Тезкор хабарлар
Home /   / Амалларнинг афзали

Амалларнинг афзали

MUNOSABAT.

Ота-она фарзанди учун борини, керак бўлса, жонини беришга тайёр. Бу шунчаки баланд парвоз гаплар эмас. Фарзанд гулзордаги энг нафис гул бўлса, ота-она шу гулзордаги боғбон саналади. Динимизда уларнинг дуосини олиш, хизматида бўлиш ва уларни ардоқлашга буюрилади.  Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

«Раббинг, ёлғиз Унинг Ўзи­га ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бириси ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма, уларни жеркма. Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотингни паст тут — ҳокисор бўл ва: — «Парвардигорим, мени гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин!», деб (ҳақларига дуо қил)!». (Исро сураси, 23-24-оятлар).

Демак, ота-онага яхшилик қилиш шу қадар улуғ амал эканки, Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги ўринда зикр этилмоқда. Шунинг учун фарзанд ота-онаси олдида ҳеч қачон «уф!…» тортиши керак эмас. Уламоларимиз оятдаги «уф!…»­ни шарҳлар экан, унда иккита маъно борлигини эътироф этишади. Биринчидан, ота-онага сўз айтиб, беҳурмат қилма, иккинчидан улар болам оғир аҳволга тушибди деб, озорланади, деганидир.

Ота-онага оқ бўлиш ҳолатлари кўп бўлиб, улар турли-туман кўринишларда намоён бўлади. Жумладан, ота-онага бақириш, жеркиб бериш, дилларини оғритиш, улар бирор сўз айтганларида ёхуд иш буюрганларида малолланиб «уфф» дейиш, улар ҳузурида қовоғи солиқ, пешонаси тиришган ҳолда юриш, уларга таҳқир ёки ғазаб назари билан боқиш, ўзи дам олиб, уларга иш буюриш ёки ишлатиш, улар тайёрлаган таомни ёмонлаш, ота-она гапираётганда улардан юз буриш ёки сўзларини бўлиш, ўзининг ёмон хулқи билан уйдан ташқарида бировларга азият етказиш орқали ота-онасига лаънат келтириш, обрўларини тушириш ҳам ота-онага оқ бўлишнинг айни ўзидир. Бу қотиллик, безорилик каби оғир жиноятлар содир қилиш, шунингдек, ўғирлик, товламачилик, порахўрлик каби оила шаънини ерга уриб, кишининг обрўсини туширадиган тубан ишлар билан шуғулланиш каби ишларда кўринади. Кўпинча бундай ишлар билан шуғулланувчи кимсаларнинг оқибати қамоқ ёки шармандалик билан якун топади. Бундай ҳолатлар ота-онанинг эл-юрт ичидаги шаънига, покиза номларига ювиб-кетказиб бўлмайдиган доғ туширади. Уларни ноқобил фарзандлари туфайли мислсиз ғам-қайғу ва шармандалик ичида қолишга, тик бошлари умрбод эгик бўлишга маҳкум қилади.

Ота-онага итоат этиш, уларга яхши муомалада бўлиш ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кўпгина ҳадислар ворид бўлган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиздан «Амал­ларнинг қайси бири афзал?» деб сўрадим. «Вақтида ўқилган намоз», дедилар. «Кейин нима?» дедим. «Ота-онага яхшилик қилиш» дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Сизларга кабира гуноҳларнинг энг каттаси нималар эканлигини айтайми?» — дедилар, — «(Кабираларнинг энг каттаси) Аллоҳга ширк келтириш кейин ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гувоҳлик беришдир».

Ислом умматининг барча уламолари ота-онага оқ бўлиш ҳаром ва унинг гуноҳи кабиралардан эканлиги борасида якдилдирлар. Ота-онасига оқ бўлган, яъни ота-онасига ўзининг итоатсизлиги, ёмон хулқи ва қўпол муомаласи билан озор етказувчи, улардан яхшилигини дариғ тутувчи фарзанд Аллоҳ таоло томонидан бу дунёда турли уқубатлар билан жазоланади:

  1. Унинг ризқи тор қилиб қўйилади, мабодо кенг бўлса ҳам бу истидрож бобидан бўлади. Яъни, агар ундай инсоннинг ризқи торайиш ўрнига кенгаяётган бўлса, аслида, бу унинг фойдасига эмас, зарарига бўлаётган, унинг янада туғёнга кетиб, гуноҳлар жарлигига чуқурроқ қулаши учун амалга оширилаётган бир тузоқ бўлади.
  2. Ота-онасига ёмонлик қилувчи кишининг умри ота-онасига яхшилик қилувчи, қариндошлари билан борди-келди қилувчи кишининг умридек узайтириб қўйилмайди.
  3. Унинг солиҳ амаллари Аллоҳ ҳузурига кўтарилмайди.
  4. Ундай кимсани Аллоҳ таоло ёмон кўради.
  5. Уни ўз аҳли оиласи ва қўни-қўшнилари ҳам севишмайди.
  6. Ундай инсоннинг ёмон хотима топиш эҳтимоли бор.
  7. Ота-онасига оқ бўлган инсонни Аллоҳ, фаришталар, мўминлар ҳам лаънатлайдилар.
  8. Дуоси ижобат бўлмайди.
  9. У ота-онасига қандай ёмон муомала қилган бўлса, худди шундай муомалани ўз фарзандлари ва набираларидан кўради.
  10. Ота-онасига оқ бўлган инсон агар тавҳид аҳлидан бўлса, жаннатга биринчилар қаторида киролмайди.
  11. Гарчи жаннатга кирса ҳам Аллоҳ унга назар қилмайди.

Аллоҳ таолонинг бир бандасига назар қилмай, «юз буриши» аслида мўмин киши учун энг катта жазодир. Набий (алайҳиссалом) дедилар: «Уч тоифа инсон борки, Аллоҳ азза ва жалла Қиёмат куни уларга боқмайди. Улар: ота-онасига оқ фарзанд, ўзини эркакча тутадиган аёл ҳамда даюс кишидир». Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Миннатчи, ота-онасига оқ фарзанд ва хамрга муккасидан кетган киши жаннатга кирмайди», дейилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, бир куни Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Хор бўл­син!.. Яна хор бўлсин!.. Яна хор бўлсин!..», — дедилар. Саҳобийлар «Ким (хор бўлсин), Ё Расулаллоҳ!», — дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ота-онасининг ҳар иккиси ёки бирига — уларнинг қарилик чоғида — етишгану, лекин (уларни рози қилиб) жаннатга кирмаган киши!», — дедилар.

Ота-онани ҳақорат қилиш эса улкан гуноҳ ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Амрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Одам боласининг гуноҳи азимларидан бири ота-онасини ҳақорат қилмоғидир! дедилар. Шунда: Ё Расулуллоҳ, одам ўз ота-онасини қандай қилиб ҳақорат қилади, дейишди. Бировнинг ота-онасини сўккан одам ўз ота-онасини ҳақорат қилган бўлур, деб жавоб бердилар.

Ота-она вафот этганидан кейин хам фарзанднинг улар олдидаги бурчлари тугамайди. Абу Усайд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг ҳузурига Бани Салама қабиласидан бир киши келди. Мен у зотнинг олдиларида эдим. Келган киши сўради:

— Ё Расулуллоҳ! Ота-онам ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишимдан бирор нарса қолдими? — деди.

Расулуллоҳ унга:

— Ҳа! Тўрт нарса қолди, уларнинг ҳаққига дуо қилмоғинг, уларга истиғфор айтмоғинг, икковларидан кейин ваъдаларини бажармоғинг, ота-онангдан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм  қилмоғинг. Бас, бунга амал қил! — дедилар.

Оила — Ватан ичра Ватан, инсон аталмиш буюк мавжудотлар тарбияланадиган мустаҳкам қўрғон. Ота-она санъаткор, бола санъат асари, тарбия жараёнининг ўзи эса бир мўъжизавий санъат.

Дунё мисли чархпалак. Ота-оналаримизни қанчалик ҳурмат қилсак, авлодларимиздан шунга яраша эъзоз топамиз.

Аллоҳ таоло барчамизни ота-онага яхшилик қиладиган, уларнинг дуосини олиб, дунё-ю охиратда бахту саодатга эришадиган инсонлар қаторидан қилган бўлсин, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўл­син!

Баҳодир АМИНОВ,

«Олтинхонтўра» жоме масжиди имом хатиби

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: