Home /   / Ҳар бир моддаси — ҳаётимиз қоидаси

Ҳар бир моддаси — ҳаётимиз қоидаси

8 декабрь куни келажагимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигини нишонлаймиз.

Конституция қабул қилиниши билан мамлакатимиз инсон ҳуқуқларининг муқаддаслиги ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини бутун дунёга расман эълон қилди. Халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, ўз миллий бойликларига ўзи эгалик қилиши Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилди.

Президентимиз қайд этганидек, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мус­таҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда. Шу сабабли Асосий қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.

Конституцияда давлатимизнинг иж­тимоий, иқтисодий, сиёсий тизими, бош­қарувнинг адолатли ва демократик тамойиллари, жамият ривожланишининг стратегик йўналишлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари ҳам­да маънавий қадриятларимиз мус­таҳкамлаб қўйилдики, бу умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига ҳам тўла мос келади.

Айтиш жоизки, қонунларимиз муайян бир соҳани қамраб олса, Конституциямиз ижтимоий муносабатларнинг асосларини комплекс равишда тартибга солиши билан ажралиб туради. Ўз мақомига кўра у олий даражадаги қонун бўлиб, ҳар бир давлатнинг ўзига хос қиёфасини, тарихий-ҳуқуқий анъаналарини, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тузумини, тараққиёт йўлини, бугуни ва келажагини, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда бурчларини ўзида ифода этади. Бошқача айтганда, ҳар қандай давлатнинг келажаги, халқининг тақдири кўп жиҳатдан ўша давлатнинг конституцияcи қандай бўлишига боғлиқ.

Шўролар тузуми даврида фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинлик­лари ва бурчларига эътибор давлат манфаатларидан кейинги ўринга қў­йилган бўлса, Ўзбекистон Конституциясининг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” дея белгилаб қўйилди. Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши кафолатланди. Унга мувофиқ яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

Таъкидлаш жоизки, 2005 йил 1 ав­густда Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги, ўша йилнинг 8 августида “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги фармонлари эълон қилиниши фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳаётга изчил татбиқ этишнинг мантиқий ифодасидир.

Беқиёс инсонпарварлик ифодаси бўлган ушбу фармонларга мувофиқ Ўзбекистонда 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинди. Жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айб­ланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилди. Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қонунда белгиланган бошқа эҳтиёт чораларини қўллаш самарасиз бўлган алоҳида ҳолларда ва фақат жиноят ишлари бўйича судлар ёки ҳарбий судлар ваколатига мувофиқ уларнинг қарори бўйича амалга оширилиши лозимлиги белгиланди. Давлатимизнинг жиноятга оид ушбу сиёсати ўлим жазосини қўллашга нисбатан жаҳон тенденцияларига тўла мос келади ҳамда Конституциямизда эълон қилинган инсонпарварлик ва одиллик тамойилларини изчил ифода этади.

Мамлакатимиз Асосий қонунининг яна бир муҳим жиҳати – унинг ижтимоий мақсадни кўзлаган бозор муносабатларини шакллантиришга йўналтирилганидир. Мулкчиликнинг барча шакллари, жумладан, хусусий мулк тенг ҳуқуққа эгалиги ва баб-баробар ҳуқуқий ҳимоя этилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги хайрли ишларнинг мантиқий давоми бўлди десак янглишмаган бўламиз.

Ислоҳотларнинг бирор соҳаси ёки йўналиши учун дастлабки ҳуқуқий асосни изламоқчи бўлган инсон, аввало Конституцияга мурожаат қилади ва унда мужассам бўлган қоида ва ғоялар негизида иш юритишга жазм этади.

Маълумки, Конституция бутун дунё­да давлат келажаги, халқ тақдири белгилаб қўйилган устувор ҳужжат сифатида тан олинади. Халқимизнинг хоҳиши, эркинлиги ва умуминсоний қадриятлари акс эттирилган Асосий қонунимиз ана шундай устувор аҳамиятга эга. Фуқароларнинг ор-номуси, қадр-қиммати, обрў ва иззатини сақлаш, инсоннинг шаъни ва обрўсига қилинадиган тажовузларга, шахсий ҳаётига ҳар қандай шаклда аралашувларга йўл қўймаслик ва тураржойи дахлсизлиги каби ҳуқуқларнинг мавжудлиги билан Конституциямизнинг мазмуни янада бойитилган.

Ҳеч ким қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари шахс­нинг хоҳишига қарши унинг тураржо­йига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас. Мамлакатимиз фуқароларининг республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиши, Ўзбекистонга келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эгалиги ҳам Конституциямизда эътироф этилган. Фақат қонун билан белгиланган ҳолатларда бу ҳуқуқларнинг чекланишига йўл қўйилади.

Шунингдек, Конституцияда ҳар бир шахснинг ўз фикр ва мулоҳазаларини эркин ва мустақил тарзда ифода этиши учун имконият яратилиб, сўз ва эътиқод эркинлиги кафолатланган.

Ўзбекистоннинг конституциявий тузумини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратура органларининг муҳим вазифасидир. Бундай шарафли вазифалар бизнинг зиммамизга юксак масъулият юклайди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағиш­ланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, Асосий қонунимизнинг ҳар бир моддаси биз учун дастурил­амалга, ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур.  Бунинг учун уни мактабларда, олий ўқув юртларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида тизимли равишда ўрганиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб  чиқишимиз керак.

Биз жамиятимизда шундай ҳу­қуқий маданиятни шакллантиришимиз керакки, унга мувофиқ Конституция ва  қонунларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш мажбурият эмас, балки кундалик қоида ва одатга айланиши шарт. Мухтасар қилиб айтганда, фуқароларимиз қонунларни бузишдан кўра, уларга амал қилишдан манфаатдор бўлиши лозим.

Эркабай ТАДЖИЕВ,

Қашқадарё вилояти прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: