Home / БОШ ПРОКУРАТУРАДА / Ҳамжиҳат халқ енгилмайди

Ҳамжиҳат халқ енгилмайди

Бугун халқимиз, жаҳон ҳамжамияти яна бир синовга дуч келди. Бу янги типдаги коронавирус инфекциясининг тарқалишидир. Инфекция аниқланган давлатлар, уни юқтирган одамлар сони кун сайин кўпайиб бораётгани энг аввало инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солишни талаб этмоқда.

Шу боис Ўзбекистонда халқимизни бу офатдан асраш, вирус аниқланган беморларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони мураккаб даврда халққа ғамхўрлик қилишнинг яққол ифодаси бўлди.

Зотан, мазкур фармонга асосан ҳозирги шароитда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида 10 трлн. сўм маблағнинг йўналтирилгани тарихий аҳамиятга моликдир.

Бундан ташқари, тадбиркорлар учун бюджетга тўланадиган солиқ ва ажратмалар кескин камайтирилди, баъзи йиғимларни ҳисоблаш ва тўлаш маълум муддатга тўхтатилди.

Хўжалик юритувчи субъектлар учун белгиланган бир қатор солиқлар бўйича пеня ҳисоблаш тўхтатилиб, солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайдиган бўлди.

2021 йилнинг 1 январига қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш ҳам тўхтатиб қўйилди.

Жисмоний шахслар учун мулк ва ер солиғи тўлаш муддати узайтирилди, уларнинг хайрия ташкилотларидан оладиган даромади солиқдан озод қилинди.

Короновирус сабабли карантинга жойлаштирилган ота­оналар, шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга нафақа тўлаш белгиланди. Бундай шахслар билан тузилган меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланди. Инфекцияга қарши курашга жалб қилинган шахсларни ҳам ҳар томонлама рағбатлантириш чоралари белгиланди.

Аниқ мақсадга йўналтирилган, ортиқча ваҳималардан холи тарзда жорий этилган карантин чоралари эса касалликнинг шиддат билан тарқалишига тўсиқ бўлмоқда.

Энг муҳими, шу кунларда меҳр-мурувват, саховат каби халқимизга хос хислатлар янада кўпроқ намоён бўлаяпти.

COVID-19 пандемиясига қарши курашда фуқароларимизни руҳан қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига тушаётган беминнат маблағлар ҳам бунинг далилидир.

Мазкур акция доирасида Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари ҳам ихтиёрий равишда ўз иш ҳақларининг бир қисмини мазкур фондга ўтказиб бердилар.

Албатта, давлатимиз ғамхўрлиги туфайли инфекция таъсирида ҳали ҳеч ким ҳеч нарсага муҳтожлик сезгани йўқ, бундай бўлмайди ҳам.

Бу каби акциялар оғир дамларда халқимизни янада жипслаштиради, ҳамжиҳатликни кучайтиради, ҳар қандай вазиятда ҳам ҳар бир инсон давлат ва жамият        эътиборидан четда қолмаслигининг исботи бўлади.

Бош прокуратура

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: