Home /   / Қарор — қонуний, бироқ…

Қарор — қонуний, бироқ…

Фуқаролик суд ишларини юритишнинг мақсади процесс иштирокчиларининг бузилган моддий ва процессуал ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутади ва шу билан фуқароларни қонунлар, ҳуқуқий меъёрларнинг бажарилишига онгли муносабатда бўлишга ундайди.

Суднинг одил судловни амалга оширишга қаратилган фаолияти масалани тўғри ҳал қилиш учун манфаатдор шахсларга қонунда кўрсатилган процессуал ҳаракатларни татбиқ этиш билан ғайриқонуний ҳаракат қилган тарафга нисбатан давлатнинг мажбурлаш кучини қўллашдан иборат.

Қонунда белгиланганидек, фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд орқали самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида барча инстанция судларида иш кўрилаётганда прокурор қонунда белгиланган тартибда қатнашади. Бу прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Хусусан, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар ҳамда Тошкент шаҳар судида прокурор иштирокини таъминлаш орқали суд қарорларининг қонунийлигини таъминлашга эришилмоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судларга даъво аризалари киритилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилаяпти.

Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда кўрилаётган низоларнинг аксарияти мол-мулк, уй-жой билан боғлиқ. Бу низолар асосан фуқароларнинг ўзи тузаётган битимнинг оқибатини тушуниб етмаслиги натижасида келиб чиқмоқда.

Аксарият ҳолларда олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ариза берилган бўлади. Баъзан бу турдаги даъво аризасини айнан олди-сотди шартномасининг тарафи бўлмаган бошқа шахслар тақдим этаётганини кузатиш мумкин. Яъни, бу турдаги низоларнинг сабаби ўрганилганда айрим фуқаролар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турмагани туфайли пойтахтда яшаётган ва доимий рўйхатда турган таниши, қариндоши ёки бош­қа кишилар номига уйини расмийлаштириши, келгусида бу одамлар уй эгасининг ишончини суиистеъмол қилиб, уйни сотиб юбориши оқибатида низо келиб чиқаётгани аниқланган.

Бундай низолар юзасидан олди-сотди шартномасини расмийлаштиришнинг қонунийлиги ўрганилганда, у тўлиқ қонун талаби асосида расмийлаштирилгани аниқланса-да, даъвогар ушбу низоли хонадоннинг ҳақиқий эгаси эканлиги, бу уй учун барча тўловларни ўзи амалга оширганини қайд этади. Лекин даъвогар олди-сотди шартномасининг тарафи бўлмагани сабабли суд унинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризасини кўрмасдан қолдиради ва бундай ҳолларда фуқаролар албатта суднинг қарорига протест келтиришни сўраб, прокуратурага мурожаат қилади.

Тошкент шаҳар прокуратураси амалиётида бундай мурожаатлар кўп учрайди. Масалан, Т.Салимов шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, қайнукаси С.Тиллаев томонидан ўзига тегишли уйдан чиқариб юбориш ҳақида судга даъво аризаси киритилгани ва ушбу даъво қаноатлантирилиб, у оила аъзолари билан бош­қа турар жой бермасдан уйдан кўчирилаётгани, у бу уйни 2005 йилда ўз пулига Е.Ивановадан сотиб олгани, қайнукаси ушбу уй учун ҳеч қандай пул тўламаганини қайд этиб, унинг ҳаракатлари юзасидан текширув ўтказиб, натижасига кўра С.Тиллаевга нисбатан чора кўришни сўраган.

Бундай ишлар прокурор иштироки мажбурий бўлган ишлар тоифасига киради. Яъни, уйдан бошқа турар жой бермасдан мажбурий кўчириш ҳақидаги ишларда албатта прокурор қатнашиши шарт.

Иш ҳолатлари ўрганилганда маълум бўлишича, дастлаб Т.Салимов фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судига жавобгарлар С.Тиллаев ва Тошкент шаҳар нотариал идорасига нисбатан Чилонзор тумани Боғи Эрам кўчасида жойлашган 16-уй 5-хонадоннинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида мурожаат қилган. Т.Салимов даъво аризасида 2005 йил 14 сентябрда ўғли Р.Темиров Тошкент шаҳрида ўқишга киргани, ўзи эса Қашқадарё вилояти Касби туманида яшаши туфайли ўғли учун Тошкент шаҳридан уй сотиб олишга қарор қилгани, лекин бунинг учун Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда туриши талаб қилингани, шу боис олди-сотди шартномасини Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турган қайнукаси С.Тиллаевнинг номига расмийлаштирганини қайд этган.

Т.Салимов ушбу хонадонда оила аъзолари билан 2005 йилдан 2016 йилга қадар ҳеч қандай шартномасиз яшаб келади. Лекин 2016 йилда С.Тиллаев ўзининг номидаги уйда рўйхатсиз ёки шартномасиз ижарачилар тургани учун жавобгарликка тортилишини айтиб, Т.Салимовга ижара шартномаси тузиш лозимлигини билдиради. Албатта, Т.Салимов ҳам бу таклифга рози бўлиб, уларнинг ўртасида уйдан фойдаланиш ҳақида ижара шартномаси тузилган.

2018 йилда эса Т.Салимов билан С.Тиллаев ўртасидаги келишмовчилик оқибатида қайнука поччасига уйни бўшатиш ҳақида талаб қўйган. Т.Салимов уй ўзининг пулига сотиб олингани, бу уйда С.Тиллаевнинг ҳеч қандай ҳаққи йўқлиги, уйни бўшатмаслигини айтиб, олди-сотди шартномасини бекор қилиш ҳақида судга мурожаат қилган. С.Тиллаев ҳам Т.Салимовни ижара ҳақини тўламаганликда айблаб, уни оила аъзолари билан мажбурий кўчириш ҳамда ижара шартномасида белгиланган барча давр учун жами 5 миллион сўм ундириб бериш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Бундай низоларни ҳал этишда суд ва прокурор томонидан моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри қўллангани синчковлик билан текширилиши лозим.

Ушбу фуқаролик иши ўрганилганда, мазкур масала юзасидан қарор қабул қилишда моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилмагани аниқланган.

Энг ачинарлиси, ишни ўрганиш жараёнида мол-мулк туфайли қариндош-уруғчилик муносабатлари бузилгани инсонни ўйлантиради. Яъни, С.Тиллаев туғишган опасининг турмуш ўртоғи ҳаққига хиёнат қилган бўлса, Т.Салимов турмуш ўртоғининг укасига нисбатан жиноий жавобгарликни қўллашни сўраб мурожаат қилган. Бундай ҳолларда албатта терговолди текширувини ўтказиш лозим бўлади.

Лекин С.Тиллаевнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмагани сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Иш ҳолатидан кўринмоқдаки, пой­тахт­дан “прописка”ли қариндоши ёки таниш-билишининг номига мулк олаётган фуқаро битим тузаётганда унинг ортидан юқоридаги каби низолар келиб чиқиши мумкинлигини англаб олишлари, битим тузилаётганда эҳтиёт шарт келгусида мулкни қайтариб бериш бўйича тегишли бандларни киритиш масалаларини ҳам ҳал этиб олса, ўз пулига сотиб олган мулкни қўлдан бой бермайди, ўз уйида ижара тўлаб яшамайди.

Кейинги иш ҳолати эса фуқаролар мол-мулк учун ҳатто ота-она ва фар­занд­лик ришталарини ҳам унутиб қўяётганлигидан далолат бермоқда.

Даъвогар Т.Каримова судга жавобгар онаси Р.Мирзаеванинг номидаги хонадонни марҳум отаси билан умумий турмуши даврида топилган мулк деб топиб, отасининг улушига ўзини меросхўр деб топиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Иш ҳолатлари ўрганилганда аниқланишича, даъвогар Т.Каримова жавобгар Р.Мирзаева ва марҳум К.Мирзаевнинг ягона фарзанди. Отаси Т.Каримовага ҳаётлигида бир нечта кўчмас мулк­ни васият қилиб берган. Низоли хонадон эса Р.Мирзаеванинг номига хусусийлаштирилган.

Биринчи инстанция суди Т.Каримованинг даъвосини қаноатлантириб, Р.Мирзаеванинг номида бўлган низоли хонадонни марҳум К.Мирзаев билан ўрталаридаги умумий мулк деб топиб, марҳум отанинг ушбу хонадондаги улушига қизини меросхўр деб белгилаган.

Жавобгар Р.Мирзаева суднинг бу қароридан норози бўлиб уни бекор қилишни ҳамда қизи Т.Каримова унга жароҳат етказгани, ҳар куни калтаклаши, унга доимий жисмоний азоб бериб келгани учун уни жавобгарликка тортишни сўраган ҳамда бу фактларни тасдиқловчи далилларни тақдим этган.

Мазкур мурожаат юзасидан суд қарорининг қонунийлиги ўрганилганда, суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда ФПКнинг 15-моддасида белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда тақдим этилган материаллар ва тушунтиришлар билан чекланиб, ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлаш учун қонунга асосланган ҳолда чоралар кўрмагани аниқланди.

Яъни, жавобгар билан К.Мирзаевнинг никоҳи даврида жавобгар Р.Мирзаеванинг номига Октябрь тумани ижроия қўмитасининг 1991 йил 8 августдаги қарорига кўра низоли хонадон хусусий мулк сифатида расмийлаштирилган.

“Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ хусусийлаштирилган турар жойда унинг хусусийлаштирилишига розилик берган уй эгасининг бошқа оила аъзолари яшаётган бўлса, уларнинг ҳаммаси шу турар жойнинг эгаси ҳисобланади, эгаллаб келинаётган турар жой эса хусусийлаштириш натижасида умумий мулкка айланади.

Шунингдек, Олий суд Пленумининг 1997 йил 2 майдаги “Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 3-қарорининг 17-бандида эр-хотинлар ўртасидаги хусусийлаштирилган турар жойларни бошқаларга ўтказиш билан боғлиқ низони ҳал қилишда судлар оила қонунчилиги мезонларини, яъни Оила кодексининг 23, 24-моддаларини эмас, балки “Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси 4-банди ва Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 4 апрелдаги 180-қарори билан тасдиқланган хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қис­ми), уйлар (уйларнинг бир қисми)ни бошқаларга бериш ва мерос қилиб қолдиришда мулкчилик ҳуқуқи ўтиши ҳақидаги шартномаларни расмийлаштириш тўғрисидаги низомни қўлламоғи лозимлиги белгиланган.

Лекин суд мазкур иш юзасидан ҳал қилув қарорини қабул қилишда Пленум қарори талабларига зид равишда Оила кодексининг 23-27-моддаларини қўл­лаган. Яъни, низоли хонадон Октябрь тумани ижроия қўмитасининг 1991 йил 8 августдаги қарорига кўра жавобгар Р.Мирзаевага хусусий мулк қилиб берилган бўлса-да, суд қонун нормаларини нотўғри қўллаш оқибатида хусусий мулкни эр-хотин ўртасидаги умумий мулк деб топиб, даъвогарнинг талабини қаноатлантирган.

“Прокуратура тўғрисида”ги қонунда прокуратура фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, улардан бири судларда фуқаролик ишларини кўриб чиқишда қатнашиш ва суднинг қонунларга зид ҳужжатларига протест келтиришдир. Тошкент шаҳар прокуратураси ушбу ваколатидан фойдаланган ҳолда суднинг қарорига нисбатан протест киритди ва қарорнинг қонунийлиги таъминланди.

Шунингдек, жавобгар Р.Мирзаевага қизи Т.Каримова етказган жароҳатлар юзасидан терговолди текшируви ўтказилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, фуқароларга мулк билан боғлиқ битимлар қандай тузилиши ва уларнинг оқибатларини кенгроқ тушунтириш лозим. Бу қариндошлар орасидаги ришталарнинг мустаҳкамланишига, жамиятда меҳр-оқибат йўқолмаслигига хизмат қилади.

Матлуба Аминжонова,

Тошкент шаҳар прокуратураси

бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: