Home /   / Ҳaмжиҳaтликдa eнгaмиз!

Ҳaмжиҳaтликдa eнгaмиз!

Бугунги кунда инсоният ўз бошидан синовли кунларни ўтказмоқда. Гавжум шаҳарлар сийрак, олдинги жўшқин ҳаёт бироз тин олган. Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси бир муддат дунёни ҳаракатдан тўхтатиб қўйди.

Дунёнинг энг ривожланган давлатлари ҳам бу кўринмас бало олдида ожиз қолди. Бизда-чи? Бизда ҳукумат ҳамма нарсани ҳисобга олган ҳолда касалликка қарши курашиш ва унинг олдини олишга ҳаракат қилди.

Мамлакатимизда мазкур инфекция аниқланган илк кунлардаёқ, яъни 2020 йил 19 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат мураккаб даврда халққа ғамхўрлик қилишнинг яққол ифодаси бўлди. Зотан, мазкур фармонга асосан иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг даромадлари кескин камайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн. сўмлик Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилгани тарихий аҳамиятга моликдир.

Молия вазирлигининг 15 апрелдаги ҳисоботидан маълум бўлишича, ўтган даврда жамғармага жами 1 трлн. 596 млрд. сўм (157 млн. 700 минг доллар) келиб тушган. Жамғарма ҳисобидан 756 млрд. сўм (74 млн 700 минг доллар) харажат қилинган. Бунда энг кўп маблағ шифохоналар ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун сарфланган.

Бундан ташқари, ижтимоий соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига камбағал оилаларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун, жамоат ишлари жамғармасига банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун ва ижтимоий нафақаларни тўлаш учун маблағ йўналтирилган.

Карантин даврида қабул қилинган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат халқ саломатлигини асраш баробарида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва иқтисодиёт барқарорлигини сақлашда ҳар қачонгидан-да устувор аҳамият касб этди.

Давлат раҳбарининг 18 май куни қабул қилинган «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларнинг узвий давоми бўлди. Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти ва 100 минг­га яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади.

Мазкур фармонга асосан кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш жойлари, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, йўловчи ташиш, маиший хизмат кўрсатиш, биноларни, шу жумладан, банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш билан шуғулланувчи юридик шахслар 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан озод қилинадиган бўлди.

Айрим микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси камайтирилади. Микрофирма ва кичик корхоналардан 2020 йил 15 майгача ҳисобланган солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун жарималарни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади.

Булардан ташқари, фармонга мувофиқ моддий ёрдам олувчилар сони 10 фоиз ошириладиган бўлди. Унга кўра 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 июндан бош­лаб 10 фоиз оширилади.

Умуман олганда, карантин шароитида аҳоли ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида тақдим этилган имтиёзларнинг барчасини санаб ўтирсак, рўйхат анча узун. Сирасини айтганда, давлат ўз ғамхўрлигини намоён қилди.

Албатта, буларнинг барчаси халқимизни коронавирус офатидан эсон-омон олиб чиқиш ва ўз навбатида иқтисодий танглик вужудга келишининг олдини олишга қаратилган. Карантин шароитида Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қў­йиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳаракат номиданоқ ўзбек халқининг меҳр-оқибатли, тантилигини ифода этиб берди. Шу билан бирга, карантин даврида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларга асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилаётганидан ҳам халқимиз мамнун.

Шукурки, юртимиз тинчлиги, аҳолининг хавфсизлиги йўлида кўрилган чоралар натижасида бугунги кунга келиб пандемия хавфи чекина бошлади. Ўрнатилган чекловлар юмшатилиб, фуқаролар аста-секин одатий ҳаёт тарзига қайтмоқда.

Аммо бир нарсани тушунишимиз керакки, бу юртимизда карантин муддати тугади дегани эмас. Шундай экан, белгиланган қоидаларга амал қилган ҳолда қи­йинчиликларни биргаликда енгиб ўтамиз.

Гулчеҳра Максумова,
ТДЮУ таълим-тарбия маслаҳатчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: