Home / Тавсия этимиз / Қарс уч қўлдан

Қарс уч қўлдан

Журналист Норбўта Ғозиевнинг газетамизнинг жорий йил 16 майдаги    20-сонида чоп этилган «Тарбия таълимдан устун» сарлавҳали мақоласи анчадан буён кўнглимга тугиб юрган фикрларимни қоғозга туширишимга туртки бўлди.

Таълим-тарбия… Ҳар сафар бу жумлага кўзим тушганида, нима учун таълим тар­бия­дан олдин келиши, умуман олганда, қай бири муҳимроқ эканлиги ҳақида ўйланиб қоламан.

Аслини олганда, бирини иккинчисидан ажратиб бўлмайди, қай бири олдин ишлатилишининг эса аҳамияти йўқ­дек. Аммо мушоҳада қилиб кўрсак, ундай эмасга ўхшайди. Чунки, мактаб «билим ўчоғи». Ўқитувчиларнинг биринчи галдаги вазифаси болага таълим бериш. Давлат ҳам, ота-оналар ҳам биринчи навбатда ўқитувчидан болага таълим беришни талаб қилади. Ўқитувчилар томонидан бериладиган тарбия эса таълим бериш жараёнида сингдириб борилаверади. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, бола асосий тарбияни оиласида олади. Мазкур масалага биринчи навбатда ота-она масъул бўлиши керак. Мактаб эса бу борада кўмакчи вазифасини бажаради. Айтмоқчимизки, ўқитувчи мактабда болага таълим билан бирга, унга тарбия беришни ҳам унутмаслиги лозим. Боланинг айнан оиласида олган тарбияси туфайли у келажакда биринчи галда ота-онасига ё роҳат ёки азоб-уқубат келтиради.

Шундай бўлса-да, айрим ота-оналар фарзандларининг ноқобил бўлишида мактабни айблашади, бир нарса бўлиб қолса, дарҳол «Ўқитувчиси қаёққа қараган, нима учун назорат қилмаган?» ёки «Ўқитувчиси бўлгандан кейин тарбиясига ҳам жавоб беради-да!» дея иддао қилиб қолишади. Гоҳида эса тирикчилик ташвишида хориж давлатларига ишлаш учун кетган баъзи ота-оналар фарзанди нопок йўлга кириб кетса ёки ҳуқуқбузарлик содир этса ёхуд бирор жиноятга қўл урса, дарҳол мактабни, ўқитувчиларни айблашга тушади. Афсуски, бу ҳолат бир неча ўн йиллардан буён давом этиб келмоқда.

Аслида фарзанд оилада камол топади, шу боис, биринчи навбатда оила аъзоларининг ўзаро муносабатларидан ибрат олади. Бола шу орқали бош­қаларнинг хулқ-атвори, хатти-ҳаракатларини ўрганиб, фарқлай бошлайди, улар билан муносабатга киришиш, мулоқотда бўлишнинг усули ҳамда шаклларини ўрганиб боради. Оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари мисолида бошқалар билан мулоқот қилишни ўзлаштиради. Хулқ-атвори ва муносабатлар турларини тушуниб боради ва бу тушунчалар ўсмирлик ҳамда балоғат йилларида ҳам сақланиб қолади.

Афсуски, айрим оилаларда ўз ота-онасининг меҳр-оқибатидан бебаҳра ўсаётган болалар ҳам йўқ эмас. Айрим ота-оналар ўз фарзандлари тар­бия­сига ғамхўрлик, меҳрибонлик, сабр-тоқат, меҳр каби хислатлар билан ёндашиш ўрнига, куч, айниқса, жисмоний жазо усулларини маъқул кўрадилар. Ўз навбатида, бу каби хатти-ҳаракатлар ўсиб келаётган ёш авлод характерига таъсир ўтказмай қолмайди.

Дейлик, бола тарбиядан йироқ бўлса ҳам билимли, иқтидорли бўлиши мумкин. Лекин ўша бола вояга етгач, ҳаттоки фан доктори даражасига эришса ҳам одоб-ахлоқ масаласида қусурлари сезилиб туради. Унинг билими ҳавас қилгулик даражада бўлса ҳам, катта давраларда одобсизлиги яққол билинади. Маш­ҳур турк олими, одоб-ахлоқ ҳамда фаннинг бошқа соҳаларига бағишланган ўнлаб асарлар муаллифи Муҳаммад Зеҳний айтганидек: «Ҳақиқий инсон ҳамиша илм ва ҳунар олишга интилади. Илм бир дарахт бўлиб, одоб унинг мевасидир. Одобсиз олим — мевасиз дарахт кабидир». Шундай экан, фарзандининг ҳар томонлама етук инсон бўлиб вояга етишини истаган ҳар қандай ота-она биринчи галда тарбия билан машғул бўлиши шарт.

“Бола таълими ва тарбияси ҳар доим баҳс ва мунозаралар марказидаги муҳим масалалардан бири бўлиб келган, дейди Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази бош мутахассиси, амалий психолог Дилноза Ҳусанова. — Айниқса, сўнгги вақтларда «Бола тарбиясида оила кўпроқ масъулми ёки мактаб?» деган савол барчанинг эътиборини жалб этмоқда. Мазкур саволга жавоб излаш мақсадида «ижтимоийлашув» ҳодисаси болада қай тарзда содир бўлиши ҳақида тўхталиб ўтсак. Ижтимоийлашув — бу бола ўзи яшаётган муҳитда ўрнатилган қонун ва қоидаларни, хулқ-атвор нормалари, жамиятда қабул қилинган ахлоқий қадриятларни ўзлаштириши ҳамда шуларга риоя қилган ҳолда жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб яшашга одатланиш жараёнидир.

Бола шахси шаклланишига муҳим таъсир қиладиган омиллардан бири бу таълим-тарбия ва ижтимоий муҳитдир (биогенетик омиллар билан бир қаторда). Бола дунёга келган даврдан бошлаб, ота-онаси, яқинлари ғамхўрлигида, уларнинг эътибори остида, катталарнинг ҳаракатлари, сўзларига тақлид қилиб, ўзи учун шахс намунаси эталонини кашф қилиб боради. Атрофдагиларнинг ширинсуҳанлиги, меҳр билан муомаласи, фаол қўллаб-қувватловчи ижобий таъсири, бола қизиқишларини рағбатлантириши орқали ўсиб бораётган бола ўзида муомала маданиятини, ҳаётни ўрганишга, янгиликлар соҳасида изланишга бўлган интилувчанлигини тарбиялаб боради. Ўсиб бораётган гўдакнинг атрофида фаол мулоқот, йўналтирувчи ва қўллаб-қувватловчи илиқ муносабат бўладиган бўлса — болада интилувчанлик, ғайрат, шижоат, масъулият, атрофдагиларга меҳр билан жавоб қайтара олиш каби шахс йўналганлигини белгиловчи муҳим ҳаётий кўникмалар шакл­ланиб боради. Аксинча, бола мунтазам равишда совуққон муомалани кўриб улғайса, унинг борлиққа бўлган қизиқишига нисбатан интилиши рағбатлантирилмаса, тўғри йўналтирилмаса, ундаги изланувчанлик сўниб, муомаласи ҳамда хулқида атрофдагиларга нисбатан совуққонлик, қўполлик, бетартиблик шаклланиб боради. Бир сўз билан айтганда, атрофида ўзи учун қандай муомалани кўрса, шу боланинг шахси ва хулқида акс этаверади.

Боланинг мактабгача бўл­ган даври — унинг шахси ва ақлий салоҳиятининг физиологик асослари интенсив ва ҳар томонлама шаклланадиган муҳим пайтидир. Бу даврни мажозий маънода — шахс пойдеворига асос солиш даври, десак ҳам бўлади.

3 ёшгача ота-она меҳри, ғамхўрлиги, қўллаб-қувватлаши остида яшашга одатланган «эркатой» бола эндиликда мактабгача таълим муассасасига қатнаб, у ерда ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилиш каби ҳаётининг муҳим бир бос­қичини ўтай бошлайди. Кун бўйи оила ғамхўрлигида бў­лишга одатланган боланинг жамоатчилик муҳити ва ўзига ўхшаган «эркатойлар» кўп бўлган янги муҳитга мослашиш даври — шубҳасиз болада стресс содир бўлишига олиб келади. Ота-она ҳамда гуруҳ тарбиячиси муносабатидаги қатъийлик билан бир қаторда меҳрлилик, боланинг эмоционал эҳтиёжларига нисбатан эътиборлилиги, янгиликларни ўзлаштириш ҳамда изланувчанлик каби эҳтиёжларининг қўллаб-қувватланилиши, индивидуаллигининг тан олиниши — боланинг жамиятга дастлабки қадамлари самарали кечишига сабаб бўлади. Агар ота-она болалар боғчасидаги ўзига хос шароитлардан турли камчиликларни излашга ҳаракат қилиб, боладаги стрессни енгишга ёрдам бериш ўрнига, уни бошқа гуруҳга, бошқа болалар боғчасига кўчиришга уринаверса, болада мослашувчанлик, қайишқоқлик, қатъиятлилик каби хусусиятлар шаклланмай қолишига, аксинча бесабрлик, тартибсизлик, масъулиятсизлик каби ҳаётга мослашишида турли қийинчиликлар юзага келишига сабаб бўладиган дезадаптив хусусиятлар шаклланишига сабаб бўлади.

Бола ижтимоийлашувидаги кейинги қадам — бу мактаб. Бу таълим даргоҳи бола ҳаётидаги муҳим бир маскандир. Сабаби бу ерда бола нафақат ўз ақлий салоҳиятини, балки ижтимоий интеллектини ҳам оширади, ижтимоий муносабатлари доираси кенгаяди. Оилада, мактабгача таълим муассасасида шаклланган шахс пойдевори эндиликда, унга ўқиш ва ёзишни ўргатган ўқитувчи авторитети, мактабда орттирган дўстлари таъсирида  янада кенгайиб мустаҳкамланиб бораверади. Мазкур босқичда ҳам ота-она ва оилавий муҳит етакчи ўринни эгаллайди. Мактабдаги муваффақият ҳам, инқироз ҳам — ота-она назорати, эътибори, муносабатлари таъсирига боғлиқ. Нима учун?..

Келинг, боланинг кун тартибини таҳлил қилайлик:

Бола бошланғич синфда: эрталаб соат 8:00 дан кундузги 12:00 гача, яъни 4-5 соат давомида бола мактабда бўлади. Агар қўшимча тўгаракларга қатнаса, бу вақт яна 2 соатлар чамаси узаяди. Уйда: ота-онаси фарзандининг кун тартибини қай даражада мазмунли, тартибли ташкил қилса, мактаб таълими жараёнига меҳр уйғотиб, жамоатчилик муҳитида ўзини тутиш қоидаларини эслатиб, жамоатчилик ҳаёти тартибини ҳурмат қилишга одатлантирса — бола жамият қоидаларига риоя қилишга одатланади, янги кун тартибига ўрганади. Мактабда кўпи билан 5-6 соат давомида олган таълими уйда ота-она томонидан қўллаб-қувватланса, бола уйга берилган топшириқларни ўз вақтида, ота-она назоратида бажаришга одатланса, таълим олиш (ўқиш) мотивацияси ошишига, унинг салоҳияти учун янгилик бўлган ва қайсидир даражада мураккаб бўлган билим ва кўникмаларни ўзлаштиришда қатъиятлилик, тартиблилик шаклланишига имкон беради. Шахс хислатларидаги зукколик, оқиллик, атрофдагиларга нисбатан ҳурматни намойиш қилиш, қадрига етиш, мулозамат одатларини ўзлаштириш, уй-рўзғорда тежамлилик, саришталик, пулни иқтисод қилиш-у, тежаб сарф қилиш, меҳнат одоби ва ҳоказолар — буларнинг барчаси ота-онанинг шахсий намунаси, ўгити, назорати ва уй-рўзғорда ўрнатилган қадриятлар тизимига боғлиқдир. Хулоса қилиб айтганда, ота-она болани қай соҳага бошласа, бола шу соҳада шаклланади.

Ўсмирлик ёши: одатда бу ёшда боланинг тенгдошлари орасида дўстлари кўп бўлади, кун давомида мактабдаги дарс, турли тўгараклар билан банд бўлиш даражаси ҳам турлича. Қолган вақти, дам олиш кунлари — уйда ўтади. Кун давомида олган таассуротлари, эгаллаган катта-кичик ютуқлари — ота-онанинг қўллаб-қувватлаши натижасида ё катта зафарларга айланади ёки боланинг ҳаёт йўлидан адашишига сабаб бўлади. Бола эрталаб уйғониши билан ота-онасининг қўпол муомаласи остида яшаса, оилавий зўравонлик гувоҳи бўлса, ота-онанинг шахсий ҳаётидаги тартибсизлиги каби намуна таъсирида бўлса — буларнинг барчаси унинг руҳий иммунитети пасайишига, ўз шахсий қадриятларида но­аниқликлар пайдо бўлишига олиб келади.

Ҳар бир бола мактаб таълимида қандай ютуқларга эришмасин, у асосий эҳтиёж — бу оиласининг тўлиқлиги, ота-онаси учун қадрли бўлиши, асосий гўшаси бўлган хонадонидагина меҳр кўриш иштиёқида яшайди.

Таҳлилларимиздан кўриниб турганидек, бола шахси шакл­ланадиган асосий даври — оиласи даврасида, ота-она таъсирида ўтади. Ўқитувчи гарчанд уринмасин, агар боланинг оилавий муҳити ноқобил бўлса, ота-она ўз номақбул ҳаёт тарзи, ҳаётга қарашлари билан болага «намуна» бўлса, то ота-онани «ўзгартирмагунимизча» болани «тўғри ҳаёт йўли»га солишимиз қи­йин бўлади. Ахир «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтилмаган-ку!

Боланинг билим олиши-ю, одоб-ахлоқига оила билан мактабдан ташқари, маҳалла фаоллари ҳам масъул ҳисобланади. Ахир оилаларни бир жамоага, ижтимоий гуруҳ муассасасига айнан маҳалла бирлаштиради, жипслаштиради. Уларда аҳиллик, ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик, ҳамдардлик ҳис-туйғуларини шакллантирадиган, камол топтирадиган ҳам маҳалла ҳисобланади. Дарҳақиқат, оиланинг ижтимоий-моддий ҳолати, ундаги шарт-шароитларни маҳалла-кўй, қўни-қўшни жуда яхши билади. Оиланинг яхши-ёмон кунлари ҳам маҳалла аҳли билан ўтади. Тарбия энг мураккаб, кенг кўламли масалалардан бири экан, бундай улкан, масъулиятли, шарафли ишни оила, маҳалла, мактаб, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимизнинг муваффақиятига мактабда олаётган билими, иноқ-тотув маҳалла аҳлининг назорати ҳамда соғлом оила муҳити сабаб бўлади. Шундай экан, бола тарбиясида оила, маҳалла ва мактаб ҳамкорлигини мустаҳкам йўлга қўйишимиз лозим”.

Шу ўринда сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда қайд этилаётган айрим ачинарли ҳолатларни таъкидлаб ўтишни истардик: мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилган, юқори синфларнинг икки ўқувчиси учинчисини калтаклаган, бошқаси синфдошининг телефонини ўғирлаган, яна бири ўқитувчисининг кўз ўнгида партага чиқиб, рақсга тушган, яна бирови қўшнисининг автомашинасини сўрамай ҳайдаб кетиб, ҳалокатга учраган…

Таҳлиллардан кўринадики, бундай ҳолатлар асосан ўқувчиларнинг мактабда бўлган пайтларига тўғри келади. Шундай бўлгач, ўз-ўзидан бунга ўқувчини назорат қилмаган ўқитувчи сабабчи, дея кўрсатилиб, айнан ўқитувчи айбдорга чиқарилади. Ваҳоланки, ўқитувчининг ҳам ўзига яраша ташвишлари, жумладан, оиласи, фарзандлари, рўзғори бор. Қолаверса, унинг бир ўзи синф­даги 25-30 нафар ўқувчининг қай биридан хабардор бўлишга улгуради?

Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, тарбияни таълимдан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Таълим ва тарбия бир-бири билан боғлиқ жараён бўлиб, ҳар иккиси инсон учун, унинг камоли учун хизмат қилади. Таълим инсон ҳаётининг маълум даврларидагина бериладиган ёки олинадиган амаллардан бўлса, тарбия инсоннинг бутун умри давомида амал қиладиган, узлуксиз, доимий жараёндир. Бундан кўринадики, тарбия ҳар бир инсоннинг энг муҳим ва айни пайтда, энг масъулиятли вазифалари сирасига киради.

Халқимизда «Отанг — маҳалла, онанг — маҳалла», «Бир болага етти қўшни ота-она» деган нақллар бор. Ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар айнан маҳалла муҳитида ривожланишини ях­ши биламиз. Бу анъаналар ўз навбатида, ёш авлоднинг онгу-тафаккурини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги «Баркамол авлодни тарбиялашда ои­ла институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қа­рори билан ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги мажбурият ва масъулиятини кучайтириш, ўқув муассасаларида таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлигини ошириш белгилаб қўйилган бўлиб, «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлиги концепцияси эса эртамиз эгаларини турли ҳу­қуқ­бузарликлар, экстремизм, гиёҳвандлик, «оммавий маданият» каби иллатлардан асраб-авайлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни касбга йўналтиришнинг муҳим омили бўлмоқда.

Шундай экан, болани копток сингари у ёқдан бу ёққа оширмасдан, аксинча, маънан етук, жисмонан бақувват, юксак инсоний фазилатларга эга бўлган, Ватанига ва халқига садоқатли, фидойи ҳамда ҳушёр инсон этиб тарбиялашда ота-она, маҳалла фаоллари ва ўқитувчи-мураббийлар ҳамкорлигини тўғри йўлга қўйиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлмоғи лозим. Тарбия масаласида қарс икки эмас, уч қўлдан чиқиши эса бугунги давр­нинг талабига айланди.

Ғофуржон АЛИМОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: