб чиқиши учун барча шароитлар муҳайё.

Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясида малакали офицерлар тайёрлаш, ҳарбий соҳадаги илмий-амалий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, ҳарбий таълимни ривож­лантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2012 йили Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида ташкил этилган ҳарбий тиббиёт факультети интеллектуал салоҳиятли, юксак малакали тиббий хизмат офицерлари, резерв ва захирадаги офицерларни тайёрлашга хизмат қилаяпти.

Қуролли кучлар ислоҳ қилиниб, армиянинг ташкилий тузилмалари қайта кўриб чиқилди, Қуролли кучларни тезкор-стратегик бошқаришнинг замонавий ва самарали тизими яратилди. Қўшинларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаш, жанговар тайёргарликни ошириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тубдан яхшиланди. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида бугун армиямиз юртимизда ҳукм сураётган осойишталик, фаровонлик ва тараққиётнинг кафолати бўлиб хизмат қилаётир. Ўз навбатида соҳага қаратилаётган эътибор туфайли бугун ватан ҳимояси ҳар бир юртдошимиз учун шон-шараф ишига айланди.

Худога шукур, юртимиз тинч, тунларимиз осуда. Бир неча кунга узоқ сафарга кетсак ҳам, ҳар куни эрталаб кетиб, кечқурун ишдан қайтсак ҳам оиламиздан кўнглимиз хотиржам. Шундай пайтларда тинчлик нақадар улуғ, бебаҳо неъмат эканлигини англаб етасан киши.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: