Home / Тавсия этимиз / Қаллоб қассоблар “ўйини”

Қаллоб қассоблар “ўйини”

Кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган гўштнинг нархи йил сайин ошиб бормоқда. Давлатимиз аҳолини ўйлаб, турли ресурсларни ишга солган ҳолда гўштнинг нархини ушлаб туришга ҳаракат қилаётганидан ҳам хабарингиз бор.

Дарҳақиқат, марказлардаги бозорларда мол, қўй, товуқ гўшти ҳамда балиқ маҳсулотларининг халқимизга имтиёзли нархларда етказиб берилишида давлат муҳим аҳамият касб этмоқда. Қайд этиш лозимки, амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар туфайли кам даромадли оилаларнинг ҳам қозонига гўшт тушмоқда. Қолаверса, бу билан бозорларда гўшт маҳсулотлари нархининг кескин ошиб кетишининг олди олинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 майдаги  «Ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари фаолиятини тартибга солиш ҳамда истеъмол бозорига гўшт ва гўшт маҳсулотларини етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори эса аҳолига сифатли гўшт етказиб беришда хизмат қилади.

Ноинсофлик ҳам эви билан

Бозорларимизда сотилаётган товуқ гўшти ҳамда балиқнинг сифати ва арзонлигини эътироф этиш лозим. Чунки бутун товуқ дейсизми ё лаҳм қисмими, исталган жойидан харид қилишингиз мумкин. Барака топгур сотувчилар харидорлар талабига кўра, товуқни бўлакларга бўлиб ҳам сотаяптилар. Балиқчилик хўжаликларидан тирик ҳолда келтирилиб сотилаётган балиқлардан харид қилсангиз ҳам, барака топасиз. Чўнтакбоп нархи-ю, мазасига ҳам эътироз йўқ. Уйга келтириб оилангиз билан мазза қилиб тановул қилганингиздан сўнг, уни етиштирганлар ва сотганларнинг ҳаққига дуо қиласиз. Лекин мол ва қўй гўштига нисбатан, афсуски, бундай таърифни бера олмаймиз. Боиси, расталарда арзонлаштириб сотилаётган мол ва қўй гўштидан харид қилаётган ҳамюртларимизнинг аксарияти пулини олиб, қўлларига тутқазилган гўштдан норози. Бунда гўштнинг сифатига эътироз йўқ, ҳамма гап унга қўшиб сотилаётган суякда.

Бир танишим дийдиё қилиб қолди, арзон сотилаётган гўштларга четдан суяк олиб келиб, қўшиб сотишаётган эмиш. Кейин ўзи гувоҳ бўлган воқеани айтиб берди. «Онамнинг туғилган кунида уйимда кичикроқ йиғин қилдим», деб гапини давом эттирди у. «Аёлим бозордаги арзонлаштириб сотилаётган гўштдан оламиз, деди. Мен ҳам унинг гапига хўп, дебман. Хуллас, бир йил аввал турмуш ўртоғим ва ўғлим билан пойтахтимиздаги Миробод деҳқон бозорига бордик. Гўшт арзон сотилаётган растага келиб, савдо қилаётган йигитга 5 килограмм гўшт бер, десам, у бир кишига 2 килограммдан ортиқ сотиш мумкин эмас, деди. Мана биз уч кишимиз, майли, 6 килограмм беравер, дедим. У рози бўлди, фақат 2 килограммдан алоҳида-алоҳида қилиб тортиб беришини айтди. Бу ерда гўшт бошқа дўконларга ва супермаркетларга нисбатан анча арзон бўлгани учун унинг талабига рози бўлдим. Нимталаб қўйилган гўштдан икки бўлагини тарозига қўйди, ичимда арзон гўшт бўлса ҳам зўр экан, деб қўйдим. Чунки тарозига тушган гўшт бўлакларининг суяги ўзи билан, супермаркетларда сотилаётган гўштдан кам жойи йўқ эди-да. Бир пайт гўшт сотаётган йигит иликли суяк ҳам қўшамиз-да, деб рас­танинг тагидан муштумдан каттароқ суякни ҳам тарозига қўйди. Бу ҳам камлик қилди шекилли, сотувчи растанинг тагига яна қўл узатиб, бир суякни олди-да, буниси пайли, шўрвага солсангиз, хаш бўлади, деб уни ҳам бояги икки бўлак гўштнинг устига қўйди. 2 килограммдан сал ошди, фалон сўмлик бўлди, деди. Ука, гўштга кўп суяк қўшилмадими, деб эътироз билдирсам, ака, арзон гўшт топиб келишнинг ўзи бўлмаяпти, шунга озгина суяк қўшмасам, олган пулим ҳам чиқмайди-ку, деб дўқ ҳам уриб қўйди.

Хуллас, уйга келиб икки килограммдан қилиб тортилиб, учта қора целлофан пакетга солинган гўштларга қўшилган муштумдек-муштумдек суякларни олиб, қолганини тарозига қўйдим. «Шоввоз» нақд икки килограммдан ошиқ «тақир» суякни гўштга қўшиб ўтказибди. Бу суякларни лаҳм гўштга қўшиб берганда ҳам алам қилмасди. Қолган гўштни олган пулимга чақсам, супермаркетнинг гўштидан ҳам қимматга айланди. Қолаверса, гўштни сотувчилар эмас, балки чорвадорлар имтиёзли нарх­да ем харид қилиш учун бозорларга келтирар экан», деб танишим тиззасига бир шапати уриб қўйди.

Унинг гапларини эшитиб, елка қисдим-да, ичимда наҳотки, дея бунинг тагига етишни мақсад қилдим. Бир пайтлар бозорда гўшт сотган дўстимнинг ёнига бориб, ундан бунга изоҳ сўрадим. «Қўй сўрама, ўзим ҳам ўша пайтлар шунинг орқасидан пул топганман, ке­йин билсам, одамлар роса норози бўлган экан», деди. Қистовга олаверганимдан кейин у бошидаги қалпоғини қўлига олиб, бошини бир қашлаб олдида, аста гап бошлади.

Марказий деҳқон бозорларига навбати билан чорвачилик фермер хўжаликлари томонидан мол, қўй, товуқ гўшти ва тухум етказиб берилади. Бу маҳсулотларни арзон нархда етказиб бергани учун давлатимиз томонидан уларга имтиёзли нархда ем маҳсулотлари берилади. Улар гўштни бозорга келтириб беради ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, пулини олади ва ортига қайтиб кетаверади.

Мол гўшти сотадиган «шов­воз»лар эса ҳар килограмм гўштга йўқ деганда, 300 грамм­дан суяк қўшиб сотади. Шунинг ортидан яхшигина даромад қилишади. Қўй гўшти сотадиганлари эса ташқаридан чарви ёки буйрак ёғи олиб келиб, гўштга қўшиб сотишади. Чунки чарви ва буйрак ёғларини кўтарасига олсанг, гўштга нисбатан анча арзон тушади. Мен ҳам ўша пайт­ларда шу йўл билан пул топиб юрдим, лекин бирим икки бўлмади, биздан гўшт олганларнинг аксарияти норози бўлган экан-да!..

— Ҳозир бу усулдан гўшт бозорларида ва турли дўконларда одамларга арзон гўшт таклиф қилаётган барча қассоблар фойдаланиб, одамларга гўшт сотишаяпти, — деди супермаркетдан гўшт харид қилаётган, ўзини Ғайрат Нишонов, деб таништирган фуқаро. — Гўштни арзон сотадиган ўша «Элга хизмат» ва «Чорсу»даги расталардан ҳам олдим. «Катта суяги»ни олиб, ҳисоб-китоб қилсангиз, супермаркетдаги гўштнинг нархидан ҳам ошиб кетади.

Маҳалламизда қорамол боқадиган хонадон эгалари байрамлар арафасида ўзлари бўрдоқига боққан молларини сўйиб сотишади. Улардан қанча гўшт олсангиз ҳам алоҳида катта-катта қўшиладиган илик ёки пай суякларини кўрмайсиз. Чунки улар ташқаридан суяк олиб келишмайди-да. Гўшт нимталанганда, сўйилган молнинг суяклари гўшт бўлакларига мосланиб, тақсимланаверади. Истеъмолчи эса уни ўзининг таъбига қараб гўштдан ажратиб олаверади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, агар бир килограмм гўштга 300 грамм суяк қўшиб сотилса, 200-250 килограмм гўштга 60 килограммдан ошиқ суяк қўшилади-ку! Ноинсофлик шунчалик бўладими?!

Мол боқаяпмиз-у, фойдасини қассоблар кўраяпти

— Жиянларим мол боқиб, ҳалол тирикчилик қилиб турувди. Дабдурустдан бошқа иш қилмоқчи эканликларини эшитиб қолдим-да, нима гаплигини сўрадим, — деди хусусий чорвадор Илҳом Тўлаганов. — Тоға, мол боқиш қийин бўлиб қолди, емиши қиммат, хизмати оғир, устига-устак, ўлиб-тирилиб, гўнгга беланиб, мол боқаяпмиз-у, фойдасини қассоблар кўраяпти. Сўйиб берсангиз ҳам, оёғида бозорга олиб чиқсангиз ҳам аҳвол шу, деб нолишди улар. Ўзим ҳам мол боқаман, уларнинг гапидан ке­йин ўйлаб қолдим, кейин ҳисоб-китоб қилдим. Ҳақиқатдан ҳам машаққат чекиб, мол боққанга, ҳеч фойда қолмаслиги рост экан. Ўзимиз гувоҳи бўлганмиз, авваллари ҳам қассоблар чорвадордан молларни сўйиб олардилар. 200-250 килограмм тош босган молдан 4-5 килограмм «скидка» олишарди, холос. Калла-поча, териси ва ички органларига назарини ҳам солмас эди. Ҳозирги қассоблар-чи? Калла-поча, териси, ички органлар, думғазани ҳам олишади. Ҳатто 4-5 килограмм «скидка» сўровчилари ҳам бор. Нега бундай, деб сўрасангиз, ўзи шундай, ака, ҳамма жойда шу, дейди.

Хуллас, 1-2 кунда қассоб 250-300 килограммлик молдан камида бир миллион сўм соф фойда қилаяпти. Чорвадор эса бир молни эт олдириб, пичоққа илинадиган қилгунича 4-5 ой боқади, аммо ҳозирги шароитда меҳнатига яраша даромад қила олмайди. Дўппини бир четга қўйиб, ҳисоб-китоб қилсангиз, фойда югурганники эмас, буюрганники бўлаяпти, — деб куюнди И.Тўлаганов.

Қассобларда тарқалаётган «эпидемия»

— Ёшлигимдан чорвачиликка қизиққаним учун мол боқиб, тадбиркорлик қилаётган одамлар билан тез-тез суҳбатда бўлиб тураман. Авваллари эвини қилиб, бир вақтда 50 тагача ҳўкизни бўрдоқига боқардим, — дейди хусусий чорвадор Шукур Усмонов. — Ҳозир бу рақам тўрт мартага кама­йиб кетди. Йилдан-йилга мол семиртириш қийинлашиб кетаяпти. Биринчиси, ем-хашак, яъни чорва озуқаси нархининг кескин қимматлашиб кетгани бўлса, иккинчиси, қассоблар орасида тарқалаётган «эпидемия». Маълумки, қассоблар семирган молни эгаси билан келишиб, сўйиб олишади. Тарозига тушган гўшт­нинг пулини узоғи билан 2 ҳафтада олиб келиб беришни ваъда қилишади. Лекин шу билан қассобнинг «соя»сини ҳам кўрмайсиз. Ишонасизми, ҳозирги кунда ўзи лафз қилган муддат ичида молингизнинг пулини олиб келиб берадиган қассоблар деярли қолмади. Қанча семиз молингиз бўлса, олаверади, лекин пулини беришга келганда… Афсусланарлиси, сиз гўнгга ботиб боққан молингиздан жарақ-жарақ даромад қилади-ю, пулини вақтида бергиси келмайди. Минг истиҳола билан 2 ҳафта эмас, бир ойдан кейин қўнғироқ қилиб, молнинг пулини сўрасангиз, эртага ёки индинга олиб бораман, дейди. Аммо бунақа эрта-индинларнинг неч­таси ўтиб кетади ҳамки, пулингиздан дарак бўлмайди. Ноинсоф қассоб чорвадорнинг маблағи ҳисобига яшаб юраверади. Шундай қассоблардан бир неча йил аввалги молларимнинг пулини ҳам ололмайман. Шунинг учун ҳам одамлар мол боқиб, семиртиришдан безиб бораяпти. Шу сабабли мол боқувчилар, айниқса, гўшт учун сўйилаётган этли моллар камайиб кетди, — деб ўксинди Ш.Усмонов.

Ахир бу адолатсизлик, ноҳақлик, қолаверса, талончилик эмасми? Инсоф, диёнат, ишонч деган тушунчалар қаёққа кетди? Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай огоҳлантирган: «Эй имон келтирганлар, молларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз»  (Нисо сураси, 29-оят). Уламоларимиз ҳам ҳалол савдо қилишга, инсофли бўлишга, бош­қаларнинг ҳақига хиёнат қилмасликка чақиради. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам ўзларининг муборак ҳадисларида: «Ким алдов йўли билан бошқанинг ҳақини олса, Аллоҳ таоло уни жаҳаннамга жўнатади», деганлар.

Хуллас, мол боққанлар учун шундай муносабат давом этаверса, келажакда семиз молларнинг гўштига эмас, балки яйловдан тўғри кушхонага келтирилган, семизлиги ҳаминқадар молларнинг гўштига кунимиз қолади.

Давлатимиз одамлар ҳавас билан мол боқсин, кўпайтирсин, гўшт арзон бўлсин, деб ҳаракат қилаяпти, аммо юқорида келтирилган муаммолар бундай ҳаракатларга яхшигина ғов бўлмоқда. Айни вақтда республикамизда мавжуд йирик шохли қорамолларнинг 94 фоизи, майда шохли моллар — қўй ва эчкиларнинг эса 84,8 фоизи шахсий хўжаликлар қарамоғида эканини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳукумат томонидан ушбу муаммоларга ечим топилиши лозим. Яъни аҳоли қўлида боқилаётган чорва молларини гўшт учун сотиб олишда давлатимиз томонидан тегишли талаблар қўйилган. Эндиликда эса улар рўпара келаётган мазкур муаммоларни бартараф қиладиган тегишли ҳужжатлар қабул қилиниши керак, деб ўйлаймиз.

Бу билан қассобларнинг топаётган даромадига соя ташлаш ниятидан йироқмиз. Фақат ҳаммаси инсоф ва адолат чегарасида бўлишини истардик.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: