Home / Тавсия этимиз / Қандай болалар зўравон бўлиб улғаяди?

Қандай болалар зўравон бўлиб улғаяди?

Фарзанд тарбияси ўта нозик масала. Шунинг учун ҳам бола тарбиясида, аввало, оиладаги маънавий муҳит, ота-оналарнинг ўзаро муносабатлари, мутаносиблик, муроса йўлини танлай билиши жуда муҳим  ҳисобланади. 

Қайси оилада китоб ўқиш, билим олиш, илм эгаллаш, касб-ҳунарга қизиқиш, меҳнатсеварликка ўргатиш каби тарбия усуллари қўлланилса, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, меҳр-оқибат тушунчалари бобо-буви, ота-она томонидан дастурхон атрофидаги суҳбатлар жараёнида сингдирилса, у хонадонда улғайган бола жамиятга, одамларга нафи тегадиган, инсоннинг қадрига етадиган, Ватанни чин дилдан севадиган инсон бўлиб вояга етади.

Енгил-елпи йўл билан бойиб кетган, барча нарсани пул билан ўлчайдиган, ҳаром-ҳаришдан қўрқмайдиган, виждони ўрнида нафс ҳукмрон бўлган муҳитда ўсган ўғилдир, қиздир кибр-ҳаволи, манманлик касалига чалинган бўлади. Баъзан ўқув масканларида, баъзан кўча-кўй, жамоатчилик жойида турли тартиббузарликлар, буз­ғунчиликлар содир этаётганлар ҳам айнан шу тоифа ўғил-қизлар эканига гувоҳ бўламиз.

Ота-онаси чет элдан узатиб турган пуллар эвазига ярим тунгача санғиб, юрган болалар назоратсизлик, эътиборсизлик оқибатида жанжалкаш, жиззаки, зўравон бўлиб улғаяди. Чунки, ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ўз жонига қасд қилаётган вояга етмаганлар ҳақида фильм тайёрлаш жараёнида бундай ҳолатга тушган болаларнинг руҳиятини ўргандим.

Оиладаги маънавий муҳитнинг носоғломлиги, ота-она ўртасидаги муносабатларнинг номутаносиблиги, фарзандлар тарбияси эътибордан четда қолиб кетиши аксарият фожиаларнинг келиб чиқишига шарт-шароит яратган. Ўз жонига қасд қилиб, ёрдам кўрсатилиши оқибатида ҳаёти асраб қолинган шофирконлик ўсмир Ғулом Собировнинг (исм-фамилияси ўзгартирилган) айтишича, уни  ота-онаси мунтазам ўзлари билмаган ҳолда камситиб келган. Қўшни йигит Бахтиёр ундан минг марта афзаллигини, аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда, ота-онаси чизган чизиқдан юриши ҳақида тинмай гапириб келишган. Натижада Ғуломда ўзига нисбатан ишонч йўқола бошлаган. Вазият шу даражага келиб қолганки, у руҳий тушкунлик ҳолатида «Ҳеч ким мени яхши кўрмайди, мен ҳеч кимга керак эмасман», деган хулосага келган. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ҳар бир ота-она фарзандининг характер хусусияти, қизиқишларини инобатга олиб муомала қилиши, миллий қадриятларимизни онгига сингдириш учун махсус машғулотлар ўтказиши шарт эмас. Аммо, оилаларда аксарият тарбиявий ўгитлар ҳаёт жараёнида бериб борилади. Тарбиянинг нозиклиги ҳам шунда. Мазкур жараёнда қайсидир ота-она фарзанд тарбиясида қаттиққўлликни афзал кўришиб, ўзлари билмаган ҳолда болага тазйиқ ўтказишади. Ортиқча тақиқлар, сабабсиз дакки бериш, жазолаш оқибатида боланинг болалигини ўғирлаб қўйишади. Мунтазам калтакланган ёки қўпол муомала билан тарбияланган бола қўпол, шафқатсиз, ҳатто жиноятга мойил бўлиб улғаяди. Масалан, кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватида яшайдиган қўшнимизда 3 ўғил, биринчи қаватдаги ҳамсояда 2 ўғил ва бир қиз улғайганини эслайман. Тўртинчи қаватдаги қўшнининг отаси жуда қаттиққўл, қачон қараманг, уйидан болаларнинг йиғлаган овозлари эшитилиб турар, баъзан ҳавонинг совуқ кунларида ҳам юпун ҳолатда кўчада дийдираб турган бош фарзандни учратардим. «Кеч бўлди, уйга кирсанг бўлмайдими», деган саволимга: «Дадам уйга қўймайдилар…» дерди. Кейинчалик билсам, укалари йўл қўйган хатолар учун акани жазолаш — бу оиланинг тарбия услуби деб қабул қилинган экан. Шу болаларнинг тақдири нима бўлди? Катта ўғил ҳаётда ўз ўрнини тополмади. Чунки у қўлидан иш кела бошлаган пайтда укаларининг ўқиши учун бозорда арава тортди. Энди эса ичкиликка берилиб, мен укаларимни ўқитдим, энди улар мени боқишсин, дея ота-онасига боқиманда бўлиб қолган. Нотўғри тарбия оқибатида фар­занд­дан ота-она ҳам безор.

Пастки қаватдаги йигитлар тўғри тарбия боис оталаридан эрта  қолишган бўлишса-да, оналарини, сингилларини жуда қадрлашади. Маҳаллада обрў-эътиборга эга. Мен нотўғри тарбия туфайли ҳаётини қийинлаштирган йигитни қоралай олмайман.

Бола қалби беғубор. Уни оппоқ қоғозга қиёслашади. Ана шу оппоқ қоғозни эзгулик, яхшилик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик каби миллий қадриятларимиз билан тўлдириш ота-она, бобо-бувининг оиладаги тарбиясига боғлиқ.

Миллий қадриятларимиз асосида аждодларимизга муносиб тарзда тарбияланган йигит-қизлар давлатнинг, жамиятнинг, миллатнинг бахти.  Фарзандлар тарбияси олдидаги масъулиятни ҳис этиш, мажбурият юкини англаш, аввало, Ватан, халқ олдидаги масъулиятни дилда туйиш билан бир қаторда фуқаролик бурчи ҳамдир.

 

Моҳира Шакарова, 

«Оила» ИАТ маркази Бухоро вилоят бошқармаси бош мутахассиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: