Home / Жиноят ва жазо / Қалбаки гувоҳнома

Қалбаки гувоҳнома

Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ЙҲХ ходимларининг қоидабузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш борасидаги масъулияти кучайтирилмоқда.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори «Хундай» русумли енгил автомобилни тўхтатди. Ҳайдовчи Илдам Тоҳиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) сўралган гувоҳномасини берар экан, огоҳлантириш талонини йўқотиб қўйганини айтди. Инспекторда гувоҳноманинг ташқи кўриниши, ундаги ёзувлар, босилган муҳр шубҳа уйғотди. Холислар иштирокида гувоҳномани  ашёвий далил сифатида олиб расмийлаштирди. Уни суд-техник криминалистик экс­пертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор билан  вилоят ИИБ эксперт-криминалистика бўлимига топширди.

Гувоҳнома микроскоп билан кўздан кечирилганида ҳимоя воситалари тасвири йўқлиги, ҳужжат компьютер техникасидан фойдаланиб, сканер ва фотошоп дастури орқали тайёрлангани, қалбакилиги аниқланди. Қалбаки ҳужжатдан фойдаланган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ўттиз бир ёшга кирган ҳуқуқбузар муқаддам икки марта жиноий жавобгарликка тортилган. Иккинчи марта ярашув асосида жиноят иши тугатилган. У енгил машинада йўловчи ташиш билан шуғулланган. 2017 йили йўл ҳаракати қоидаларини бузган И.Тоҳиров икки йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган экан. Компьютерни яхши билган ҳуқуқбузар бошқа ҳайдовчилик гувоҳномасидан нусха олиб, унга ўзининг анкета маълумотларини киритиб, қалбаки гувоҳнома ясаб олган, сўнгра хорижга чиқиб кетган. Москва шаҳридаги «Яндекс» фирмасига қарашли такси паркида салкам бир йил ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Ўзбекистонга қайтиб келганидан кейин ҳам қалбаки гувоҳнома билан  енгил автомобилни бошқариб юраверган.

ЙҲХ ходимининг синчковлиги билан ҳуқуқбузарлик бартараф этилди. Суд мажлисида расмий ҳужжатни қалбакилаштириш ва ундан фойдаланишдан иборат қилмишига тўлиқ иқрор бўлган  И.Тоҳировга икки йил муддат транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган холда икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Жасурбек Тўйчиев,

Марғилон шаҳар прокуратураси катта терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: