Home /   / Ҳар қарич ернинг ҳисоби бор

Ҳар қарич ернинг ҳисоби бор

Айни вақтда мамлакатда аҳолининг сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, қолаверса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ердан унумли фойдаланиш ва унинг талон-торож қилинишининг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади.

Шуни эътиборга олган ҳолда Тошкент вилояти прокуратураси органлари томонидан ҳудудда текшириш ва мониторинглар ўтказиб борилмоқда. Маълум бўлишича, жойларда ерларни ноқонуний ажратиш ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан вилоятда сектор раҳбарлари бошчилигида масъул идоралар ходимларидан иборат гуруҳлар тузилган. Ўтказилган хатлов давомида ер билан боғлиқ бир қатор қонунбузилишлар аниқланган. Жумладан, вилоят бўйича 11179 та ҳолатда 1409 га ер ноқонуний эгаллаб олинган. Шундан 517 га ерда 5463 та ноқонуний қурилиш қилинган. 367 та ердан фойдаланувчига ажратиб берилган 8776 га ер учун ижара шартномаси тузилмаган.

Туман ҳокимларининг қонунга зид равишда қабул қилинган қарорлари билан турли субъектларга 154 га ер ажратиб берилган. Прокурорлар томонидан мазкур қарорларни бекор қилиш ҳақида протестлар келтирилди. Масалан, Тошкент тумани ҳокимининг қарори билан Чоштепа қишлоғидаги «Турғунбой соҳибкор агро» агрофирмаси ҳудудидан 3,60 гектар суғориладиган ер логистика шохобчаси ҳамда экспортга йўналтирилган мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхонаси биноларини қуриш учун «Gamma trade» МЧЖга ажратиб берилган.

Ўрганишларда 174 та ҳолатда 42 га ер ноқонуний равишда муомаладан чиқарилгани аниқланган. Масалан, Янгийўл тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мансабдорлари Тинчлик массивидаги «Рихсибой Файз» фермер хўжалигидан 2016 йил 12 майда захирага қайтариб олинган, балл бонитети 64 бўлган 1,46 га ерни фермер хўжаликларига бириктириб бериш чорасини кўрмасдан ва ҳисоботларда акс эттирмасдан яшириб келишган. Оқибатда мазкур ерни 10 нафар фуқаро ноқонуний тарзда эгаллаб олиб, бинолар қурган. Улар ҳужжатларни қалбакилаштириб Янгийўл туман ҳокимининг қарорлари қабул қилинишига эришиб, мулк ҳуқуқини қўлга киритишади. Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ер ресурслари давлат кадастри бўлими, «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Янгийўл тумани филиали мансабдорлари, «Туябўғиз» МФЙнинг собиқ раиси ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Бундай ҳолатлар Ўртачирчиқ туманининг «Ўртасарой», «Эвалек», Зангиота туманидаги «Рамодан», Янгийўл туманидаги «Чортоқ», «Қирсадоқ» ва «Пахта», Қибрай туманидаги «Чинор» МФЙ раислари ҳамда шу туманларнинг «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси масъул шахслари томонидан ҳам содир этилган. Қайд этилган ҳолатлар юзасидан бешта жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ер кодексининг 84-моддаси талаблари бажарилмасдан, айрим масъул шахслар ўз ваколатларини суиистеъмол қилишган. Хусусан, Тошкент туманида жойлашган Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директори ўринбосари Ч.Туропов томонидан сохталаштирилган хатга ва ер ажратиш комиссиясига раислик қилган туман ҳокими ўринбосарининг ижобий хулосасига асосан 2018 йил 1 июнда Тошкент тумани ҳокимининг қарорига ўзгартириш киритилиб, унга биноан Дархон қўрғонидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 2 га ер якка тартибда уй қуриш учун ажратилиши белгиланади. Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти директорининг ўринбосарига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, судга юборилган.

Ўрганиш жараёнида ердан фойдаланувчилар ер участкаларидан бошқа мақсадларда фойдаланишгани ҳам аниқланган. Масалан, Тошкент туманидаги «Абдухалил мурувват агро» фермер хўжалиги раҳбари фойдаланувидаги 0,74 гектар суғориладиган ерни фуқароларга уй қуриш учун тақсимлаб берган. «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Тошкент тумани филиали масъул шахслари шу ерда ноқонуний равишда қурилган бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатини расмийлаштириб берган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Қибрай туманидаги «Тошкент овози» фермер хўжалиги раҳбари О.Эшназаров «Чинор» МФЙ раиси Н.Йўлдошева билан жиноий тил бириктириб, фойдаланувидаги ернинг 0,20 гектарини икки фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар асосида уй-жой қуриш учун расмийлаштириб бериб, ҳар биридан 80 минг АҚШ доллари олган. «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси Қибрай тумани филиали масъул шахслари сохта уй кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб берган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, фермер хўжалиги раҳбари О.Эшназаров қамоққа олинган.

Ўтказилган хатлов натижасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Хусусан, 718 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгалланган  210 га ер қайтарилди ва 232 га ерда қурилган 1595 та қурилма бартараф этилди. 78 га ердаги 1024 та ноқонуний қурилишни буздириш ҳақида судларга даъво аризаси киритилди. Ҳокимларнинг 61 та ноқонуний қарори туман прокурорларининг протестига асосан бекор қилиниб, 158 га ер захирага қайтарилди. 81 та қишлоқ хўжалиги корхонаси билан ер ижара шартномаси тузилиши таъминланди. Захирада турган 666 га ер 12 та қишлоқ хўжалиги корхонасига берилди. Самарасиз фойдаланиб келинган 108 га ер захирага қайтарилди.

Туман ва шаҳар прокурорлари томонидан қонунбузилишларни бартараф этиш ҳақида 75 та тақдимнома киритилди. 60 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилишлар юзасидан 16 та жиноят иши қўзғатилди.

Ер иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларида асосий манбадир. Ундан самарали фойдаланиш орқали юртимиз фаровонлиги ва дастурхонимиз тўкинлиги таъминланади. Демак, ҳар қарич ерни асраб-авайлашимиз, ундан оқилона фойдаланишимиз керак.

Салом САМАДОВ,

Тошкент вилояти прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: