Home /   / Қарз шартномаси билан боғлиқ низолар

Қарз шартномаси билан боғлиқ низолар

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан фуқаролик суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш орқали судларнинг қонунга зид ҳужжатлари аниқланиб, уларни қонунларга мослаштириш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга ёрдамга муҳтож шахсларнинг манфаатини кўзлаб судларга даъво аризалари киритиш орқали уларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинаяпти.

Бугунги кунда фуқаролик суд ишларини юритиш амалиёти умумлаштирилиб, қонунларни такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, қарз шартномасига оид суд қарорларидан норози бўлиб ёзилган мурожаатларни ҳал этишда қонун нормаларини қўллаш билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини кузатиш мумкин.

Баъзан қарз шартномаси билан боғлиқ низоларни ҳал этишда, яъни қарз шартномаси мажбуриятини бажариш муддати аниқ белгиланмаган ҳолларда мажбуриятни ижро этиш муддатини аниқлашга доир қонун нормаларини нотўғри қўллаш ҳолатлари учраб туради. Масалан, С.Турдиев Шайхонтоҳур тумани ИИБ бошлиғи номига ёзган тушунтириш хатида 2007 йилда тадбиркорлик қилиш учун ўзаро келишиб А.Камоловдан 12000 АҚШ доллари олганини билдириб, шу пулни қайтаришини маълум қилган. Пулни бериш муддати кўрсатилмаган. Суд қарор қабул қилишда Фуқаролик кодексининг 242-моддасига кўра мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариш мажбуриятини юклаган.

Албатта, қарз шартномаси билан боғлиқ низоларни ҳал этишда мажбуриятни ижро этиш муддати белгиланмаган бўлса, Фуқаролик кодексининг 735-моддаси талабларидан келиб чиққан ҳолда қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтаришни талаб қилган кундан бош­лаб ўттиз кун мобайнида қайтариши кераклиги инобатга олиниши лозим.

Гаров шартномаси билан боғлиқ низоларни ҳал этишда қонун ҳужжатларини қўллашга оид ягона суд амалиётини жорий этишга ҳам эҳтиёж мавжудлиги сезилаяпти. Масалан, банк билан «Тежамкор» МЧЖ ўртасида 2018 йил 9 январда тузилган кредит шартномасига асосан банк жамиятга трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга хомашё сотиб олиш учун 18 ой муддатга йиллик 19 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 200 млн. сўм кредит ажратган. Кредит таъминоти сифатида гаров шартномасига асосан 108 млн. 910 минг сўмга баҳоланган «Мерседес Бенц» автомашинаси ва ипотека шартномасига асосан 141 млн. 90 минг сўмга баҳоланган кўчмас мулк гаровга қўйилган.

Банк даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, «Тежамкор» МЧЖ кредит мажбуриятини бажармагани, яъни банкдан 10 млн. сўм қарзи мавжудлиги, шунинг учун ундирувни 108 млн. 910 минг сўмга баҳоланган «Мерседес Бенц» автомашинасига қаратиб беришни сўраган. Суд томонидан Фуқаролик кодексининг 279-моддаси ҳамда «Гаров тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасига кўра, агар қарз ундирувга қаратилаётган мол-мулкнинг арзимас қисмини ташкил этса, ундирув­ни гаров мулкига қаратишни рад этиш мумкинлиги инобатга олиниб даъвони қаноатлантириш рад этилган.

Бундай турдаги низони ҳал этиш амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, баъзан ундирилиши лозим бўлган қарз миқдоридан қатъи назар ундирувни гаров мулкига қаратиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бунинг асосий сабаби Фуқаролик кодексининг 279-моддаси ҳамда «Гаров тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддаси талабларининг мавҳум белгиланганидир. Чунки ушбу моддалардаги «гаров мулкининг арзимас қисми» деган жумла мавҳумликни келтириб чиқаради, натижада ушбу норма судлар томонидан вазиятга қараб турлича қўлланиши мумкин.

Айрим давлатларнинг қонунчилигида ундирувни гаров мулкига қаратишда қандай ҳолатда ёки қанча миқдордаги қарз бўйича ундирувни гаров мулкига қаратиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб берилган. Масалан, Россия Фуқаролик кодексининг 348-моддасида агар қарзни тўлаш бўйича ўтиб кетган муддат уч ойдан кам бўлса ҳамда ундирилиши лозим бўлган қарз гаровга қўйилган мулк суммасининг 5 фоизидан кам бўлса ундирувни гаров мулкига қаратиш мумкин эмаслиги белгилаб берилган. Қонундаги бундай аниқлик албатта ягона суд амалиётини йўлга қўйишга имкон яратади.

Матлуба Аминжонова,

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: