Home /   / Ҳашардаги фожиа

Ҳашардаги фожиа

Инсон учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноат бўлиб, энг зарарли ва нафратли нарса эса ҳирс ва ғазаб ҳисобланади.

Бир ишни қилишга одатланган киши ундан ҳеч қачон воз кеча олмайди, дея айтишган экан Шарқ донишмандлари.

Бу ҳикматлар айтилганига асрлар ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз ўз қадрини йўқотмаган. Бундай ҳақиқат ота-боболаримиз нақадар билимли ва узоқни кўра оладиган улуғ зотлар бўлганидан далолат беради. Бу ҳикматлар кўпчиликка ҳаётда ўз йўлини топишига хизмат қилган бўлса, ажаб эмас. Аммо беш қўл баробар бўлмаганидек, орамизда фақат ўзиникини маъқул биладиганлар ҳам учраб туради.

Рашид (исмлар ўзгартирилган) муқаддам икки марта жиноий жавобгарликка тортилган бўлса-да, тузалмади. Спиртли ичимликка ружу қўйди. Оиласидан файзу барака кўтарилиб, пароканда бўлди. Аммо  қирқ ёшни қоралаб қўйган Рашид ҳаётда ўз йўлини топишга уринмади. Қариндош-уруғ ва яқинларининг панд насиҳатларини қулоққа олмай, ўз билганидан қолмади.

Ёз бўйи уй кўтарган Бозорбой ёғингарчилик бошланмасдан томини ёпишга шошилди. Ён-атрофидаги қўш­ни­ларни ҳашарга чақирди. Рашид билан Акбар келгач,  уч қўшни иш бошлашди. Рашид билан Акбар аввалдан келишолмасди.

Тушлик пайти Акбар уйига келди. Унинг аҳволини кўрган хотини таажжубланиб сўради:

— Нима гап, бирор нима бўлдими?

— Э, анави Рашид ҳар хил гапларни гапириб, жаҳлимни чиқаряпти, — деди у.

Тушлик қилиб бўлиб, яна ишига қайтди.

Кечки пайт уйига келиб, кийимларини алмаштирди-да, «Бозорбой ош қилди, ўша ёқда овқатланаман», — дея чиқиб кетди.

Бу пайтда ҳашарчиларга Ориф ҳам қўшилган эди. Улар овқатланиб,           4 шиша ароқни бўшатишди. Орада Рашид билан Акбар жанжаллашиб қолишди. Бундан Бозорбойнинг жаҳли чиқди. Агар уришадиган бўлишса, уйдан чиқиб кетишларини айтди.

Улар ташқарига чиқиб кетишди. Бироздан сўнг овозлари қаттиқроқ эшитила бошлагач, Бозорбой уйидан чиқди. Спиртли ичимлик таъсиридан шерга айланган қўшнилар муштлашиб, лой хандаққа тушиб кетишган экан. Ориф уларни чиқариб, уйларига жўнатиб юборди.

Аммо муштумзўрлар уйларига кетишмаган эди. Бир-бирини ҳақоратлаб, ёқалашишдан тўхташмади. Тун, вақт алламаҳал бўлган. Ичларидаги шайтон, бир гапдан қолишга йўл қўймас, аксинча, уларни гиж-гижларди. Ниҳоят, ғазаб, нафрат ўз кучини кўрсатди…

— Ориф, Ориф, — деб чақирди Акбар.

Ориф овоз чиққан томонга борса, Акбар  қорнини ушлаб турибди. У зўрға «Рашид мени пичоқлаб кетди», деёлди.

— Бозорбой, Бозорбой, — деб бақирди шошиб қолган Ориф. Лекин ундан дарак бўлмади.

Ориф Акбарни суяб, уйига олиб борди. Акбар олган тан жароҳати туфайли шифохонада оламдан ўтди.

Суд ҳукми билан Рашидга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Улуғбек РАҲИМОВ,

Каттақўрғон шаҳар прокуратураси терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: