Home /   / Қарз ҳисобига оғу

Қарз ҳисобига оғу

Ҳаёт аслида улуғ неъмат. Гарчи инсон ўз онги, тафаккури билан буюк бўлса-да, афсуски, ана шу неъматнинг қадрини доим ҳам англаб етавермайди. Ёинки нафси олдида ожизлик қилиб, осуда кунларини азобга айлантиради. «Гиёҳвандлик — аср вабоси», деймиз. Биргина шу иборада ҳам инсониятнинг заиф томонларини яққол кўриш мумкинки, ўтиб бораётган юз йиллар бу «вабо»ни йўқ қилиб юборишга эриша олмаётир.

Ўтган аср бошларида, аниқроғи, 1909 йилда Шанхай қорадори  комиссияси мажлисида давлатлар ўртасида гиёҳванд моддаларни ўтказишни чеклаш тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилинди. Орадан икки йил ўтиб, опиум бўйича Гаага халқаро анжуманида тарихда биринчи марта гиёҳ­ванд­лик тўғрисидаги конвенция ишлаб чиқилди. Ўшандан буён гиёҳвандликка қарши кураш кучайса кучайдики, сусаймади. Бугунги кунга келиб эса муаммо жаҳон даражасига чиқди. Бироқ, бу офат инсоният бошига оғир кулфатларни ёғдиришда давом этмоқда. Кўра-била туриб ҳаёт учун қасд бўлган бангивор ўсимликларни етиштирувчилар, уни сотиш билан шуғулланувчиларга нисбатан табиий равишда нафрат бош кўтаради.

Янгиқўрғонлик Саид Маҳмудов ва Икром Қамбаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам ана шу қалтис йўл «шайдолари»дан. Бўлмаса, иккиси ҳам муқаддам шу «оғу» туфайли судланган, жиноий жавобгарликка тортилган. «Букрини гўр тўғрилар» ибораси шу тоифа кишиларига нисбатан ишлатилади, чоғи, улар бундан тегишли хулоса чиқара олмадилар. Аксинча, яна «оғу» кетидан қолмадилар.

Саид Маҳмудов ўз даласида кўзлардан пана тарзда гиёҳ етиштиришни одат қилганди. Ўзи ҳам аллақачон гиёҳвандлик дардига мубтало бўлганди. У бунинг ноқонуний эканини жуда яхши биларди. Аммо…

Гиёҳ баргларини қуритиб, уни яширишга улгурган Саид ҳамқишлоғи Икромнинг ўн беш йилдан буён наша чекиб юришини яхши билгани учун уни излаб борди. У Икромдан 2 миллион 500 минг сўм қарздор бўлиб, бир неча марта сўраб келганида ҳам пул топиб беролмаётганди.

— Икром ака, майли десангиз, пулингизнинг ўрнига «ана­виндан» бераман, — деди Саид атрофга олазарак қараб олганча. Бу таклиф Икромга ҳам маъқул келди. Боиси, шу тобда унинг «дарди хуруж қилиб» турганди. — Шерикларингизга сотсангиз ҳам яхшигина фойда оласиз…

— Сотиб нима қиламан?! Ўзимга керак…

Хуллас, ўша куни Саид 402,66 грамм «марихуана» олиб келиб берди. Икром эса унинг қарзидан кечди — оралари очиқ бўлди.

Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда унинг уйидан яшириб қўйилган «марихуана» топилди ва холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинди.

Аввал тергов, кейин суд…

Уларнинг ҳар иккиси ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида мажбурий тартибда гиёҳвандликдан даволанадиган бўлдилар.

Нафақат ўз ҳаёти, бошқалар умрини ҳам таҳликага қўйиб, турли жиноятлар содир этилиши, ногирон болаларнинг дунё­га келиши, бемаҳал ўлимга сабабчи бўлишини била туриб шу йўлни танлаган бундай кимсаларни кечириш мумкинми?

Шу ўринда бир нарсани таҳлил этишга тўғри келади. Тан оламизми, йўқми, наркотик моддалар савдоси  кенгаймоқда. Хўш, нега? Унинг аҳамияти шу қадар баландми ёки келтирадиган нафи каттами? Аксинча, барчамизга аён бўлганидек, бу заҳри қотил умр илдизларига зиён етказади. Олиб борадиган жойи қалтис. Бу савдо билан шуғулланувчилар ўз ҳаётлари хатарда эканини ҳис этиб турсалар-да, азоб-уқубатни унга алишадилар. Масаланинг яна бир томони борки, бу наркобизнесчилар учун ғоят қўл келади. Яъни оғуга илакишган одам худди ўргимчак уясига илиниб қолган ҳашаротга ўхшайди. Хоҳ уринсин, хоҳ уринмасин, ундан чиқиб кетиши амри маҳол. Тўр эса ўз номи билан тўр-да! Борган сари ўралиб, домига тортаверади ва охир-оқибат, фожиага олиб келади. Англаганингиздек, ана шу «илинганлар» оғриқдан азобланаётган жони талабини бажармасликка ўзида куч топа олмай қолади. Қарабсизки, бир марталик «ором»ни миллионга сотиб олишга тайёр ҳолга келади. Аммо унда миллионни қўйинг, бундайроғи ҳам топилмаса-чи?! Мана, жиноятлар илдизи қаерда! Мана, оғриқсиз, осуда жонингизнинг бир лаҳзаси қанчага баҳолан­япти! Мулоҳаза қилиб кўринг, ахир шусиз ҳаётингиз тинч, меҳнатингиз баракали бўлиб, кунингиз бехавотир ўтиши завқ­ли эмасмиди?!

Хуллас, бу оғуни тотган ҳам, сотган ҳам ўз ҳаётига қасд қилган шахсдир. Ачинарлиси эса, мана шу қасд домига, яқинларини ҳам тортиб кетишади. Ўзгалар ҳаётига хавф солувчи кишиларни эса қонун асло кечирмайди.

Мўминжон ЖАЛИЛОВ,

Наманган вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

вазифасини бажарувчи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: