Home / Департамент фаолиятидан / Ҳамкорликда ҳикмат кўп

Ҳамкорликда ҳикмат кўп

2019 йилнинг 25-29 ноябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Мазкур тадбирда Евросиё гуруҳига аъзо давлатлар – Беларусь, Ҳиндис­тон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон вакиллари, кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Арманистон, Эрон, АҚШ, Сербия, Польша, Жанубий Корея, Туркия, Черногория, Мўғулистон вакиллари, шунингдек ХВЖ, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, ЕХҲТ, Интерпол, ФАТФ, БМТнинг Жиноятчилик ва гиёҳвандликка қарши курашиш бошқармаси, БМТнинг терроризмга қарши курашиш қўмитаси, МДҲ Терроризмга қарши курашиш маркази, МДҲ Ижроия қўмитаси каби халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлис доирасида ташкилотнинг ишчи гуруҳлари ҳамда МДҲга аъзо давлатлар Молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгашининг мажлислари ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Евросиё гуруҳига аъзо давлатларнинг жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан ахборот алмашилди.

Ялпи мажлисда Беларусни 2-раунд бўйича ўзаро баҳолаш ҳақидаги ҳисобот резюмеси тасдиқланди.

Ялпи мажлис давомида МДҲнинг Уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятлар бўйича мувофиқлаштириш бюросига Евросиё гуруҳининг кузатувчиси мақоми берилди.

Бундан ташқари, Евросиё гуруҳига аъзо давлатлар томонидан жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш соҳасидаги хавфларни баҳолаш тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди.

Мажлис доирасида Ўзбекистон делегацияси билан хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ўртасида жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан учрашувлар бўлиб ўтди.

Евросиё гуруҳининг 32-ялпи мажлисини ФАТФ билан ҳамкорликда 2020 йилнинг июнь ойида Хитойда ўтказишга келишилди.

Ўзбекистон делегациясининг бу каби халқаро тадбирларда иштирок этиши мазкур соҳадаги миллий тизим салоҳиятини оширишга, халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг кучайишига хизмат қилади.

Искандар АЛИМОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг бўлим катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: